Байланысты: Imom G\'azzoliy. Ihyou ulumid-din. Tafakkur kitobi (1)
www.ziyouz.com кутубхонаси
29
албатта кеча ва кундуз ўзгариб, унинг аниқ вақтини билмай қолардинг. Тун ва кун ўрин
алмашиб тургани боис тирикчилик вақти билан истироҳат вақтини алмаштириб қўймайсан.
Қарагин, Аллоҳ таоло қандай қилиб биз учун тунни либос, уйқуни роҳат, кундузни
тирикчилик учун восита қилиб қўйган? Кечанинг кундузга, кундузнинг кечага кириши ва ҳар
иккисининг ўзига хос тартиб-қоидага мувофиқ қисқариб-узайиб турганига диққат-эътибор
қилгин. Қуёшнинг белгиланган чизиқ бўйлаб осмон ўртасидан ўтишига қара. Ҳатто ёз, қиш,
баҳор ва куз фаслларининг алмашиниб туриши қуёшнинг қай тариқа ўтишига боғлиқ. Агар
қуёш юришда осмон ўртасидан пасаядиган бўлса, ҳаво совийди ва қиш фасли бошланади. Агар
осмон ўртасига тўғри бўлса, иссиқ кучайиб кетади. Агар шу иккиси ўртаси бу юришга мувофиқ
бўлса, вақт тенглашади. Сенда бу ажойиботлардан ўндан бирини ҳам санаб ҳисобига етиш
имкони йўқ. Балки мақсад сени фикр қилишга ундаш ва фикр қилмасликдан огоҳлантиришдир.
Бир ўйлаб кўргинки, сендан жуда олис масофада турган митти юлдузнинг пайдо бўлиши,
миқдори, шакли, ранги, муаллақ туриши, осмон ўртасига яқин ва узоқлигида Аллоҳ таолонинг
жуда кўп ҳикматлари мавжуд. Бунга биз айтиб ўтган баданинг аъзоларини қиёсла. Негаки, ҳар
бир аъзоингда бир ҳикмат, балки ундан ҳам кўп ҳикматлар мавжуд. Осмон ва ундаги ишлар
бундан ҳам улуғ маъно касб этади. Балки ер оламини осмон оламига на катталиги ва на
аҳамияти жиҳатидан тенглаштириб бўлмас.
Сен ернинг улканлигини ва унинг атрофи ҳаддан ташқари кенг эканини яхши биласан.
Инсон буни идрок этиш ва унинг атрофини айланиб чиқишга қодир бўлолмас. Қуёш ерга
қараганда бир юз олтмиш марта каттароқ эканини аниқлашган. Сен кўриб турган
юлдузларнинг энг кичиги ҳам ерга қараганда саксон марта, энг каттаси бир юз йигирма марта
каттароқ экан. Бу қиёсдан юлдузлар ердан нақадар юксакда туриши ва узоқ эканини билиб
оласан. Негаки, сен юлдузларни фақат узоқлиги туфайли кичкина, деган тасаввурдасан.
Шунинг унун Аллоҳ таоло бунга ишора қилиб деган: