Байланысты: Imom G\'azzoliy. Ihyou ulumid-din. Tafakkur kitobi (1)
www.ziyouz.com кутубхонаси
30
ғаройиблиги, нақшлари бетакрор ва ажойиб эканига қарайсан-у, бу хусусда гапирмайсан ва
қалбингни унга бурмайсан! Сен таърифлаган олдинги уй бу уйнинг олдида нима деган гап. Ўша
сен мақтаган бойнинг уйи ҳам ернинг бир қисми-ку! Шунга қарамасдан сен бу улкан уйга
яхшилаб назар солмайсан. Бу уй пайдо бўлиши ва тартиби билан алоҳида ажралиб турган
Роббинг уйидир. Сен ўзингни, Роббингни ва Роббинг уйини унутиб, фақат қорин ва фаржинг
ташвиши билан оворасан. Сен фақат ҳавойи нафсинг ва ҳурмат-эътиборингни ўйлаб қолгансан.
Бундан нарига ўтмайсан. Қорин тўйғизиш — ғам-ташвишинг. Сен бир ҳайвон еганидан кўпроқ
нарсани ейишга қодир эмассан. Бу жиҳатдан ҳайвон сендан устун туради. Сени таниган
кишилардан ўнта ёки юзтаси ҳурмат-эътиборга лойиқдир. Лекин кўплари ҳузурингда
тилёғламалик қилсалар-да, ифлос ниятларини яширадилар. Агар улар сенга нисбатан
муҳаббатда ростгўй бўлсалар, на сенга ва на ўзларига бирон фойда ё зарар, на ўлим ва на
ҳаётга молик бўла олмайдилар. Сенга уларнинг яқин ва қадрдон бўлишида кўзда тутган
мақсадлари бордир. Сен ана шунга алданиб қолма. Сен шундай ғурур ва кибр билан машғулу
оворасанки, осмон ва ер мамлакатлари гўзаллигига қарашга вақт топмайсан. Мулк ва малакут
эгаси — Малик зотнинг улуғлигига қараб, ҳузурланишдан ғофилсан. Сенинг бу ақлинг
муҳташам ва баланд қаср солиб, хизматкор ва чўрилар хизматида қўл қовуштириб турган,
анвойи ва нафис нарсалар билан безатилган подшоҳ қасрларидек бир қаср девори тагидан ин
қазиб чиққан чумолида бўлиши мумкин. Албатта у чумоли инидан чиқса ва шеригини учратиб
қолса, агар гапиришга қодир бўлса, фақат ўзининг ини, йиғиб қўйган озуқаси ва уни қай
тарзда йиғиш мумкинлигини айтишдан нарига ўтмасди. Аммо тепасида турган улкан қаср ва шу
қасрда яшайдиган подшоҳнинг ҳолатини у чумоли тасаввур қилишдан бутунлай йироқ. Балки у
чумолини ўз нафси ва озуқасидан бошқа нарса асло қизиқтирмайди. Худди чумоли олдидан
чиққан қаср, унинг ери, томи, деворлари ва бошқаларидан ғофил бўлганидек, шунингдек, унда
яшайдиган кишиларга қизиқмагандек, сен ҳам Аллоҳ таолонинг уйи ва унинг томи — осмонда
яшайдиган фаришталаридан ғофилдирсан. Сен осмонни фақат чумоли уйинг томини
билганчалик биласан. Осмондаги фаришталарни ўша чумоли сени ва уйингда яшайдиган
кишиларни билганчалик биласан. Ҳа, чумолига сени билиш ва сен қурган муҳташам қаср ва шу
қасрни яратган уста маҳоратини билишга йўл бўлсин. Аммо сенда малокут оламида кезиш ва
унинг ажойиботларини таниш имконияти мавжуд-ку.
Калом тизгинини энди бироз бундай талқиндан тортайлик. Чунки бу асло тугамайдиган
мавзу. Бир умр шу мавзуни тадқиқ этадиган бўлсак ҳам, Аллоҳ бизга билиш учун рухсат берган
нарсани тўлиқ шарҳлашга қодир бўлмаймиз. Биз билган нарсани уламолар ва авлиёлар билган
нарсага қиёслаганда жуда кам ва арзимас. Уламолар ва авлиёлар билган нарсани анбиёлар
алайҳиссалоту вассалом билган нарсага қиёслаганда жуда кам ва арзимас. Анбиёлар билган
нарсани Набийимиз Муҳаммад алайҳиссалом билган нарсага қиёслаганда жуда кам ва арзимас.
Анбиёлар ҳаммаси билган нарсани Исрофил, Жаброил ва бошқа муқарраб фаришталар билган
нарсага қиёслаганда жуда кам ва арзимас. Шундан кейин фаришталар, жинлар ва инсларнинг
ҳамма илмларини йиғиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло илмига қиёс қилинса, у илм дейишга асло
арзимас.
Балки бу илм бор-йўғи ажабланиш, ҳайрат, қусур ва ожизликдан бошқа нарса дейишга
лойиқ бўлмайди. Бандасига билмаган нарсасини билдирган Зот нақадар пок. Аллоҳ таоло
барчаларита хитоб қилиб деди: