Меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, олижаноблик, меҳнатсеварлик каби
хислатлар оилада барқарор бўлса, вояга етаётган фарзандда ҳам шу хусусиятлар
шаклланиб боради.
«Қуш уясида кўрганини қилади». Асрлар давомида тилдан-тилга кўчиб
келаётган бу мақол замиридаги ҳақиқатни англашимиз зарур. Бола биринчи
навбатда ота-онасидан ўрнак олади, улар нима дейишса, шуни қилади. Аммо ҳар
ким ўз муаммоси билан овора бўлган бугунги кунда оила бутунлигини сақлаш,
болаларга керагича меҳр бериш ҳам қийин бир юмушга айланиб қолган.
Фарзандлари тарбияси учун ҳатто вақт ажрата олмайдиган, ота-оналик бурчини
унутиб қўйганлар ҳам, афсуски, топилади. Айниқса, оналарнинг бу борадаги бурч
ва масъулияти катта. Шу боис, илмли аёллар фарзандларига замон талабига мос
тарбия беришдек юксак вазифани зиммаларига оладилар. Бу шарафли ва улуғ
вазифа эканлиги баробарида, машаққатли меҳнатни ҳам талаб қилади.