Байланысты: Imom G\'azzoliy. Ihyou ulumid-din. Tafakkur kitobi (1)
www.ziyouz.com кутубхонаси
20
Ул зотнинг қудрати беқиёс эканини кўрдинг, энди унинг раҳмати ҳам шунчалик беқиёс
эканига қарагин. Батаҳқиқ, гўдак улғайган сари бачадон торайиб боради. Қандай қилиб
гўдакка у жойдан чиқиш ва ҳаракат қилиш учун йўл кўрсатди? У мана шу тор ва қоронғу жойда
оқил ва кўзи очиқ кишидек ўзига йўл излайди ва ундан чиқишга интилади. Сўнг у кенг оламга
чиқиб олгач, озуқага эҳтиёж сезади. Қандай қилиб шу гўдакка кўкракни излаб топиши учун йўл
кўрсатди?
Ҳали у гўдак бадани қуюқ озуқага ўрганмагани боис лутф-марҳамати туфайли юмшоқ сутни
яратди. Кўргинки, бу сут ошқозон билан қон орасидан тотли ҳолда чиқади. Она кўкрагини
яратиб, унда сутни жамлаганига қарагин? Икки эмчак учи тугмачаси гўдак оғзига сўрғичдек мос
тушиши янада ажабланарлидир. Сўнг ана шу эмчак учида жуда тор бир тешикни қолдирди. Сут
ундан ўз-ўзича оқиб чиқмайди, балки гўдак оғзи билан кетма-кет сўргандан кейингина оқиб
чиқади. Гўдак озгина вақт очликка тоқат қилиб туради, холос. Шу гўдакка қандай йўл
кўрсатилдики, очлик кучайганда ўзига керакли сутни қидириб она сийнасига талпинади?
Сўнг Ул зотнинг ниҳоятда меҳрибон, раҳмли ва латифлигига қарагин. Не ажабки, икки йил
бўлгунча гўдак тишлари чиқмай туради. Чунки гўдак икки йил фақат сут билан озиқланади ва
тишларга зарурат сезмайди. Қачонки у муайян ёшга етиб борса, юмшоқ ва ёқимли сут энди
унинг танасига мувофиқ келмайди ва қаттиқ овқатга муҳтожлик сезади. Шунда гўдакда чайнаш
ва майдалаш асбобига эҳтиёж пайдо бўлади. Албатта У зот тишларни олдин ҳам эмас, кейин
ҳам эмас, фақат гўдак муҳтож бўлгандагина ўстириб чиқарди. Аллоҳ субҳонаҳу қандай қилиб
мана шу юмшоқ жағлар орасидан қаттиқ суяк (тиш)ларни ўстириб чиқарди экан? Сўнг ота-она
қалбини гўдак бир ишни бажаришдан ожиз бўлган вақтда ёрдам беришга мойил қилиб қўйди.
Агар Аллоҳ таоло ота-она қалбига ўз раҳматини солмаганида гўдак ўзи учун бир ишни
қилишдан ожиз бўлиб қоларди.
Сўнг гўдак то балоғат ёшига етиб, камол топгунигача қандай қилиб қудрат, тамиз, ақл ва
ҳидоятни босқичма-босқич берди. Сўнг шу гўдак йигит бўлиб, ўрта ёшга етиб, кекса қарияга
айланади. Бу вақтда у ё итоатли ва ё шукр қилгувчи мўмин-мусулмон, ё иймон келтирган осий
ёки Аллоҳ таоло сўзини инкор қиладиган кофир бўлиши мумкин: