3.1. Аҳолининг миллий таркиби ва ҳудудий жойлашуви
Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида аҳолининг ижтимоий турмуш даражаси, маънавий ҳаётида жиддий иқтисодий қийинчиликлар юз берди, фуқаролар уруши ва ички низо-жанжаллар, иккинчи жаҳон уруши йилларидаги йўқотишлар туфайли очлик, қашшоқлик, турли хил касалликлар демографик жараёнларга салбий таъсир кўрсатди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, совет ҳокимияти йилларида Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудлариларга кўчиб келтирилган рус ва русийзабон аҳолига алоҳида эътибор берилди, уларнинг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилаш мақсадида, уй-жойлар қурилди ва маданий-маиший имкониятлар яратилди. Ўз навбатида маҳаллий аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий, маданий турмуш даражасини яхшилаш масаласида аниқ амалий ишлар қилинмаганлиги мавжуд тарихий манбаларда ўз аксини топди. 1922 йили Бухоро Республикасида ўтказилган аҳоли рўйхатига доир ҳисоботларда 1800-1890 йилларда амирлик ҳудудида жами аҳоли 1 миллион 531 минг 013 киши эканлиги қайд этилган. 1920-1922 йиллардаги сиёсий жараёнлар чоғида юз берган очлик, қашшоқлик, касаллик, уруш натижасида кўплаб аҳолининг қирилиб кетишига олиб келди. Бу ҳақда И.Магидович қуйидагича ёзади: «Аҳолининг камайишига инқилобий ғалаёнлар, халқ ҳаракати, очлик ва эпидемия касалликлари сабаб бўлган». Қайд этилган маълумотларни тарихий таҳлил қилган Кисляков ушбу вазият туфайли, мавжуд аҳолининг 25 фоизи ҳалок бўлганлигини, инқилобдан олдин эса Бухоро аҳолиси 2 миллион кишини ташкил қилганлигини таъкидлайди.201
Аҳолининг миллий таркиби ва жойлашувини ўрганишда совет ижтимоий-иқтисодий тузуми даврида аҳолининг миллий таркибига таъсир кўрсатган омилларни ХХ асрнинг 20-йилларидаги воқеа-ҳодисалардан мукаммал билиб олиш мумкин. Бу даврда жанубий ҳудудлар аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий турмуш даражаси паст бўлиб, иқтисодий таъминотдаги ўзгаришлар 1930 йилларда бироз яхшиланиб, аҳолининг ўртача умр кўриши узайди202.
Ижтимоий-демографик жараёнларининг оилалар турмуш тарзига таъсири ҳам ўзига хосдир. Оила жамият бошқарувини ҳал қилувчи восита ҳисобланади. Илмий таҳлилга олинган даврда аҳоли таркибида никоҳ ёшидагилар салмоғининг камлиги маълум бўлди. Бунга сабаб маҳаллий миллат оилаларида болалар ўлимининг кўплигидир. Шу сабабли туғилган болаларнинг ҳаммаси ҳам ўсмирлик ёшига етмаган, оилаларда туғиш сони юқори бўлгани билан, яшаш шароитининг ёмонлиги иқтисодий ва тиббий ёрдам омиллари бўлмаганлиги туфайли, табиий ўсиши даражаси паст бўлган. Тадқиқот жараёнида иқтисодий аҳволни ёмонлиги натижасида, 1917-1922 йилларда Ўзбекистонда ҳар 1000 аҳоли ҳисобига туғилиш 48-49 нафарни ташкил этган бўлса-да, ўлим 41-45 та етган, табиий ўсиш эса 5-6 кишига тўғри келган, айниқса, Ўзбекистон ҳудудида болалар ўлими юқори бўлиб, туғилган болаларнинг 30-40 фоизигина балоғатга етиб, оила қурганлар203. Фуқоралар уруши туфайли, Сурхондарё ва Қашқадарё шаҳарларида бола туғилиши кескин камайиб, 1000 киши ҳисобига 31-33 нафар тўғри келган, уруш ва иқтисодий қийинчилик туфайли, шу туғилган болалардан ўртача 16-18 нафари тирик қолган204. Жанубий шаҳарлар аҳолисининг миллий таркиби 1920-1924 йилларда, асосан, ўзбек, тожик, туркман, араб, яҳудий, афғон, эрон ҳамда русийзабон аҳолидан иборат бўлган, Қашқадарёдаги шаҳарларда 28801 киши, қишлоқларда 190310 киши истиқомат қилган, жами 219111 аҳолини ташкил этган. Шунингдек, Беҳбудий ҳудудидаги қишлоқларда 71655 киши, жами 83634 аҳоли яшаганлиги рўйхатга олинди. Ғузор уезди қишлоқларида 36555 нафар, жами 37405 нафар, Шаҳрисабз қишлоқларида 82100 нафар, жами 98072 нафар аҳоли яшаган. Сурхондарё вилояти шаҳарларида 6689 киши, қишлоқларида 127747 киши, жами 134436 нафар аҳоли истиқомат қилганлиги рўйхатга олинган. Шунингдек, Бойсун қишлоқларида 23087 нафар, жами 26685 киши, Шеробод қишлоқларида 51230 нафар, жами 53390 киши, Юрчи қишлоқларида 053430 нафар, жами 54361 киши яшаганлиги рўйхатда қайд қилинган. Умуман, ушбу йилларда турли сиёсий-иқтисодий сабабларга кўра, аҳолини сонинг ўсиши сезиларли ўзгармади205.
Ижтимоий-демографик жараёнларининг таҳлилидан яна шу нарса аён бўладики,Ўзбекистонда оиланинг демографик таркиби ўзига хос хусусиятга эгадир. Бу ўзига хослик, биринчи навбатда, жами оила аъзолари миқдорида кўринади. Бу ҳудудда 5-6, 7-10 ва ундан ортиқ кишилар яшовчи оилалар, яъни ўрта ва катта оилалар салмоғи юқорилигини изоҳлаш ўринлидир206. Сурхондарё ва Қашқадарё шаҳарларида аҳолининг жойлашуви аҳоли сонининг ўсиш жараёнлари бўйича ўтказилган тадқиқотларга асосланиб айтиш мумкинки 1920 йиллардаги фуқоралар уруши ва иқтисодий қийинчиликлар натижасида, аҳоли сони кескин камайиб, маҳаллий аҳолининг кўпчилиги ўзга юртларга ватангадо бўлиб кетдилар.Бу ерда1924 йилги аҳоли рўйхати маълумотлари шаҳар марказларида аҳоли сони кескин камайиб кетганлигини кўрсатади.1924 йилда Беҳбудий шаҳрида11979 киши, Шаҳрисабз шаҳрида 15972 киши, Китобда 3349 киши, Ғузор марказида 850 киши, Шеробод шаҳрида 2160 киши,Термиз шаҳрида 1381 киши, Юрчи марказида 931 киши, Бойсун шаҳрида 3598 киши,Дарбандда 1363 киши истиқомат қилган.Аҳоли рўйхатида қайд этилишча, улар асосан ўзбек ва тожиклардан иборат бўлган207.
Совет ҳокимияти ўрнатилган дастлабки йилларда Сурхондарё ва Қашқадарё ҳудудларидаги шаҳарлар, шаҳарчалар ҳамда район марказларида аҳоли сонини ҳамда миллий таркибни ҳам 1924 йилги аҳоли рўйхатидан билса бўлади. Жанубий ҳудудларда жойлашган жами аҳолининг шаҳарларда жойлашуви таҳлил қилинса Қашқадарё ҳудудидаги жами аҳолининг 13,6 фоизи шаҳарларда, 8,5 фоизи район марказлари ва шаҳарчаларда, 7,3 фоизи фақат қишлоқларда яшаган. Жумладан, Беҳбудий райони жами аҳолисининг 14,3 фоизи шаҳарда, 6,0 фоизи шаҳарчаларда, 5,2 фоизи фақат қишлоқларда, Шаҳрисабз райони жами аҳолисининг 16,3 фоизи шаҳарларда, 13,8 фоизи шаҳарчаларда, 11,5 фоизи фақат қишлоқларда яшаган. Аҳолининг қолган қисми кўчманчи тарзида ва ярим кўчманчи турмуш кечирган208. Шунингдек, Сурхондарё ҳудудидаги жами аҳолининг 5, 0 фоизи шаҳарларда, 6,6 фоизи шаҳарчалар ва район марказларида, 6,3 фоизи фақат қишлоқларда истиқомат қилиб, жумладан Бойсун райони жами аҳолисининг 13,5 фоизи шаҳарларда, 6,1 фоизи шаҳарчалар ва район марказларида, 5,2 фоизи фақат қишлоқларда, Шеробод райони аҳолисининг жами 4,0 фоизи шаҳарларда , шаҳарча ва район марказларида 7,6 фоизи, фақат қишлоқларда 7,3 фоизи яшаганлиги ҳужжатларда ўз аксини топди209.
Ижтимоий-демографик жараёнларни таҳлилилидан, яна шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, аҳолининг турмуш даражасига, никоҳ, ажралиш ва оилавий муносабатларнинг тадрижий тараққиёти ҳам ўзига хос даражада таъсир кўрсатди. Ўзбекистонда 1918-1922 йилларда 50 ёшли аёллар эрлари билан деярли бирга истиқомат қилмаган, чунки тинимсиз урушлар, ўзаро низолар туфайли, эркаклар, асосан, уруш ҳаракатларида бўлган. 1939 йил Иккинчи жаҳон уруши арафасида СССР ҳудудларида 43 миллион оила истиқомат қилган. Шаҳарда оила сони қишлоқларга нисбатан 2 марта кам бўлган. ХХ асрнинг 30-йилларида 43 фоиз аёллар биринчи никоҳда бўлган210. 1900 йилда аёллар 20,5 ёшида, эркаклар 23,6 ёшида никоҳда бўлишган. Ўрта Осиёда 1920-1930 йилларда никоҳдан ўтиш энг охирги ўринда турган, чунки, фуқоралар уруши, очлик ва қашоқлик, турли хил касалликлар каби омиллар бунга салбий таъсир ўтказган211. Сурхон воҳасида 1920-1925 йиллар оралиғида никоҳдан ўтиш шариат қонунлари асосида бўлиб, қизларнинг турмушга чиқиши ўртача15-16 ёш оралиғида деб белгиланган бўлиб, аёллар ўртасида носоғломлик юқори бўлган, турмушга чиққан қизларнинг 65-85 фоизи турли касаликлар туфайли ҳалок бўлган эдилар212.
ХХ асрнинг 30-йилларидан бошлаб, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими ривожланган, аёллар ва болалар саломатлигига эътибор берила бошланган. Шу сабабли аёллар турмушида ижобий ўзгаришлар юзага келади, натижада аёллар ўлими кескин камайди. Аҳолининг умумий миқдорида аёллар салмоғи бир мунча кўтарилди. 1939 йил аҳолиги рўйхати маълумотига қараганда, Ўзбекистонда аҳолининг 49,4 фоизини аёллар ташкил этди ва аҳоли таркибида аёллар ва эркаклар салмоғи деярли тенглашди213.
Аҳоли таркибида болалар салмоғининг ошиб боришига бевосита таъсир этувчи омиллардан яна бири Ўзбекистонда туғилаётган болалар миқдорининг кўпайиб боришидир. Ўзбекистонда 1940 йили 222,5 минг214, жумладан Сурхондарёда 21,156, Қашқадарёда 23,964 бола туғилган215.
Ижтимоий-демографик жараёнлари билан боғлиқ урф-одатлар, анъаналар ва оилавий қадриятлар таҳлили шуни кўрсатадики, қадимги никоҳ муносабатлари оиланинг шаклланишига, унинг таркибига ўзига хос таъсир кўрсатган. Полигам никоҳларнинг кўп тарқалиши оила ижтимоий-демографик таркибига маълум даражада таъсир этган ва қадимда катта оилалар салмоғи юқори бўлган. Қариндошлик никоҳларининг кенг тарқалишидан эса ногирон, касалманд болалар туғилиши кўп бўлган. Натижада болалар ўлими юқори бўлиб, оила салмоғига салбий таъсир этиб, аҳолининг табиий ўсиши ва янги оилалар пайдо бўлиш жараёни жуда секин борган.
Ижтимоий-демографик жараёнларини илмий ўрганишда яна шу нарса кузга ташланадики, 1924-1940 йилларда Ўзбекистоннинг социализмга ўтиши ва социалистик ишлаб чиқариш муносабатларининг ривожланиши унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, демографик жараёнларига маълум даражада ижобий таъсир кўрсатган. Ана шундай ўзгаришлардан бири кўп никоҳлиликнинг тақиқланиши ва аҳолининг никоҳга кириш ёшининг давлат томонидан белгиланиши ва назорат этилишидир216. 1926 йилда ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотларида кўрсатилишича, кўп никоҳлилик тақиқланган. Республиканинг жанубий ҳудудларида полегам (кўпникоҳлик) оилалар миқдори кескин камайиб кетди ва бир никоҳли (моногам)лик оиланинг асосий шакли бўлиб қолди. Социалистик ишлаб чиқариш муносабатлари даврида аёллар, айниқса, оналар саломатлигига давлат томонидан бирмунча эътибор берилди.
Ижтимоий-демографик жараёнларини ўрганиш билан боғлиқ манбаларни таҳлил этиб шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 1924-1927 йиллар давомида Ўзбекистон ҳукумати қизларнинг жуда эрта никоҳга кириши ва унинг оқибатларини ўрганиб чиқиб, эрта никоҳга кириш қизларнинг ҳам ақлий, ҳам жисмоний ривожланишига салбий таъсир этиши, аёлларнинг эрта қариши ва улар ўртасида ўлим ҳолларининг кўп бўлаётганини аниқладилар217. Тадқиқотда бу даврда ижтимоий-демографик жараёнлари билан боғлиқ оила ва никоҳ муносабатларини таҳлил этиш даврида муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий манбалар асосий мазмун касб этди. 1927 йил сентябрида Ўзбекистонда оила ва никоҳ муносабатлари ҳақида кодекс ишлаб чиқилди. Унга биноан никоҳ ёши қизлар учун 16 ёш, эркаклар учун эса 18 ёш қилиб белгиланди. Ўзбекистонда қизларнинг эрта никоҳга кириш ҳолларининг кескин камайиши кўпгина ҳужжатларда қайд этилган. Жумладан, 1939 йил ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар 1000 нафар 16-17 ёшли қизлардан 68 нафари никоҳда турган218, Сурхондарёда эса ҳар 1000 нафар 15-16 ёшли қизлардан 79 нафари никоҳда турган219.
Ўзбекистонда эрта никоҳга кириш ҳолларининг камайиб бориши аёлларнинг ўртача никоҳга кириш ёшининг бирмунча кўтарилишига сабаб бўлди. Юқорида қайд этилган социологик тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, 1900-1904 йилларда туғилган аёлларнинг ўртача никоҳ ёши 17,6 бўлган бўлса, 1920-1924 йилларда туғилган аёлларда бу кўрсаткич 22,0 ни, 1930-1934 йилларда туғилган аёлларда эса 20,4 ни ташкил этган220, Сурхондарёда эса 1922-1925 йилларда туғилган аёлларнинг ўртача никоҳ ёши 19-17,5 ёшни, 1934 йилда туғилган аёлларда 20,4 фоиз 16 ёшни ташкил этди. Қизлар никоҳ ёшининг кўтарилишига олиб келган асосий омил давлат томонидан эрта никоҳга кириш ҳолларининг тақиқланиши бўлса, иккинчиси, қизларнинг маълумотлилик даражасининг ошиб боришидир221.
Ўзбек оилаларида ажралиш ҳоллари жуда кам бўлиб, оила-никоҳ инсон ҳаётидаги энг муқаддас ижтимоий ҳодиса бўлиб, у жамият томонидан, ислом ақидалари, урф-одатлар, қадриятлар орқали жуда қадрланган. Никоҳнинг бекор этилиши эса қораланган. Исломда талоқни, оиланинг бузилишини Тангри суймаслиги таъкидланади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 1940 йилларда республикада оилаларнинг бузилиш ҳоллари бирмунча юқори бўлиб, бу ўша даврдаги аҳолининг ижтимоий-сиёсий аҳволи билан боғлиқдир. Аёлларнинг ижтимоий тенгсизлигининг барҳам топиши, уларнинг маълумот олишга, ижтимоий ишлаб чиқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиши ва минглаб аёлларнинг уй-рўзғор ишларидан ижтимоий ишлаб чиқаришга, оила муҳитидан жамият муҳитига олиб чиқди. Демак, бу маълум даражада эркаклар норозилигига олиб келган ва кўплаб талоқ ҳоллари, яъни оилалар бузилишига сабаб бўлган222.
Меҳнатга яроқли аҳолининг меҳнат унумдорлигининг ўсиши, меҳнат самарадорлигини ошиб бориши туфайли, миллий даромад кўпайиб, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ошиб борди. СССРда аҳоли сони 1928 йилда 147 миллион киши бўлди, миллий даромад 6,6 миллиард сўмга ошиб, аҳоли жон бошига миллий даромад 45 миллион сўмни ташкил этди. Меҳнат ресурслари туфайли ишлаб чиқаришга ҳар 100 кишидан 50 киши иштирок этди, ҳар бир меҳнат билан шуғулланувчи кишига 132 сўм маҳсулот тўғри келди223 бўлса, Сурхондарё ҳудудида эса ҳар бир меҳнат билан шуғулланувчи кишига 95 сўм маҳсулот тўғри келган224.
Ижтимоий-демографик жараёнларини ўрганиш ва тарихий таҳлил этишда аҳолининг асосий қисмини ташкил этган хотин-қизлар сони ва уларнинг ишлаб чиқаришда иштирокини аниқлаш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан қўшган ҳиссасини аниқлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Масалан, Ўзбекистонда 1922 йилда 13 минг нафар хотин-қиз, 1940 йилда 232 минг нафар хотин-қиз халқ хўжалигида хизмат қилди. Ишчи-хизматчилар орасида хотин-қизлар сони 16 фоиздан 31 фоизга ўсди. Хотин-қизларнинг 1926 йил 7,3 фоизи, 1930 йиллар охирида 73,3 фоизи саводли эди225. Сурхондарё ҳудудидаги шаҳарларда 1927 йилда маҳаллий хотин-қизларнинг 8,3 фоизи,1935 йилда 18,6 фоизи саводли бўлди. Жами хотин-қизларнинг 39,4 фоизи иш билан таъминланган бўлиб, ушбу кўрсатгкич фақат қишлоқ хўжалиги ва енгил, майда ҳунармандчилик корхоналари билан боғлиқ эди226.
Ижтимоий-демографик жараёнларини таҳлили яна шу нарсани кўрсатадики, бу даврда ушуб ҳудудларда аҳоли сони шаҳарлар мисолида ўсиб борган. Аҳолининг асосий қисми ўз турмуш даражасини яхшилаш мақсадида Совет ҳокимияти йилларида шаҳарларга ўртача 3 марта кўп кўчиб ўтган. Ушбу маълумотлар аҳоли сонининг кўпайиши ва ишлаб чиқариш жараёнларида иштироки, аҳолининг ҳудудларда марказлашувини шаҳар ва қишлоқлар мисолида таққослаш имконини беради. Ўзбекистон аҳолиси 1940 йилда 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган, шундан 1 миллион 606 минг нафари шаҳарда, 4 миллион 945 минг нафари қишлоқда истиқомат қилган, 24,5 фоизи шаҳарда, 75,5 фоизи қишлоқда яшаган227.
Ижтимоий-демографик жараёнларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб тарихий манбалар ва маълумотлар аҳоли сони ва ҳудудий жойлашувини таққослаб ўрганиш имкониятини берди. Масалан, 1924 йилдаги маълумотларга кўра Бухоро Республикасининг Ўзбекистонга ўтиб кетган қисми бўйича ер майдони 101395 минг кв. км. бўлиб, аҳолиси 861 минг 854 кишини ташкил этган, шундан 95 минг 355 киши шаҳарларда, 766 минг 499 киши қишлоқларда истиқомат қилган. Олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, 1924 йили аҳолининг яшаган ҳудуди ва зичлиги ҳисобга олинганда, шаҳар аҳолиси жами аҳолининг 11,1 фоизини ташкил этиб, ўртача 1 кв. км.га 8,5 киши, қишлоқларда эса ўртача 7,6 кишига тўғри келган228. 1924 йилда Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари ҳисобланган Сурхондарё вилоятининг ер майдони 20217 кв. км, Қашқадарё вилояти 26001 кв. км.ни ташкил этган. Сурхондарё вилояти аҳолиси 134436 киши бўлиб, шундан 6689 киши шаҳарларда, 127747 киши қишлоқларда истиқомат қилган. Жами аҳолининг 5,0 фоизи шаҳарларда яшаб, вилоят бўйича ўртача 1 кв. км.га 6,6 киши, жумладан, қишлоқларда 6,3 киши тўғри келган229.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти аҳолиси 219,111 киши бўлган, шундан 28, 801 киши шаҳарларда 190, 310 киши қишлоқларда истиқомат қилган. Жами аҳолининг 13,6 фоизи шаҳарда яшаб, вилоят бўйича ўртача 1 кв. км.га 8,5 киши, жумладан, қишлоқларда 7,3 киши тўғри келган. Тадқиқотда демографик жараёнлар, яъни аҳолининг жойлашиши ва ўсиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳам таҳлилар ўтказилди, жанубий ҳудудларнинг йирик иқтисодий туманлари илмий ўрганиб таққосланди230. 1924 йилги аҳоли рўйхати бўйича ўтказилган тадқиқотларга асосланиб, айтиш мумкинки, Сурхон воҳасидаги Бойсун 4399 кв. км, Шеробод 7021 кв.км, Юрчи 879 кв. км. ер майдонига эга бўлиб, аҳолиси Бойсунда 26 685 киши, Шерободда 53 390 киши, Юрчида 54 361 кишини ташкил этган.
Жумладан, шаҳар аҳолиси Бойсунда 3598 киши, Шерободда 2160 киши, Юрчида 931 кишини ташкил этган бўлса, қишлоқ аҳолиси Бойсунда 23887 киши, Шерободда 51230 киши, Юрчида 53430 кишини ташкил этди. Ушбу рақамларни Қашқадарё вилояти бўйича таққослаганда ер майдони Беҳбудийда 13910 кв. км, Ғузорда 4978 кв.км, Шаҳрисабзда 7113 кв. км.ни ташкил этган, аҳоли сони Беҳбудийда 83634 киши, Ғузорда 37405 киши, Шаҳрисабзда 98072 кишидан иборат бўлган. Юқорида қайд этилган аҳолини шаҳарлар бўйича тақсимлаганда, Беҳбудийда 11979 киши, Ғузорда 850 киши, Шаҳрисабзда 15972 киши, қишлоқларда истиқомат қиладиган аҳоли Беҳбудийда 71655 киши, Ғузорда 36555 киши, Шаҳрисабзда 82100 кишидан иборат бўлган231. Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида аҳолининг ҳовли-хутор усулида жойлашиши бўйича ўтказилган тадқиқотларда аҳолининг зичлиги, кўчманчи аҳолининг жойлашуви, сони хусусидаги манбаларнинг ҳам демографик жараёнларни ўрганишда алоҳида ўрни борлиги ҳисобга олинди232.
Ижтимоий-демографик жараёнларини илмий таҳлил этишда Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларидаги қишлоқларининг майдони, зичлигини аниқлаш бўйича муҳим аҳамиятга эга тарихий манбаларга таяниб иш кўрилди. 1924 йилдаги маълумотларга асосланиб, Сурхондарё вилояти ер майдони 20217 кв. км. бўлиб, жами аҳоли 134.436 кишини ташкил этган. Ўртача аҳоли зичлиги 6,6 кишидан иборат бўлиб, аҳоли яшайдиган жойлар сони 424 тага ҳар бир аҳоли манзилгоҳи эса ўртача 317 киши тўғри келган. Ижтимоий-демографик жараёнлари таҳлилида ҳудуднинг аҳоли жойларида истиқомат қилувчилари сони ҳам ўрганиб чиқилди. Натижада Сурхон воҳасида аҳоли яшайдиган манзилларда улар сон жиҳатидан қуйидагича жойлашгани маълум бўлди. 8 та манзилда 25 кишигача, 26 манзилда 26-50 кишигача, 73 та манзилда 201-300 кишигача, 51 та манзилда 501-1000 кишигача аҳоли истиқомат қилган233.
1924 йилги маълумотлар асосида, ушбу ҳудудда ижтимоий-демографик жараёнларига боғлиқ аҳолининг вилоятлар бўйича миллий таркиби ҳам ўрганилди. 1924 йилги маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида 184459 нафар ўзбек, 20438 нафар тожик, 3152 нафар туркман, 7321 нафар араб, 1011 нафар яҳудий истиқомат қилган ва жами аҳоли сони 21911 нафарни ташкил этган. Тадқиқотга кўра, Сурхондарё вилоятида 85.333 нафар ўзбек, 43.221 нафар тожик, 4.330 нафар туркман, 104 нафар қозоқ, 288 нафар араб, 5 нафар эроний, 600 нафар рус, 36 нафар яҳудий, 104 нафар арман, 95 нафар татар, 320 нафар бошқа миллат вакиллари истиқомат қилган ва жами аҳоли сони 134.336 нафарни ташкил этган234.
Ижтимоий-демографик жараёнларни илмий таҳлил этишда аҳолининг миллий таркибини ўрганиш, тарихий жиҳатдан таҳлил этиш айниқса, шаҳар аҳолисининг миллий таркибини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 1924 йилга маълумотларга кўра, жанубий ҳудудлар аҳолиси Қашқадарё вилояти бўйича шаҳарларда истиқомат қилган аҳолининг 27,384 нафари ўзбеклар, 188 нафари тожиклар, 132 нафари туркманлар, 138 нафари араблар, 1011 нафари яҳудийлар бўлиб, жами 28801 нафари киши шаҳарларда яшаган.
Қашқадарёнинг йирик аҳоли марказлари ҳисобланган Беҳбудий шаҳрида 11,979 киши истиқомат қилган, шундан 11,705 нафар ўзбек, 138 нафар тожик, 136 нафар араблар, Ғузор шаҳрида 850 нафар ўзбек, Китоб шаҳрида мавжуд 3,349 нафар аҳолидан 3,217 нафари ўзбек, 132 нафари туркман, Шаҳрисабздаги мавжуд 10,766 нафар шаҳар аҳолисининг 9,755 нафари ўзбеклар, 1,011 нафари яҳудийлардан иборат бўлган. Чироқчи шаҳрида жами аҳоли 561 нафар бўлиб, ҳаммасини ўзбеклар, Яккабоғ шаҳри аҳолиси жами 1,296 киши бўлиб, ҳаммасини ўзбеклар ташкил этган. Ижтимоий-демографик жараёнларини илмий таҳлил этиш жараёнида маълум бўлишича, Ўзбекистонда 1940 йил 1 январида аҳоли сони 6,55 минг нафар, шундан эркаклар 3387 минг, аёллар 3164 минг киши бўлган, умумий аҳолининг 51,7 фоизини эркаклар, 48,3 фоизни аёллар ташкил этган235. Жумладан, Қарши 1926 йилда, Термиз 1929 йилда шаҳарга айланди236.
Ижтимоий-демографик жараёнларининг илмий таҳлилига кўра Ўзбекистон Республикасида аҳоли сони 1897 йили 3948 минг киши бўлиб, шундан 743 минг киши шаҳарларда, 3205 минг киши қишлоқларда яшаган, яъни умумий аҳолининг 18,8 фоизи шаҳар, 81,2 фоизи қишлоқ аҳолисини ташкил этган. Ўзбекистон ҳудудида 1913 йил 4334 млн аҳоли бўлиб, шундан 1060 минг киши шаҳарларда, 3274 минг киши қишлоқларда яшаган, демак, аҳолининг 24,5 фоизи шаҳарда, 75,5 фоизи қишлоқларда истиқомат қилган. 1924 йил Ўзбекистонда аҳоли сони 4258 минг нафар бўлиб, шундан 866 минг киши шаҳарларда, 3392 минг киши қишлоқларда яшаган, яъни аҳолининг 20,3 фоизи шаҳарликлар, 79,7 фоизи қишлоқликлар бўлган. Демографик жараёнлар илмий таҳлилида маълум бўлишича, Ўзбекистонда 1926 йили аҳоли сони 4621 минг киши бўлган, шундан 1012 минг нафари шаҳарларда, 3609 минг нафари қишлоқларда яшаган, демак, аҳолини 21,9 фоизи шаҳарликлар, 78,1 қишлоқликлар эди. Ўзбекистон ҳудудида аҳоли сони 10 фоизга, ўртача йил бўйича 0,6 фоизга ўсди237.
Ўзбекистон аҳолисининг 1926-1939 йилларда ўртача йиллик ўсиши 226,0 минг кишини ташкил этди. Бу ўсиш 1913-1926 йилларга нисбатан 7,5 марта кўпдир238. 1939 йил 17 январда олинган маълумотга қараганда Қашқадарё вилояти аҳолиси 1926 йилга нисбатан 9 фоизга ўсган239. Ўзбекистонда аҳоли сонининг ошиб боришини ва ижтимоий турмуш даражасини аниқлашда қуйидаги тарихий маълумотлар ҳам қўл келади240.
СССР да аҳолининг ўртача ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиши, ўлим ва табиий ўсишининг ҳолатини кўрсаткичлар бўйича таққослаш мумкин. 1926 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига 44,0 туғилиш, 20,3 ўлим, 23,7 табиий ўсиш; 1928 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш 44,3, ўлим 23,3, табиий туғилиш 38,7, ўлим 18,9, табиий ўсиш 19,2 кишига241 тўғри келган. 1913-1940 йилларда Ўзбекистон аҳолиси йилига ўртача 1,5 фоиздан ўсиб, бу даврда аҳоли динамикасидаги энг юқори суръатларига тўғри келади. Аҳоли динамикаси маълумотлари шуни кўрсатадики, Совет ҳокимияти йилларида Ўзбекистон аҳолиси анча тез кўпайиб, 1926-1990 йиллар орасида 436.1 фоизга ўсди242. Аҳоли сонининг муттасил ва анча юқори суръатлар билан ўсиб бориши натижасида, 1926 йилда Ўзбекистоннинг собиқ Иттифоқ аҳолиси салмоғидаги улуши 3.1 фоизни ташкил этган бўлса, 1940 йилда 3.4 фоизни ташкил этди243. Сурхондарё вилоятидаги шаҳарлар ва шаҳарчаларда аҳолининг табиий ва миграциявий ўсиши 1930 йил 2,1, 1939 йил 2,7 фоизни ташкил этди244.
Ўзбекистонда 1935-1940 йиллар аҳолининг меҳнат ресурсларини, мактабгача ҳамда мактаб ёшидаги болаларни, нафақадагиларни аниқлаш бўйича таҳлиллар ўтказиб, аҳоли сонига қараб истеъмол моллари ишлаб чиқариш режалаштирилди. Ўзбекистон аҳолисининг жинсий ва ёш таркибида ўзига хосликлар бўлиб, инқилобдан олдинги даврларда Ўзбекистон аҳолисининг жинсий таркибида эркаклар аёлларга нисбатан кўпчиликни ташкил этиб келган. Бу ҳол, аввало, ўша даврда оиладаги уй-рўзғор юмушларининг асосий қисми аёллар зиммасига тушиши, одатга кўра, қизларни барвақт эрга бериш ва кўп болалилик, тиббиёт хизмати ҳамда оналикни муҳофаза қилишдаги қолоқлик аёллар ўртасида ўлимнинг юқори бўлишига ва оқибат натижада уларнинг кам умр кўришига олиб келган. Ўзбекистон аҳолисининг жинсий таркибидаги бундай хусусиятлар 1939 йилги Бутуниттифоқ аҳоли рўйхати маълумотларида ҳам акс этган эди. Ўша йили республика аҳолисининг 51,6 фоизи эркаклар ва 48,4 фоизи хотин-қизлардан иборат эди245. Ўша йили Сурхондарё вилоятида жами аҳолининг 52,1 фоизни хотин-қизлар, 47,9 фоизни эркаклар ташкил қилди246.
Ўзбекистон аҳолиси кўп миллатлилиги билан ажралиб турарди. Бу ерда 1935-1940 йилларда 120 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилган. 1924 йилгача аҳоли рўйхатлари ўтказилмаганлиги учун, Ўзбекистон аҳолисининг миллий таркиби ҳақида аниқ маълумотлар учрамайди. Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида Ўрта Осиёнинг маҳаллий халқларида, шу жумладан, ўзбекларда миллий шаклланиш жараёни тўла тугалланмаган эди. Шу сабабли 1926 йилги ва ҳатто 1939 йилги аҳоли рўйхатларида “миллати” деган саволга ўзбекларнинг “қипчоқ”, “қўнғирот”, “қурама”, “турк” каби қадимий йирик уруғлари номларини (жойлашган вилоятлар ва туманларига қараб) қайд қилишган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон аҳолисининг миллий таркиби, унда яшайдиган турли миллатларнинг сони, салмоғи ҳамда уларнинг динамикаси билан кейинги аҳоли рўйхатлари маълумотлари орқали танишамиз. XIX асрнинг охирида Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб, 3730 минг аҳоли яшаб, демографик вазиятга 1914-1918 йиллардаги Биринчи жаҳон уруши ҳамда 1918-1920 йиллардаги фуқоралар уруши жуда катта салбий таъсир кўрсатган, 1924 йилда бу ерда 1913 йилга нисбатан аҳоли сони икки марта камайиб кетди247. Сурхондарё вилоятида фуқоралар уруши даврида аҳоли сони кескин камайди, бунга сабаб ўзаро уруш натижасида аҳоли ўртасидаги ўлим, очлик, қашшоқлик ҳамда чет элга кетиш ҳолатлари билан изоҳланади. 1920-1925 йилларда мавжуд аҳоли сони 2,9 мартага кескин камайиб кетди248.
Аҳоли қатлами турли томондан: ёши, жинси, ижтимоий-синфий мансублиги, миллати, маълумоти бўйича ўрганилади. Аҳоли жинсий таркибига урушлар жиддий ўзгаришлар киритди. 1917 йил арафасида Ўзбекистон аҳолиси таркибида эркаклар 52,9, аёллар 47,1 фоизни ташкил этди. Ушбу нисбат то урушгача деярли сақланди. Уруш йилларида эркаклар ва аёллар нисбати бўйича номутаносиблик бошқа томонга ўзгарди. Урушнинг акс-садоси у тугагандан кейин ҳам давом этди. Мамлакат аҳолиси таркибида 14 ёшгача бўлган (14 ёш ҳам шунга киради) ўсмир ва қиз болалар сони ва улуши ўсиб борди, 1926 йилда шу ёшдаги гуруҳнинг аҳоли таркибидаги улуши 34,4 фоиз бўлди249. Шунингдек, жанубий шаҳарлар аҳолиси таҳлилига кўра, аҳоли ёш қатламининг ўсиш суръати ижтимоий- иқтисодий сабабларга кўра, туғилиш камайиб, ёшлар гуруҳи жами аҳолининг 29,2 фоизни ташкил қилди250.
Жанубий ҳудудларда аҳолининг миллий таркиби совет ҳокимияти даврида тез ўзгариб, асосан кўчиб келувчи русийзабон аҳолининг ҳисобида ўса борганлиги сезилади. Масалан, 1926 йилда Сурхондарё ҳудудидаги жами аҳолининг 63,5 фоизини ўзбеклар, 32,1 фоизини тожиклар, 3,2 фоизини туркманлар, 0,1 фоизини қозоқлар, 0,2 фоизини араблар, 0,5 фоизини руслар, 0.1 фоизини арманлар, 0,1 фоизини татарлар, 0,2 фоизини бошқа миллат вакиллари, Қашқадарё ҳудудидаги жами аҳолининг 85,1 фоизини ўзбеклар, 9,3 фоизини тожиклар, 1,4 фоизини туркманлар, 0,3 фоизини қозоқлар, 3,4 фоизини араблар, 0,5 фоизини яҳудийлар ташкил этган. Аҳолининг миллий таркибидаги ўзгаришлар туғилиш жараёнига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, миллий маданий тараққиёт ривожига ҳисса қўшган251.
Тадқиқотда Совет Иттифоқда аҳолини ўртача ўсишини ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш, ўлим ва табиий ўсиши бўйича таққосли таҳлиллар келтиралади. Чунончи, 1926 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш 44,0, ўлим 20,3, табиий ўсиш 23,7 кишига; 1928 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш 44,3, ўлим 23,3, табиий туғилиш 38,7, ўлим 18,9, табиий ўсиш 19,2 киши252ни ташкил этган бўлса, Ўзбекистон аҳолиси 1939 йилда 6 миллион 440 минг кишини ташкил этган253. 1940 йилда Ўзбекистонда ҳар минг киши ҳисобига туғилиш 33,8, ўлим 13,2, табий ўсиш 20,6 кишини ташкил этди. Ҳудудга демографик жараёнларини ўрганишда аҳолининг табиий ўсиши билан боғлиқ манбалар муҳим аҳамиятга эгадир. Ушбу жараён жамият тараққиётининг асосий омили ҳисобланди254. Сурхондарё ва Қашқадарё ҳудудларида 1924-1925 йиларда ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш 39,5,табиий ўсиш 21,2 кишига, 1938-1939 йилларда ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш 45,2, табиий ўсиш 36,2 кишига тўғри келди, чунки 1939 йиллардаги тинч турмуш тарзи ҳамда иқтисодий аҳволнинг бироз яхшиланиши натижасида аҳолининг табиий ва миграциявий ўсишга имконият яратди255.
СССР да аҳолини туғилиши, ўлими ва табиий кўпайиши ўртача 1000 киши ҳисобига ўсиб бориши қуйидаги тарихий маълумотларда акс этди. Россияда 1913 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш 45,5, ўлим 29,1, табиий кўпайиш 16,4 кишини ташкил этган бўлса, 1940 йилда СССРда ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш 31,2, табиий ўсиш 13,2 кишини ташкил этди256. Ушбу жараён Сурхондарё ҳудуди ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиш 45,6, табиий ўсиш 24,3 кишини ташкил этган.Чунки бу даврда тинчлик ҳамда иқтисодий ўсиш аҳолини кўпайиш учун маълум шароитларни вужудга келтирди257.
СССР да аҳолининг ўртача ҳар 1000 киши ҳисобига туғилиши, ўлим ва табиий ўсишини ўртача қуйидаги рақамлар билан таққослаб кўриш мумкин. 1926 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига 44,0 туғилиш, 20,3 ўлим, 23,7 киши табиий ўсиш, 1928 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига 44,3 туғилиш, 23,3 ўлим, 1940 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига 38,7 табиий туғилиш, ўлим 18,9, табиий ўсиш 19,2 кишига258 тенг. Аҳолининг ўсиш жараёни Бухоро амирлиги, Россия мустамлакаси ҳисобланган ҳудудларда ХХ аср бошларида камайиб борди. Бунга очлик, қашшоқлик, вабо, ўлат, чечак, мохов каби оммавий касалликлар ҳамда ўзаро зиддиятлар, урушлар асосий сабаб бўлди. Масалан, 1913-1926 йилларда аҳолининг ўртача йиллик ўсиши 30 минг кишини ташкил этди259. 1913 йилда Ўзбекистон аҳолиси 4 миллион 336 минг кишини, 1939 йилда 6 миллион 440 минг кишини ташкил этди260. Аҳолининг ижтимоий турмуш тарзининг ночорлиги туфайли табий ўсиш жараёнлари ниҳоятда паст эди. Жанубий ҳудудларда бу ҳолат, айниқса фуқаролар уруши жараёнида ўзининг салбий таъсирини кўрсатди, Сурхондарё ҳудудида 1926 йил 17 декабрда ўтказилган аҳоли рўйхати бўйича, аҳолининг сони 203 минг киши, шу жумладан, шаҳарда 16,6, қишлоқда 186, 4 минг киши, яъни аҳоли умумий сонининг 8,2 фоизи шаҳарларда, 91, 8 фоизи қишлоқларда истиқомат қилган261. Ижтимоий-демографик ва урбанизация жараёнларини илмий ўрганишда яна шу нарса кўзга ташланадики, аҳолининг тинч яшаши, ижтимоий турмуш тарзида иқтисодий ўсиш омилларининг пайдо бўлиши, тиббиёт ва маиший хизматни ошиб бориши унинг сони жиҳатдан кўпайишига имконият яратди. Буни қуйидаги таҳлилларда кўриш мумкин. 1939 йил 17 январдаги рўйхатга кўра, Ўзбекистонда жами 6 миллион 440 минг аҳолининг 3 миллион 329 минг нафари эркаклар, 3 миллион 111 минг нафари аёллар эди. Демак, жами аҳолининг 52 фоизини эркаклар, 48 фоизини аёллар ташкил этган. Шунингдек, шаҳар аҳолиси 1 миллион 488 минг кишини ташкил этиб,шундан эркаклар 766 минг нафар, аёллар 722 минг кишини ташкил этди. Демак, шаҳар аҳолисининг 51 фоизини эркаклар, 49 фоизи аёллар бўлган. Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси 4 миллион 952 минг кишини ташкил қилган262. Жанубий ҳудудларда аҳолининг табиий ва миграция жарёни таъсирида ўсиш суръатлар 1930 йилларда юқори бўлиб, тинч турмуш тарзи ҳамда иқтисодий ва маданий ҳаётдаги ўзгаришлар бунга ижобий таъсир кўрсатди. Сурхондарё ҳудудида ўтказилаган аҳоли рўйхатига оид маълумотлар бунга мисол бўлади. 1939 йил 17 январда ўтказилган аҳолиниг рўйхати бўйича Сурхондарё ҳудудидаги аҳоли сони 315, 2 кишини ташкил қилиб, жумладан шаҳарда 29,2 минг, қишлоқларда 286 минг киши истиқомат қилган. Демак, аҳоли умумий сонининг 5,4 фоизи шаҳарларда, 94,6 фоизи қишлоқларда яшаган263.
Ижтимоий-демографик жараёнларини илмий ўрганишда меҳнатга яроқли аҳоли сонини аниқлаш ва ишга жойлаштириш масалалари ҳам муҳимдир. СССР давлатида меҳнатга яроқли аҳоли мамлакат бўйича жами аҳолисининг 1926 йилда 42,7 фоизини, 1939 йил 53,5 фоизини ташкил этган. 1926-1959 йилларда меҳнатга яроқли аҳоли сони ўртача 14,7 фоизга ўсди. Ўзбекистонда аҳоли сон бошига маҳсулот ишлаб чиқариш, тақсимлаш, аҳолининг кундалик талаб-эҳтиёжларини қондириш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, совет ҳукумати даврида ушбу масалага бир томонлама, Марказ манфаатлари нуқтаи назаридан эътибор берилди. Бу қуйидаги маълумот ва таҳлилларда кўриш мумкин: СССРда 1940 йилда ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши, янги меҳнат ресурсларининг ишга солиниши туфайли, меҳнат унумдорлиги ўсиб, миллий даромад 33,5 миллиард сўмга етди, аҳоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқариш 174 сўмни ташкил этди. Жами аҳолининг 49,2 миллиони маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, ўртача маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳар бир кишига 681,5 сўмга тўғри келди. Меҳнатга яроқли аҳоли 102 миллион киши бўлиб, миллий даромад улуши ҳар бир меҳнатга яроқли одамга 329 рублни ташкил этди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аҳоли жон бошига ўртача миллий даромад ўсиши 1940 йилда 1928 йилга нисбатан 3,8 марта ошди, материал ишлаб чиқариш бўйича иш ўринларни эгаллаш 5,1 мартага, меҳнат унумдорлиги 3,1 мартага ўсди264. Бироқ ушбу қайд этилган манбалар умумдавлат манфаатлари нуқтаи-назардан таҳлил этилган бўлса-да, ушбу маълумотлар Ўзбекистон, жумладан, жанубий ҳудудларда амалда ўз мазмунини бермаганлиги тарихий далилларда ўз исботини топди.
1940 йили Ўзбекистонда 25 та шаҳар ҳамда 19 та шаҳар типидаги манзиллар, жумладан, 1 та автоном республика, 5та область, 116 та район, 1387 та қишлоқ мавжуд эди. Бу даврга келиб, аҳолининг ижтимоий –иқтисодий турмуш тарзи учун маълум имкониятлар яратилди. Сурхондарёда 2 та (Термиз вилоят миқёсидаги ва Денов районга бўйсунувчи шаҳар ҳамда Шеробод, Шарғун, Шўрчи шаҳарчалари265), Қашқадарёда (Беҳбудий вилоят миқёсидаги, Шаҳрисабз районга бўйсунувчи) шаҳар ҳамда Ғузор, Китоб шаҳарчалари мавжуд эди266. Бироқ маҳаллий аҳолини миллий камситиш, миллий урф-одатларни, анъаналарни поймол қилиш ҳамда миллатчилик ғоялари кенг тарғиб қилинди267. Жанубий ҳудудлардаги шаҳарлар аҳолисининг миллий таркибида маълум маънода ўзгаришлар бўлди. Масалан, Қашқадарё ҳудудидаги шаҳар аҳолисининг миллий таркибига эътибор берилса, Беҳбудий шаҳар аҳолисининг 11,705 нафари ўзбеклар, 138 нафари тожиклар, 136 нафари араблар, яъни жами аҳолининг 97,7 фоизини ўзбеклар, 1,2 фоизини тожиклар, 1,1 фоизини араблар ташкил этган. Шаҳрисабз шаҳри аҳолисининг 9,755 нафари яъни, 90,9 фоизини ўзбеклар, 1,01 фоизини яҳудийлар ташкил қилган. Яккабоғ шаҳри аҳолисининг 1,296 тасини ўзбеклар, яъни 100 фозини ўзбеклар ташкил этган268. Шунингдек Сурхондарё ҳудудидаги шаҳарларда жами аҳолининг 836 тасини ўзбеклар ташкил этиб, қолган шаҳар аҳолисининг 4351 тасини тожиклар, 180 нафарини туркманлар, 24 нафарини қозоқлар, 138 нафарини араблар, 5 тасини эронликлар, 600 нафарини руслар, 36 нафарини яҳудийлар, 104 нафарини арманлар, 95 нафарини татарлар, 320 нафарини бошқа миллат вакиллари ташкил қилган269. Сурхондарё ҳудудидаги шаҳарларни илмий таҳлил этиш жараёнида Бойсун шаҳрида 122 нафар ўзбек, 2,071 нафар тожик, 2 нафар араб, 36 нафар яҳудий, Дарбандда 1, 363 нафар тожик, Термиз шаҳрида 185 нафар ўзбек, 96 нафар тожик, 180 нафар туркман, 24 нафар қозоқ, 5 нафар эроний, 600 нафар рус, 104 нафар арман, 95 нафар татар, 92 нафар бошқа миллат вакилари истиқомат қилганлиги аниқланди270. Юқоридаги маълумот манбалардан хулоса қилиш кераки, ўзбеклар асосан қишлоқларда истиқомат қилишган.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, юқорида қайд этилган сиёсатда маҳаллий аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг сони ва салмоғини ошириш, ижтимоий-иқтисодий, маданий турмуш даражасини яхшилаш масаласида қонуний аҳамиятга эга бўлган ишлар қилинмаганлиги тарихий манбаларда ўз исботини топди. Қашқадарё ва Сурхондарё аҳолисининг миллий таркиби ва жойлашувини ўрганишда совет ижтимоий-иқтисодий тузуми даврида аҳоли ўсиши қонуни демографик вазиятга бевосита таъсир кўрсатганлигини ХХ асрнинг 20-йилларидаги воқеа-ҳодисалардан мукаммал билиб олиш мумкин. Демографик жараёнларининг бориши, аҳолининг турмуш даражаси, никоҳ, ажралиш, оилавий муносабатларнинг тадрижий тараққиёти билан ҳам боғлиқ ҳисобланади. Бу даврда ўзбек оилаларида ажралиш ҳоллари жуда кам, оила-никоҳ инсон ҳаётидаги энг муқаддас ижтимоий ҳодиса бўлиб, у жамият томонидан, ислом ақидалари, урф-одатлар, қадриятлар орқали жуда қадрланган. Никоҳнинг бекор этилиши эса қораланган. Аҳоли сонининг ўсиши, миллий таркибининг кўпайиши, мавжуд ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзини ўзгаришига кундалик эҳтиёжларини ошиб боришига олиб келади. Аҳолининг ўсиши, натижасида иқтисодий муаммолар, ички зиддиятлар ҳамда ташқи табиий ва сиёсий жараёнлар ўз таъсирини ўтказиб, аҳоли сони билан боғлиқ ғоялар, сиёсий тортишувлар ва баҳсларнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Аҳоли сонининг ўсиши натижасида, ҳудудда жойлашиш, иш билан таъминлаш ва касбга муносабат масалалари мураккаблашиб, маълум маънода ички зиддиятларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Демографик жараёнларининг меҳнатга муносабат масаласи ҳамда аҳолининг касбий таълим йўналишида таркибий нуқтаи назардан жойлашуви асосида меҳнатга яроқли аҳолини аниқлаш ва ишга жойлаштириш муҳим масала бўлиб ҳисобланса-да, бунга эътибор берилмади. Демографик жараёнлари аҳолининг ўсиши билан боғлиқ меҳнат ресурсларини кўриб чиқишни, аҳолининг жинсий таркибини мунтазам кузатиб боришни ва тарихий таққослашни, илмий мушоҳадаларни холисона баён этишни талаб этади.
Достарыңызбен бөлісу: |