Байланысты: Imom G\'azzoliy. Ihyou ulumid-din. Tafakkur kitobi (1)
ФИКР ПАЙДО БЎЛИШИ Билгинки, фикр баъзан дин билан боғлиқ, баъзан эса дин билан боғлиқ бўлмаган бир
нарсага тааллуқ топади. Бизнинг мақсад дин билан боғлиқ жиҳат бўлиб, ундан бошқасини
ҳозирча қолдириб турайлик. Динда Робби билан банданинг муомаласи муҳим ўрин тутади.
Банданинг бутун фикри-зикрида энг аввал ўзи, ўзининг сифатлари ва ҳолатлари турса, ундан
кейин маъбуд, унинг сифатлари ва ишлари билан боғлиқ нарса туради. Мана шу иккисидан
четга чиқиб бўлмайди. Банданинг ўзи билан боғлиқ нарса деганда Аллоҳ таоло наздидаги
маҳбуб ёки макруҳ нарсага қараш тушунилади. Шу иккисидан бошқасини тафаккур қилишга
ҳожат йўқ. Аллоҳ таоло билан боғлиқ нарса ё унинг зоти, сифатлари, гўзал исмлари, ё у
зотнинг ишлари, мулки, малакут олами, осмонлар ва ер, шунингдек, шу иккиси ўртасидаги
мавжудотга назар солишдан иборат. Бунда ўқувчига фикр бироз чекланган бўлиб кўринади.
Ваҳоланки, Аллоҳ таолога интилган ва унинг дийдорига муштоқ бўлганлар назари ё маъшуқи, ё
ўз нафсига қаратилган бўлади. Агар у маъшуқи хусусида фикр қилса, мушоҳада ва фикр
орқали ундаги гўзал сурат ва қиёфани лаззат ва ҳузур олиш учун кўз олдига келтиради. Ёки
лаззат ва муҳаббати янаям зиёда ва кучли бўлиши учун унинг гўзал ва латиф ишлари хусусида
фикрлайди.
Агар банда ўзи хусусида фикрласа, асосий фикр-зикри маҳбуб назаридан туширадиган ёки
унга қурбат ҳосил этадиган ва ё муҳаббатини оширадиган сифат хусусида бўлади. Шундан
кейин у ўзида бир камчиликни кўрса, маҳбубига ёқиш учун дарҳол ундан қутулиш чорасини
излайди ва яхши хулқ бўлса, уни кўпайтириш иложини ўйлайди.
Агар банда шу иккисидан ташқари бир нарсани ўйласа, у чоғда бундай тафаккур тарзи ишқ
белгилаган ҳаддан четга чиққанидир. Чунки комил ва етук ишқ ошиқ вужудини тўлиғича
эгаллаб, унинг қалбида шундан бўлак нарсага жой қолдирмайди. Ҳақиқий ошиқ севгилиси
дийдоридан бошқа нарсани ўйламаслиги керак. Аллоҳ таолони севувчи ҳам худди шундай.
Аллоҳдан бошқа нарсани ёдига келтирмайди. Кимнинг тафаккури мана шу тўрт қисм ичида
бўлса, муҳаббат тақозо этган ҳад-чегарадан чиқмайди. Энди аввалги қисмга алоҳида тўхталсак.
Аввалги қисм банда кўпроқ амалларининг яхшисидан ёмонини ажратиб олиши учун ўзининғ
сифатлари ва амаллари тўғрисида фикрлашидан иборат. Шундан сўнг Аллоҳ наздида маҳбуб ва
макруҳ бўлган амаллардан ҳар бири тоат ва маъсият каби зоҳирий амал ҳамда қалб билан
боғлиқ бўлган мунжиёт ва муҳликат (мунжиёт — нажот берувчи, муҳликат — ҳалок этувчи)
сифатлар каби ботиний амалга ажралади. Буни мунжиёт ва муҳликот қисмида илгари баён
этилган.
Маъсиятлар етти аъзо билан боғлиқ ёки жамики бадан билан боғлиқ нарсага бўлинади.