Ўзбекистон республикаси


Аҳолининг ижтимоий турмуш тарзидаги муаммолари



бет25/50
Дата06.01.2022
өлшемі0,89 Mb.
#16837
1   ...   21   22   23   24   25   26   27   28   ...   50
3.2. Аҳолининг ижтимоий турмуш тарзидаги муаммолари
Демографик жараёнларни ўрганишда ҳудуд аҳолисининг таркиби ва демографик вазият истиқболини илмий асослаш ҳолатлари таҳлили ҳам ниҳоятда зарур. Чунки, башорат орқали демографик сиёсатнинг асосий тамойилларидан бўлган аҳолининг миқдорий ўсишини бошқаришдан иборат чора-тадбирларни ишлаб чиқишга имконият яратилди. Аҳолининг ижтимоий турмуш тарзини ошиб боришини таҳлил этишда статистик, тарихий таққослаш, харитаграфик, социалогик, математик ва мантиқий фикрлар муҳим аҳамиятга эгадир271. Маълумки, ҳар қандай мамлакат аҳолисининг ижтимоий таркиби ўша мамлакатда ҳукмрон бўлган сиёсий тузумнинг ўзига хос хусусияти билан белгиланади. Жанубий ҳудудлардаги аҳолининг ижтимоий турмуш тарзининг ўсиши аҳолининг ижтимоий-синфий таркибининг ўзгаришига сабаб бўлади. Аҳолининг ижтимоий таркиби унинг синфий таркибига нисбатан кенгроқ тушунчадир. Аҳолининг ижтимоий таркиби дейилганда, аввало, унинг машғулот ёки касб-кор асосида бирлашган гуруҳлари тушунилади.

Амирлик аҳолисининг ижтимоий таркибини баён этганда шу нарсани таъкидлаш лозимки, ижтимоий қатламди асосан деҳқонлар, кўчманчи чорвадорлар, шаҳарликлар (ҳунармандлар,савдогарлар,судхўрлар, хизматчилар, ишчилар) ва 45 минг кишидан иборат дунёвий ва руҳоний феодаллар, бойлар, руҳонийлар ва ўқувчи мулловаччалардан ташкил топган эди272. Ўтроқ аҳоли умумий яшайдиганларни 65 фоизини, кўчманчилар – 20 фоизни ва яримкўчманчилар 15 фоизни ташкил этган273.

Мамлакат аҳолисининг умумий сонидан асосий моддий бойликларни ишлаб чиқарадиган деҳқонлар 31 фоизни ташкил этишган274. Россия мустамлакаси даврида, асосан ХХ аср бошида, амирликда капиталистик муносабатлар шаклланиб, миллий буржуазия ва замонавий савдо қатлами пайдо бўла бошлади. Бухор амирлигида ХХ аср бошида, дастлаб шаклланаётган ишчилар, корандалар ва косиблар сонини қўшиб ҳисоблаганда, 20-21 минг кишига етиб, бу амирликнинг жами аҳолисининг 0,7 фоизни ташкил этган. Шундай қилиб, моддий бойликларни бевосита ишлаб чиқарадиганлар мамлакат аҳолисининг 92 фоизини ташкил этган.

Ночор аҳоли мунтазам тарзда Бухоронинг дунёвий ва диний феодаллар ва рус буржуазияси томонидан қаттиқ эксплуатация қилиниб. улар ҳар қандай ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқлардан маҳрум бўлган қул эдилар. Юқори табақани ташкил этувчи амалдорлар жами аҳоли сонининг 8 фоизини ташкил этиб, булар асосан амалдорлари, яъни дунёвий ва диний қатлам ҳамда судхўрлар, савдогарлардан иборат эди. Уларнинг қўлида бутун сиёсий, иқтисодий ва маъмурий ҳокимият жамланиши билан бирга жазо кучлари – миршаблар ва сарбозлар (қўшин) ҳам қўшилган эди. Уларни Россия ҳукумати ҳам ўзининг қуролли кучлари билан қўллаб-қувватлаган. Рус ветеринар врачи 1914 йил январда бухоролик деҳқон солиқ пулини тўлаш учун ўз қизини сотганлигига гувоҳи бўлганлигини ёзма маълумотида қайд этади.. “... Бир ўзбек боқимондачи, - ёзади у, - бек амалдорининг талаби билан ўз қизини 400 рублга сотди...”275.

Аҳолининг камбағал қисмининг ижтимоий аҳволи ночорлиги туфайли камбағаллар ўз болаларини арзимаган пулга сотганлигшини ёки қарздорлигини қонлаш учун қарзга бериб бир умр қулга айланганлиги одатий ҳол бўлганлигини ёрқин ва ишонарли қилиб С.Айний “Одина ёки камбағал тожикнинг саргузаштлари”, “Судхўрнинг ўлими”, мумтоз романлари “Дохунда” ва “Ғуломо” (“Қуллар”) каби асарларида баён этиб ўтган.

Шундай қилиб, мамлакатда кўпчиликни ташкил этган Бухоро қишлоқ камбағалларининг ижтимоий аҳволи ҳаддан ташқари оғир бўлиб, қаттиқ феодал зулм остида яшаб. улар феодал давлат, дунёвий ва руҳоний феодаллар ва дин пешволари томонидан эзилар эдилар.

Айниқса аёвсиз зулмга шаҳар ва қишлоқ халқи амир Абдул-Аҳад даврида маҳкум этилдилар. Чунончи, 1891 йиллда Шаҳрисабз ва Китоб аҳолиси Туркистон генерал-губернаторига Амир Абдул-Ахад жабридан дод деб арз қиладилар. Унда аҳоли амирнинг бераҳмлилиги ва очкўзлигини кўрсатиб, Шаҳрисабзга юриш қилганида у билан бирга борган қўшинларнинг талончилик ҳаракатлари ҳақида ёзганлар, амир одамлари уларнинг ўғилларини, қизларини куч билан тортиб олиб, бадном ва шарманда276 қилганликларини таъкидлаганлар. Арзда яна хабар берилганки: “Шу пайтгача биз чидам билан амир етказган ранж-алам ва жабр-зулмларига бардош бериб келдик, у бизнинг чекка қишлоқларга тез-тез келиб биз ҳимоясизларга шунчалар жабр, ҳақорат ва зулмлар қилдиким, унга нисбатан бизда нафрат уйғонди...”277. Арз қуйидаги сўзлар билан тугаган: “Охир-оқибат, ҳеч жойдан ҳимоя тополмай, уни Россия императори ҳукуматидан топишга умид қиламиз. Сизга, консулга бизни ҳимоя қилинг деб мурожаат қиламиз... бизни амир-мустабиддан унинг зўравонлик ва зулмларидан озод этинг”278. Бу арз ташқи Вазирлигига юборилади у эса бу ҳақида подшога етказилди279. Подшо Бухородаги сиёсий агент орқали ташқи ишлар вазирлигига амирга зулм ва зўравонликни четлашни таклиф этишни топширади, аммо бу “... дўстона...” маслаҳатга қарамай феодал зулми йилдан йилга ортаверади.

Х1Х аср 80-йилларининг охири ва 90-йилларида амирликда меҳнаткашларнинг бир қатор ғалаёнлари юз берди. Меҳнаткашларнинг ўзининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашиш учун бўлган кураши ХХ аср бошида анча кучайди. 1900 йилда, масалан, Келиф, 1901 йилда эса Денов бекликларида деҳқонларнинг амир маъмуриятига қарши чиқишлари бўлиб ўтди. 1902 йилда Қўрғонтепа деҳқонларининг ўз беки ва унинг амалдорларига қарши кураши жуда кескин тус олди280. Кураш шу нарса билан тугадики, бек ўзининг бир неча амалдорларини алмаштиришга тўғри келди. Шундай қилиб, ХХ асрнинг илк йилларидаёқ Бухорода синфий курашларнинг кескинлашуви остида ўтди. Денов, Қарши, Шаҳрисабз ва бошқа бекликларда деҳқонлар солиқ тўлашдан, меҳнат мажбуриятидан, қарзларни тўлашни бош тортдилар, бой ва маҳаллий маъмурият вакилларининг уйларига ҳужум қилдилар.

Чор Россияси ва Совет ҳокимияти йилларида аҳолининг ижтимоий турмуш тарзи эътибор маълум маънода ошган бўлсада жанубий ҳудудлардаги маҳаллий аҳолисини ўз манфаатларига мослаштириш соҳасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Чор Россияси ва Совет ҳукуматининг асл мақсади демографик жараёнларни ҳисобга олган ҳолда, ўз манфаатлари учун пахта мустақиллигига эришишга ҳаракат эди. “Чор Россияси 52 йил ичида пахта мустақиллигига эриша олмади, Совет ҳукумати эса 15 йил ичида, яъни 1932 йилда пахта мустақиллигига эришиб, Иттифоқ миқёсида етиштирилган пахтанинг 65 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келди”281. Совет ҳукумати томонидан аҳолини кўчириб жойлаштириш, миллий ўлкаларга Россиядан кўплаб турли миллат вакилларини кўчириб келтириб, мутахассис сифатида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга бўлган уринишлари натижасида, аҳолининг сиёсий онгига халқлар дўстлиги тушунчаси сингдирилди, социализмнинг афзалликларини кўрсатиш мақсадида ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётга оид тадбирлар амалга оширилди. Демографик жараёнлар таҳлили яна шуни кўрсатадики, аҳолининг ижтимоий турмуш тарзини яхшилаш баҳонасида ўтроқ халқлар маданиятини ўрганиш билан бирга, уларга ёт бўлган ташқи, коммунистик мафкурага асосланган маданиятни сингдиришга алоҳида эътибор берилди.

Аҳолининг ижтимоий турмуш тарзига таъсир этувчи маданий-маиший қурилмалар, уй-жой муаммоси билан боғлиқ масалалар алоҳида назоратга олинди. Шунингдек, жанубий ҳудудларда аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида қироатхона, қизил чойхона, ҳаммомлар қурилишига маълум маънода эътибор берилиб, маҳаллий аҳолини Совет мафкураси таъсирида ушлаб туриш учун, Совет ҳукуматига қарши чиққан гуруҳларни кўчириш, қатағон қилиш, колхоз мулкларини ўғирлаганларни жазолаш каби ҳолатлар билан бир қаторда, кўчирилган, сургун қилинганларни орқага қайтишларига қарши жазо чоралари ҳам олиб борилди. Демографик жараёнларни таҳлил этишда ҳукуматининг жанубий ҳудудлардан мажбурий кўчирилган аҳолини ўз ватанига қайтганлар ҳам аниқланди. Масалан, 1934 йилда Молотов районидан Деновга 12 киши, 1936 йилда Наманган районидан Жарқўрғонга 25 киши, Сариосиёга 25 киши, Деновга 25 киши, Қўқондан Деновга 25 киши, Термизга 25 киши қайтди282. Ушбу орқага қайганлар Совет ҳукумати томонидан қаттиқ назорат остига олиниб, рухсатсиз кўчиб келганларни жазога тортиш орқали халқни ҳуқуқий жиҳатдан қўрқитиш сиёсати ўтказилди. Совет ҳокимияти йилларида аҳолини ўз таъсирига олиш, бўйсундириш мақсадида бир қатор ижобий ишлар қилиниб, аҳоли касб-кори ва машғулотида катта ўзгаришлар юз берди. Жанубий ҳудудларда, жумладан, Сурхон воҳасида аҳоли жон бошига тўғри келадиган уй-жойни тўрт-квадрат метрдан олти квадрат-метрга етказилди, бир ёшгача бўлган болалардаги хасталик 8,5 фоизга, 6 ёшгача бўлган болалар орасида эса 9,3 фоизгача камайди. Шунингдек, жон бошига 7-9 квадрат метр уй-жой тўғри келадиган хонадонларда юрак ва асаб касалликлари икки ҳисса камайиши ҳам аниқланган. Демографик жараёнларни илмий таҳлил этиш чоғида уй-жойларининг тозалигини сақлаш чора-тадбирлари ҳамда соғлиқни сақлаш бўйича тартиб-қоидаларига мувофиқ келадиган хонадон соҳибларининг ўз корхоналаридаги иш унуми уй-жой ҳажми талабларга жавоб бермайдиган хонадон эгаларининг меҳнат унумига нисбатан анча юқори бўлиши исботланган283.

Оилада туғилиш жараёнини назоратга олиш мақсадида ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган тадбирлар амалга оширилди, оила бюджетини шакллантириш масаласи аста-секинлик билан изига тушириб борилди. Чунки оилада нормал соғлом муҳитни вужудга келтириш масаласи онгли турмуш тарзининг асосий таянчидир. 1920-1930 йилларда туғилган аёлларнинг ҳомиладорликнинг олдини олувчи воситалар ҳақидаги билимлари кекса аёлларга қараганда бир мунча кенгроқ эди. Лекин уларнинг таркибида маҳаллий миллат аёлларининг салмоғи нисбатан камроқ. Масалан, Термиз шаҳрида сўралган жами аёлларнинг 57,0 фоизини ўзбек, тожик, қозоқ, туркман каби миллат вакиллари ташкил этган бўлса, ҳомиладорликнинг олдини олувчи воситалардан фойдаланувчи аёллар таркибида эса, уларнинг салмоғи 18,2 фоиз бўлган, ҳалос. Сурхондарё вилоятининг Денов, Шўрчи, Шеробод районлари қишлоқларида ҳам ана шундай ҳолни кузатиш мумкин. Сўралган аёлларнинг 67,4 фоизи маҳаллий миллат вакиллари бўлган ҳолда, уларнинг салмоғи оилада фарзандлар туғилишини тартибли бошқараётган аёлларнинг 18,0 фоизини ташкил этган. Рус ва бошқа европалик миллатларга мансуб аёлларда фарзандлар туғилишини бошқариш жараёни кенгроқ тарқалган284.

Юқорида маълумотлар ижтимоий-демографик жараёнларини ўрганишдаги маълумотларга асосланиб келдирилди. Улар республикада оилани режалаштиришга бўлган ҳаракатлар шаҳар оилалари билан қишлоқ оилаларида фарқ қилиши ва бундай ҳаракатларнинг шаҳар муҳитида кенгроқ тарқалаётганлигидан далолат беради. Фикримизнинг далили сифатида, Ўзбекистоннинг 1930-1935 йилларда жанубий ҳудудларидан олинган маълумотларни келтирамиз. Сурхондарё вилоятининг шаҳарларида ҳам, қишлоқларида ҳам оилани режалаштириш Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига қараганда камроқ кузатилди. Масалан, 1939 йил Сурхондарёда тадқиқотга қатнаган фарзанд кўриш давридаги хизматчи аёлларнинг 63,7 фоизи, ишчи аёлларнинг 64,5 фоизи, қишлоқ хўжалигида банд бўлган аёлларнинг ва уй бекаларининг эса 43,7 фоизи оилада фарзандлар туғилишини бошқаришга ҳаракат қилишган285.

Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида оилани режалаштиришдаги муҳим ўзгаришлардан бири ижтимоий rypyxra мансуб аёллар орасида ҳам кенг ёйила боришидир. Агар Сурхондарё округида 1926 йилда ўтказилган тадқиқотда оилани режалаштириш, асосан қисман хизматчи ўзбек аёлларида кузатилган. Масалан, 1937 йилда ўтказилган тадқиқотда тўлиқсиз ўрта ва ўрта маълумотли қишлоқ хўжалигида банд бўлган аёллар ва уй бекаларининг 24- 31 фоизи оилада фарзандлар туғилишини бошқарган бўлсалар, бундай аёллар салмоғи 1938 йил тадқиқотда 32-36 фоизни ташкил этган286.

1935-1939 йилларда оилада фарзандлар туғилишини бошқариш республиканинг қишлоқларида ҳам мунтазам тарқалиб бориши шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутнинг бир мунча сабабчи омиллардан бўлди. Шундай қилиб, статистик маълумотлар, 1925, 1937 ва 1940 йилларда ўтказилган махсус ижтимоий-тарихий демографик тадқиқотларнинг кўрсатишича, ўзбек оилаларида фарзандлар туғилишини бошқариш-оилани режалаштириш жараёни аста-секин кўпайиб борган. Бунинг асосий омиллари, бир томондан, республикада аёлларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришдаги ролининг ошиб бориши, ҳомиладорликдан сақлайдиган воситаларнинг кенг тарқалиши ва уларнинг тарғибот-ташвиқот этилишининг фаоллашуви бўлса, иккинчи томондан, янги иқтисодий ривожланиш, турмуш тарзининг ўзгариб бориши ва оиланинг фарзандга бўлган талабининг қисқариб боришидир. Ўзбекистонда оилани режалаштириш жараёнининг кенг тарқалиб бориши, оилада туғилаётган болалар сонининг катга авлоддан ёш авлодга ўтиб борган сари камайиб бораётганлигида ҳам кузатилди. Ижтимоий-демографик жараёнлари бўйича тадқиқотларнинг кўрсатишича, 1900-1910 йилларда туғилган ўзбек аёллари ўзининг фарзанд кўриш даврида ўртача 9-10 тадан фарзанд кўрган бўлса, 1911-1939 йилларда туғилган аёллар 6-7 тадан фарзанд кўришган287. Сурхондарё вилоятида 1934-1939 йилларда туғилган аёлларнинг эса оиладаги фарзандлари сони ўртача 4-5 тани ташкил этган288. Вилоятда 1935-1939 йилларда туғилган қишлоқ аёлларининг 42-47 фоизи оилада 5-8 ва ундан ортиқ фарзанд кўришган289.

Республикада туғилиш суръати бўйича ўтказилган ижтимоий тадқиқотларда оилада фарзандлар сонига бўлган муносабат ўрганилган бўлиб, унда тадқиқотда қатнашган барча аҳолига «Сизнингча, оилада нечта фарзанд бўлгани маъқул?» деган савол билан мурожаат этилган. Ушбу саволга 1927-1940 йилларда туғилган республиканинг шаҳар жойларида истиқомат этувчи ёшлар 2-3 та, ўлканинг қишлоқ жойларида истиқомат этувчи тенгдошлари эса бу саволга 3-4 та деб жавоб беришган. Республикамизда аҳоли ва меҳнат ресурслари ҳар йили тобора ўсиб бориши натижасида аҳолининг асосий қисми қишлоқларда истиқомат қилиб, ўз аждодлари қадимда яшаб келган жойларга боғланганлиги ҳамда кўчиб юришга мойилликнинг йўқлиги республика аҳолисига хос ҳусусиятдир290.

1897 йил ўтказилган биринчи аҳоли рўйхати маълумотларига кўра, республикада аҳоли сони (Бухоро ва Хива хонликларини ҳисобга олмаганда) 3,3 млндан 1900 йил 4.0 миллионга етган ёки йилига ўртача 0,6 фоизга кўпайган, холос. Мамлакатда истиқомат қилаётган 1000 нафар аёлга 1215 нафар эркак тўғри келган. Шунингдек, ушбу йилларда шаҳар аҳолиси мамлакат миқёсида 743 минг (барча аҳолининг 18.8 фоизи), 1913 йил 1060 минг (24,5 фоиз), 1922 йили 837 минг (19 фоизи) аҳоли яшаган291. Қишлоқ аҳолиси 1897 йил 3205 минг (барча аҳолининг 81,2 фоизи), 1913 йил 3274 минг (75,5 фоизни), 1922 йили 3526 минг киши (81 фоиз) ни ташкил этган292. 1939 йилда ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 97 та, 1940 йилги аҳоли рўйхатида 113 та миллат вакиллари истиқомат этишган293. Ушбу йилларда республикада аҳолининг миллий таркиби бўйича руслар, иккинчи ўринда туришган. 1939 йил улар Ўзбекистонда жами аҳолининг 11,8 фоизини ташкил этган. Масалан, 1939 йил Ўзбекистонда 758 минг нафар рус истиқомат қилган294.

Агарда 1939 йилда шаҳар типидаги посёлкалар сони 110 тага етган бўлса, 1959 йилда улар сони яна 3 мартага ортган ва ушбу йилларда республика иқтисодиётида етакчи ўринларни эгаллаган295. Аммо, шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда бир қанча саноат корхоналарининг барпо этилиши ижобий аҳамиятга эга бўлиши билан бир қаторда, республика учун салбий экологик оқибатларга ҳам олиб келди. Чунки ушбу корхоналарнинг аксарияти аҳоли гавжум яшайдиган жойларда барпо этилган, атроф-муҳитни ифлослантириб, экологик вазиятни мураккаблаштириб қўйди. Хўжалик юритишнинг маъмурий буйруқбозлик даврида Ўзбекистондаги саноат корхоналари учун зарур бўлган техник воситалар, асбоб-ускуналар ва металлни қайта ишловчи дастгоҳлар ҳамда механизмлар, нефть маҳсулотлари, ёғоч ва бошқа зарурий анжомларнинг четдан келтирилиб турганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий-синфий таркибда ишчилар етакчи синф сифатида шаклланди. Ваҳоланки, 1913 йил маълумотига кўра, барча ишчи ва хизматчилар Ўзбекистон аҳолисининг атиги 5 фоизини ташкил қилар эди296.

Сурхондарё округида ижтимоий меҳнатда банд бўлган деҳқонларнинг сони ва аҳоли орасидаги салмоғи камайиб, жумладан, уларнинг салмоғи 1939 йилда жами аҳолининг 94,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳолат, аввало, қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш даражасининг ошиб бориши ва меҳнат унумдорлигининг ортиб бориши, шунингдек кам қувватли жамоа хўжаликларининг давлат хўжаликларига айлантирилиши ва шунга кўра, деҳқонларнинг маълум қисми давлат хўжаликлари, саноат, қурилиш, транспорт ва алоқа соҳаси ишчилари сафларига қўшилиши муҳим омил бўлганлиги билан изоҳланади297.

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон аҳолисининг билим даражасида ижобий ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистонда халқ маорифи таркиб топиб, ривожланди. Шу пайтгача таъкидлаб келинган расмий маълумотларга кўра, инқилобдан аввал Ўзбекистон аҳолисининг 2 фоизигина (бу ҳисобга асосан рус-тузем мактабларини битирганларгина киритилганлиги, аслида саводхонлик даражаси 18-19 фоиз бўлганлиги ҳозир тан олинмоқда) саводли бўлган. Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида 1914-1915 ўқув йилида бор йўғи 1-та рус-тузем мактаби бўлиб, уларда 4 нафар ўқитувчи ишлаган, 24 ўқувчи таълим олган эди298. 1914-1915 ўқув йилида Ўзбекистонда бор-йўғи иккита махсус ўқув юрти бўлиб, уларда 100 киши таълим олган. Шулардан атиги 3 нафар талаба маҳаллий миллат вакиллари эди. Борган сайин республика халқ хўжалигида ишлайдиган малакали мутахассислар сони кўпайиб борди. Масалан, Ўзбекистонда 1941 йил бошларида олий маълумотга эга бўлган 19,9 минг ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган 34.7 минг нафар мутахассис ишлаган299.

Ижтимоий тоифаларга қараб, аҳоли таркибининг жамиятда тутган ўрнини белгилашга оид маълумотлар ҳам тарихий манбаларда мавжуд. Масалан, 1939 йил жами аҳолининг 86,2 фоизини жисмоний меҳнат, 13,8 фоизини ақлий меҳнат билан шуғулланадиган аҳоли ташкил этди300. Демографик жараёнлар аҳолининг малакавий билим даражаси, маърифатли, маданиятли бўлиши ҳамда билим олиш даражаси билан ҳам бевосита боғлиқ ҳисобланади. 1939 йил Ўзбекистон аҳолиси орасида 270 минг нафар ўрта ва олий маълумотли киши бўлиб, шундан 20 минг нафари олий, 250 минг нафари тўлиқсиз олий ва ўрта махсус, ўрта умумий ва тўлиқсиз ўрта маълумотли аҳолини ташкил этди301.

Ижтимоий-демографик жараёнларни ўрганишда аҳолининг касб даражаси, билими, мутахассисликни эгаллашдаги ҳолати ҳам ҳисобга олинади. Буни ХХ аср бошларидаги тарихий ҳолатга қиёсан таҳлил этишда айрим тарихий манбалар ёрдам беради. Чунки, ушбу жараёнда маҳаллий аҳолининг сони кўп бўлсада, ишлаб чиқаришда ва жамиятни бошқарувида унинг салмоғи ниҳоят даражада паст бўлган. Масалан, Сурхондарёда миллий мутахассисларни тайёрлаш ва иш билан таъминлаш ишлари ниҳоятда қийин бўлиб, 1932 йилда Сурхондарё бўйича ўзбеклардан 1 нафар мухандис, 3 нафар агроном, 1 нафар техник, 5 нафар врач, 2 нафар олий маълумотли ўқитувчи, 4 нафар бадиий ижодкор бор эди302.

1943 йил Ўзбекистон Фанлар Академияси ташкил топган вақтда, унинг таркибида 10 нафар маҳаллий илмий ходим ишлаган303. Аҳолининг саводхонлиги Ўзбекистон ҳудудида кирил алифбоси асосида ҳисобланиб, 9-49 ёш оралиғидаги аҳолининг саводхонлиги рўйхатга олинган. Манбалар билан таққослаганда, 1897 йил жами аҳолининиг 15,9 фоизини шаҳар аҳолиси ташкил этиб, шундан эркакларнинг 22,5 фоиз, аёлларнинг эса 6,6 фоизи саводхон бўлган, 1926 йилда жами аҳолининг 39,8 фоизни шаҳар аҳолиси ташкил этиб, шундан 49,6 фоиз эркаклар, 28,6 фоизи аёллар саводхон бўлган, 1939 йил жами шаҳар аҳолисининг 86,8 фоизи саводхон бўлиб, шундан 90,4 фоизини эркаклар, 82,8 фоизини аёллар ташкил этди304. Демографик жараёнларини илмий таҳлил этиш натижасида Ўзбекистон ҳудудида 1897 йил жами аҳолининг 1,1 фоиз саводхон қисми қишлоқ аҳолиси ҳисобига тўғри келган бўлиб, шундан 1,9 фоизини эркаклар, 0,2 фоизини аёллар ташкил этган305. Демографик жараёнларини илмий таҳлил этиш жараёнида Республика бўйича аҳолига хизмат кўрсатувчи касалхоналар сони 1940 йил 380 тани ташкил этиб, шундан 20 таси Сурхондарёда, 20 таси Қашқадарёда ҳудудларида бўлиб, касалхоналарда ўринлар сони Республика бўйича 20,3 минг, Сурхондарёда 0,7 минг, Қашқадарёда 0,6 минг кишига бир даволаш ўрин тўғри келган306.

Ўзбекистондаги мавжуд 380 шифохонада 1187 та врачлик- амбулатория, поликлиникалар мавжуд бўлиб, шундан 21 таси силга қарши диспансер, 14 таси махсус сил касаликларини даволаш хоналари, 148 та тери-таносил касалликлари ва бошқа аҳолига тиббий хизмат кўрсатган307. Ўзбекистонда тиббиёт ходимларини тайёрлаш, тиббий хизмат соҳасини яхшилаш, тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга эътибор 1930 йилдан ташкил қилиниб, янги тиббий марказлар ҳамда даволаш масканларининг очилиши туфайли, тиббиёт ходимларининг сони ва салмоғи ошиб борди. 1940 йилда Республикада 3158 нафар врач бўлиб, шундан 964 нафар терапевт, 238 нафар жарроҳ, 233 нафар акушер-гинеколог, 348 нафар педиатр, 69 нафар офталмолог, 46 нафар невропотолог, 29 нафар психиатор, 54 нафар физиотерапевт, 124 нафар дермато-венеролог, 3 фоиз физкультура ва спорт врачи, 45 нафар рентгенолог ва радиолог, 251 нафар санитария-эпидемиолог врачи, 37 нафар стоматолог, 339 нафар тиш техниги аҳолига хизмат қилди308. Демографик жараёнларни илмий таҳлил этиш жараёнида аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган врачлар сонини аҳоли сони билан тақослаганда, ҳар 1000 киши ҳисобига 1913 йил Сурхондарё вилоятида 2 нафар, Қашқадарё вилоятида 2 нафар, 1940 йил Сурхондарёда 62 нафар, Қашқадарё вилоятида 69 нафар олий маълумотли тиббиёт ходими аҳолига хизмат кўрсатганлиги илмий манбаларда қайд этилгани аниқланди309. Шунигдек, жанубий вилоятларда ўртача тиббиёт ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш илмий таҳлил натижаларига эътибор берилса, 1940 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига Сурхондарё вилоятида 0,4 нафар, Қашқадарё вилоятида 0,5 нафар мутахассис тўғри келган310.

Ижтимоий-демографик жараёнларнинг илмий таҳлилида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сўнгра, собиқ шўролар тузуми даврида маҳаллий аҳолининг соғлигини сақлаш бўйича ислоҳотлар қилинмаганлиги, айниқса, олий ва ўрта махсус тиббиёт ходимларини тайёрлашдаги камчиликлар, жиддий нуқсонларга йўл қўйилганлигига ҳам алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон ҳудудида 1913 йилда 139 нафар врач, 1940 йил 3158 нафар врач аҳолига хизмат кўрсатиб, шундан 1913 йил 128 нафари, 1940 йил 281 нафари умумий тиббиёт соҳасидаги мутахассис бўлган. Жумладан, 1913 йил 11 нафар, 1940 йил 339 нафар стомотолог аҳолига хизмат кўрсатди. 1913 йилда жанубий вилоятларда ўртача ҳар 1000 кишига 0,3 шифокор, 1940 йил 4,7 шифокор тўғри келган. Аҳолига хизмат кўрсатувчи ўрта тиббиёт ходимлари ҳар 1000 кишига 1913 йилда 0,7 нафар, 1940 йилда 18,2 нафар тўғри келган311. Ижтимоий-демографик жараёнлари нуқтаи назаридан яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу даврда аёлларга тиббиёт хизмати кўрсатиш, уларнинг соғлиги учун зарур шарт-шароитлар яратиш ниҳоятда ачинарли аҳволда эди, 1913 йилда Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий аёлларга тиббий хизмат умуман ташкил этилмаган ҳамда давлат томонидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Фақат 1930 йилларга келиб, аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш маслаҳат марказлари ташкил этилиб, 1940 йил фақат шаҳар марказларда 276 та консультация марказлари фаолият кўрсатдилар. Республикада 1916 йилда Термиз шаҳрида 1та туғиш амбулаторияси бўлиб, 1938 йилда аёллар ҳар 1000 аёлга 0,9 та туғиш ўрни тўғри келган312.

Ижтимоий-демографик жараёнлар аҳолининг ўсиши ва турмуш даражасининг яхшиланиши ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиб бориши, энг муҳими, Марказнинг пахта хом-ашёсига бўлган талаби ҳисобида сезиларли даражада ўсди. ХХ аср бошларидаги демографик жараёнларни таҳлил қилиш асосида қишлоқ аҳолиси сонининг ошиб боришини қуйидаги тарихий манбалар таҳлилида кўриш мумкин: Ўзбекистонда аҳоли сони шаҳарларда қишлоққа нисбатан 1913 йил 24 фоизга, 1926 йил 22 фоизга, 1939 йил 23 фоизга ўсди313. Ижтимоий-демографик даражасини ўрганишни илмий таҳлил этиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, Ўзбекистонда 1913 йилда 429 минг гектар ерга пахта экилиб, ўртача ҳар бир гектар ердан 12,2 центнер ҳосил олиб, 522 тонна пахта толаси топширилди314. 1920 йил Ўзбекистонда дастлабки деҳқончилик уюшмаларига 100 минг деҳқон хўжалиги бирлаштирилган бўлса, 1927 йилда 654 минг деҳқон хўжаликлари бирлаштирилди315. Ижтимоий-демографик жараёнларини ўрганиш жараёнида яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 1939 йил Ўзбекистонда жами аҳолининг 32,2 фоизини ишчи ва хизматчилар ташкил этиб, шундан ишчилар 19,3 фоиз, хизматчилар 12,9 фоиз бўлган. Қишлоқ аҳолисининг 64,9 фоизини колхоз ва кооператив майда деҳқон хўжаликларидаги аҳоли, 2,9 фоизини якка ва кооператив бўлмаган майда хўжаликлар аҳолиси ташкил этганди316.

Ижтимоий-демографик жараёнлари масаласини ўрганишда аҳоли рўйхати бўйича ўтказилган таҳлиллар натижалари муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Уларга асосланиб, қуйидаги фикрларни баён этиш мумкин. 1926 йил аҳоли рўйхати бўйича, Ўзбекистон аҳолисининг 19,8 фоизини ишчи ва хизматчилар, 80,2 фоизини якка деҳқон ва кооператив бўлмаган деҳқон хўжаликлари ташкил этган317.

Республикада саноат, қурилиш, транспорт тармоқлари ҳам ривожланди, улардаги ишчилар салмоғи ҳам ошиб борди, янги шаҳарлар барпо этила бошланди. 1897-1939 йилларда аҳолиси 50 мингдан ортиқ бўлган шаҳар сони 10 дан 23 ra кўпайди. Аҳолининг ана шу тарзда ишлаб чиқариш воситалари ва ер-сув билан таъминланиши, қишлоқ хўжалиги ва саноатининг ривожланиши Ўзбекистонда миллий даромаднинг кўпайишига олиб келди318. Истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳам ривожланди. Айниқса, сабзавот, полиз экинлари, узум, гўшт, тухум, сут каби озиқ-овқатларни ишлаб чиқариш ортиб, аҳолининг моддий эҳтиёжларини таъминлаш бир мунча яхшиланди.

Ижтимоий-демографик жараёнларни илмий таҳлил этишда шу нарсага алоҳида эътибор бериш зарурки, собиқ шўролар ҳукумати ўз сиёсатининг чор Россиясидан афзалликларни намоён этиш мақсадида, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маиший соҳада маълум ижобий ишларни амалга оширишга киришди. Совет ҳукумати ушбу амалий тадбирлар билан маҳаллий аҳолини ўз сиёсатига ишонтириш ҳамда коммунистик мафкурани маҳаллий аҳоли онгига сингдиришга жиддий киришди. Бироқ ушбу амалга оширилган имкониятлардан, асосан, рус ва русийзабон аҳоли кўпроқ манфаат кўрди. Амалга оширилган ижтимоий-маданий ишлар маҳаллий аҳоли ҳаётига ҳам қисман ижобий таъсир кўрсатди. Ўзбекистонда ишчи ва деҳқонлар учун ҳам билим олишга имкон яратилиб, республикада соғлиқни сақлаш тизими ривожланди. Aгap 1913 йили Ўзбекистонда фақат 63 та касалхона, жумладан, Сурхондарёда 1 та, Қашқадарёда 1 та касалхона аҳолига хизмат қилган бўлса, 1940 йили уларнинг сони республикада 139 тага етди319. Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза этиш муассасалари очилди ва фаолият кўрсата бошлади. Натижада юқумли касалликлар сони кескин камайди. Демографик жараёнлар тараққий этиши натижасида, ўлка аҳолисининг маънавий ҳаётида қатор ижобий ўзгаришлар бўлиб, биринчи навбатда, аҳоли ўлими, жумладан, аёллар ва болалар ўлими кескин камайди. М.К. Қорахонов маълумотига қараганда, 1920 йилларда Ўзбекистонда ҳар 1000 кишидан 33-34 нафари ўлган бўлса, 1940 йилга келиб, бу кўрсаткич 3 марта камайган ва 13-14 нафарни ташкил этган320. Айни пайтда ўзбек оилаларида туғилиш юқори даражада сақланиб қолаверган321.

Юқорида келтирилган мисоллар республикада 1930-1940 йиллардан бошлаб оилани режалаштириш дастлаб шаклланиб ва кўп болаликдан ўртача болаликка ўтиш жараёни тезлашганлигидан далолат беради. Совет ҳокимиятининг миллий камситиш ҳамда қатоғонлик сиёсати ҳамда миллий урф- одатлар, анъаналарнинг поймол қилиниши натижасида, миллий таркиби жиҳатдан бир хил бўлган аҳоли орасида ҳам зиддиятлар, келишмовчиликлар юзага келди. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг миллий-ижтимоий хусусиятларини, жумладан, ижтимоий-демографик ва урбанизация жараёнини ўрганиш тарихшунослигида муҳим муаммолардан бири саналади. Марказий Осиёнинг бошқа республикаларидаги сингари, Ўзбекистонда ҳам асрлар мобайнида шаклланган ва минтақанинг туб ерли миллатлари вакилларидан иборат бўлган аҳолининг кўп миллатли таркиби маҳаллий бўлмаган кўпгина миллат ва элатларнинг вакиллари ҳисобига янада ортиб борди. Ижтимоий-демографик жараёнларни илмий таҳлил қилиш жараёнида ўзбек халқи Ўзбекистондаги бошқа халқлар билан миллий тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳамкорлик асосида тинч-осойишта яшаб, ҳар қандай миллий камситилишга сабр-бардош , камтаринлик билан муносабатда бўлиб келди. Ўзбекистон азалдан кўп миллатли диёр бўлган. Бу ерда маҳаллий аҳоли ўзбек, қорақалпоқ, туркман, тожик, қозоқ ва қирғизлар кейинги 150 йил давомида руслар, татарлар, украинлар, корейслар ва бошқа кўпгина миллат вакиллари қўшилди. Ижтимоий-демографик ва урбанизация жараёнларини илмий таҳлил этишда қуйидаги манбалар алоҳида аҳамиятга эга бўлди. 1939 йилги аҳоли рўйхатида Ўзбекистонда 727,4 минг рус миллатига мансуб кишилар истиқомат этишиб, руслар республикадаги бутун аҳолининг 11,6 фоизини ташкил этган322. 1939 йил улар 1930 йилга нисбатан 363,3 минг кишига ёки қарийб 50 фоизга кўпайган323. Русларнинг бу даражада кўпайишига, биринчидан, табиий кўпайиш туфайли рўй берган бўлса, иккинчидан, Россияининг марказий шаҳарларидан келган ишчи- хизматчилар ҳисобига рўй берди. Татарлар аҳолининг сони бўйича Ўзбекистонда учинчи ўринни эгаллаб, 1939 йилда уларнинг сони (5.0 фоиз) 1930 йилга нисбатан уч баравардан ортиқ кўпайди. Чунки собиқ Иттифоқнинг бошқа шаҳарларидан руслар сингари, бу халқ вакиллари ҳам кўпроқ кўчиб келишган324. Бундан ташқари Ўзбекистонда 45 минг атрофида қрим-татар оилалари ҳам истиқомат этиб, уларнинг табиий кўпайиши татар оилаларига қараганда, 2-3 баравар ортиқроқ бўлди. Чунки қрим-татар оилаларида туғилиш нисбатан юқори даражада эди 325.

Ижтимоий-демографик вазият шаҳар ва қишлоқларда бир хилда эмас эди. Шаҳарларда, масалан, туғилиш кўрсаткичи қишлоқларга қараганда бироз паст, аҳолининг миграция ҳаракати эса юқори эди. Шу сабабларга кўра, жанубий шаҳарларда болалар салмоғи анча камроқ. Чунончи, 1920-1930 йиллар ўрталарида жанубий ҳудудларда 9 ёшгача бўлган болалар умумий аҳолининг 20 фоизини ташкил этган. Ваҳоланки, республика аҳолиси таркибида улар 29 фоиздан ортиқ эди326.

Хулоса ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, демографик сиёсат ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг илмий асосини ташкил этиб, жамиятнинг ҳар томонлама ривожланиб бориш имкониятларини яратади. Аҳоли сиёсий онгининг ошиб боришини таҳлил этишда статистик, тарихий таққослаш, харитаграфик, социологик, математик ва мантиқий фикрлар муҳим аҳамиятга эгадир327. Демографик жараёнларнинг илмий таҳлили ҳар бир ижтимоий-иқтисодий тузум аҳолисининг кўпайиши ва ривожланиш қонуниятларини алоҳида-алоҳида ўрганиб, аҳолининг сиёсий онгининг ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга киришиш зарурлигини кўрсатади. Демографик жараёнда оила туғилишини назорат этиш ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, тарихий демографик вазиятни, улардаги халқларнинг урф-одатлари ва бошқа қадриятларини ҳисобга олиш билан боғлиқ равишда рўй беради. Ўзбекистонда ҳам фарзандлар туғилишини бошқариш бўйича ўзига хос услублар қадимдан мавжудлиги илмий ва бадиий манбалар орқали бизга маълум. Бунга хон саройларида канизакларнинг турли усуллар билан пуштсиз этилиши, кутилмаган фарзандлар туғилишининг олдини олиш мақсадида аёлларга турли қайнатмалар берилиши мисол бўла олади.

Аҳолининг демографик ҳолати ижтимоий турмуш тарзининг ўсиши, талаб-эҳтиёжларини қондирилиши муҳим масалалардан ҳисобланади, ушбу жараёнда туғилишни тартибга солиш ҳамда туғилиш билан боғлиқ қонун-қоидаларни табиий шароитга мослаштириш алоҳида аҳамиятга эга. Демографик жараёнларнинг даражаси оилада туғилишни назорат этиш ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, тарихий-демографик вазияти, улардаги халқларнинг урф-одатлари каби ҳолатлар билан боғлиқдир. Аёлларнинг туғиш билан боғлиқ ҳаётини асраш, ҳомиладорлик билан боғлиқ масалаларда тарбиявий муҳитни шакллантириш ҳамда маънавий-тарбиявий сиёсатни такомиллаштириш ва бунинг учун шарт-шароитлар яратиш муҳимдир. Тадқиқотда уларга оид маълумотлар кенг таҳлил қилинди. Маълум бўлишича бу даврга қадар ўзбек оилаларида фарзандлар туғилишини бошқариш жуда кенг тарқалмаган. Ижтимоий турмуш тарзини яхшилаш, айниқса, аёлларни жисмоний ва маънавий ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлиб, фарзанд кўришни тартибга олиш масаласида дастлабки тадбирлар ўз натижасини бера бошлаганлиги илмий таҳлилда кўрсатиб ўтилди. Демографик жараёнлар таҳлилга олинган даврда аҳолининг сиёсий онгини ошириш мақсадида, ўтроқ халқлар маданиятини ўрганиш билан бирга, уларга ёт бўлган ташқи коммунистик мафкурага асосланган маданиятни сингдиришга алоҳида эътибор берилди. Ўз навбатида, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш, уларга бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш ниҳоятда ачинарли аҳволда эди. Аммо аҳолининг ўсиши, турмуш даражасининг яхшиланиши ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиб бориши, энг муҳими, Марказнинг пахта хом-ашёсига бўлган талаби ҳисобидан бу масалага эътибор ҳам сезиларли даражада ўзгариш топди. Тадқиқотда бу ҳақда қиёсий-таҳлилий маълумотлар келтирилди.



Шунингдек, қироатхона, қизил чойхона, ҳаммомлар қурилишига маълум маънода эътибор берилди, жанубий ҳудудларнинг аҳоли яшайдиган манзилларида шаҳар аҳолисини ва унинг миллий таркибини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Қашқадарёнинг йирик аҳоли марказларида ўзбек, тожик, араб, туркман, яҳудий миллатлари истиқомат қилса, Сурхондарёдаги шаҳарларда ўзбек, тожик, туркман, қозоқ, эроний, рус, яҳудий, арман, татар ва шу каби миллат вакиллари истиқомат қилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аҳоли сонининг ўсиши, саломатлигини асраш ҳамда касб малакаси ва онгининг ўсишида маориф, тиббиёт ва маданий-оқартув муассасаларининг аҳамияти анча ошиб борганлиги тарихий манбалар асосида таҳлил этилди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   21   22   23   24   25   26   27   28   ...   50




©emirsaba.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет