VIII БОБ. ЮЗ-ЖАҒ СОҲАСИ ТИКЛОВ ЖАРРОХЛИГИ
Юз-жағ соҳасининг нуқсон ва деформациялари ҳамда улар билан боғлиқ бўлган функционал ва эстетик бузилишларни бартараф қилиш тиклов хирургиясининг асосий мақсадидир.
Юз, жағлар ва оғиз бўшлиғи аъзоларида учрайдиган нуқсон ва деформацияларга турли патологик ҳолатлар сабаб бўлиб, булар сирасига оғир даражадаги яллиғланиш, юқумли ва жароҳатли некротик жараёнлар (жағлар остеомиелити, флегмона, нома, махсус яллиғланиш касалликлари ва бошқалар), жароҳатлар, ўсма ва ўсмасимон ҳосилалар бўйича қилинган хирургик ҳаракатлари, туғма аномалиялар (лаб, юмшоқ ва қаттиқ танглай кемтиклари, жағ шакллари ва ўлчамларининг бузилиши), нур терапиясини ўтказиш оқибатлари кабилар киради. Бундай ҳолларда беморларда юз анатомик шаклининг бузилишидан ташқари, функционал ўзгаришлар: оғиз очилишининг чегараланиши, чайнаш, нутқ, нафас олишнинг бузилиши ва бошқалар кузатилади. Буларнинг барчаси беморнинг чуқур руҳий изтироб чекишига сабаб бўлади.
Тиклов хирургияси умумий хирургиянинг бир қисми бўлиб, унинг асосида кўпроқ тана юзаси тўқималаридаги шакл бузилишларини бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган операциялар ётади. Агар тананинг қўл ва оёқлардаги ҳамда қорин ва кўкрак соҳасидаги нуқсонларни кийим ёки бирор бир бойламалар билан беркитишнинг иложи бўлса, юз соҳасидаги нуқсонларни беркитиш анча қийин масала ҳисобланади. Шу туфайли, дастлабки пластик хирургия ҳаракатлари юз соҳасидаги нуқсонларни бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган жарроҳлик муолажалари билан бошланган. Шунинг учун ҳам, юз соҳасидаги тўқималар билан хирургик ишлаш принципи ва тажрибалари тананинг бошқа соҳаларида кенг фойдаланишга асос бўлди. Пластик хирургия алоҳида йўналиш сифатида ХХ асрда, асосан Биринчи жаҳон урушидан кейин шакллана бошлади ва Иккинчи жаҳон урушидан кейин, аниқроғи, ўтган асрнинг 50 - йилларида ўз тасдиғини топди.
ХХ асрнинг 20 - йилларида англиялик хирург Gillis томонидан пластик хирургиянинг асосий принциплари ишлаб чиқилганига қарамасдан, мустақил фан сифатида пластик хирургия, аввало, Англия ва АҚШ да ХХ асрнинг 40-50 - йилларида шакллана бошлади.
Пластик хирургиянинг ривожланишига совет олимлари жуда катта ҳисса қўшди. Шулардан офтальмолог Филатов шох пардани эркин кўчириб ўтқазиш пластикаси билан бир қаторда, кўз ости соҳаси юмшоқ тўқималарининг нуқсонларини тананинг бошқа соҳасида шакллантирилган думалоқ банд ёрдамида бартараф этиш усулини эълон қилди (1917). Бу ҳақда Gillis ҳам 1918 йилда ўзининг илмий мақоласини чоп этди. Ҳозирда бу усул Филатов ва Gillis усули номи билан машҳур. Мазкур усул билан тери нуқсонларини бартараф этиш оммавий равишда Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланилди ва бунинг натижасида бир неча ўн минглаб жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолишга эришилди. Шу йўсинда биринчи марта хирургларда йўқотилган тўқималарни қайта тиклаш учун бир қанча бандлар ёрдамида кўп сонли пластик материаллар олиш имкони туғилди.
Пластик хирургия тараққиётининг тубдан ўзгариши микрохирургия техникасининг амалиётга татбиқ этилиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Микрохирургия усулининг амалиётда қўлланилиши блокли тўқималар аутотрансплантацияси орқали катта ҳажмли нуқсон соҳасини бир ёки икки босқичли операция ёрдамида бартараф этиш ва эстетик жиҳатдан беморни қаноатлантирадиган натижа олиш имкони пайдо бўлди
Тиклов операцияларини режалаштириш.
Юз ва жағларни тиклов хирургияси маҳаллий тўқималар, оёқчали лахтак, Филатов банди ва тўқималарни эркин кўчиришга асосланган услубларни ўз ичига олади.
Тиклов операциялари тиббий кўрсатмалар ва олдиндан тузилган режа бўйича бажарилиши шарт. (А. Э. Рауэр, НМ. Михельсон).
Тиклов операцияларига кўрсатмалар, пластика усули ва оғриқсизлантириш тури (умумий ёки маҳаллий) ни танлаш, асосан, нуқсон ёки деформациянинг ҳажми ва характерига, бемор организмининг индивидуал хусусиятларига, ёшига ва унинг ҳаётини таъминловчи тизимлар сақланганлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Юз-жағ соҳасининг деформацияси ва нуқсонларини оператив йўл билан бартараф этишга қарши кўрсатмалар сифатида руҳий касалликлар, сил касаллигининг очиқ шакли, захмнинг бошланғич босқичи, қон касалликлари, хавфли ўсмалар ва ОИВ инфекциясини санаб ўтиш мумкин. Шифокор беморнинг руҳий ҳолатини профессионал мутахассис нуқтаи назаридан жиддий ўрганиши ва холисона баҳолаши керак, баъзи ҳолларда психоневролог маслаҳатини ўтказиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Операциянинг энг муҳим шартлари:
Деформация ёки нуқсонни чуқур ўрганиш. Бунда нуқсоннинг жойлашуви, шакли ва ҳажми (эни, узунлиги ва чуқурлиги) ни, қайси тўқималар йўқлиги ёки нобуд бўлганлигини аниқлаш лозим. Операция режасини тузиш деформация ёки нуқсон таҳлили асосида хирургнинг масалани уч ўлчамда еча олиш қобилияти, яъни қайта тикланаётган аъзо ҳажми (катталиги ва шакли) ни стереоскопик тасаввур қила олиши билан боғлиқ. Бунинг учун турли аъзолар орасидаги ўзаро муносабатни яхши билиш лозим.
Яхшилаб ўйланган, пухта режа тузиш.
Операция усулларини билиш.
Пластик операцияларни режалаштириш вазифаси ўзида оператив даволашнинг мақсадига мувофиқ равишда, анатомик, функционал ва эстетик натижага эришиш учун бир қатор тадбирларни ўтказишни мужассамлаштиради. Бунинг учун қуйидаги эътиборга олинади:
операция босқичлари сонининг камлиги;
пластик материалнинг тежаб ишлатилиши;
бемор учун энг кам ноқулайликлар туғдириш йўлидан бориш;
тўлиқ реабилитациянинг энг тез муддати.
Даволаш режасини тузиш тўлиқ анатомик, функционал ва эстетик самара олиш мақсадида энг муҳим ва мақсадга лойиқ жарроҳлик усулини танлашга асосланган. Бунга эришиш учун, биринчи навбатда, қуйидагиларни ҳисобга олиш керак: қанча миқдорда ва қандай пластик хомашё керак; пластика усулининг қайси тури мақсадга мувофиқ; кўп босқичли даволашда аниқ оператив ёндашиш услуби ва уларни ўтказиш тартибини танлаш.
Хирургик даволашни тўғри режалаштириш учун шифокор юз тузилишининг асосий хусусиятларини яхши билиши ҳамда етишмаётган қисмларни чизмада чиза билиши керак. Юз аъзоларини конструкциялашда улардаги тўқималарнинг тузилиш хусусиятлари ва умумий уйғунлик (гармония)ни ҳисобга олган ҳолда антропометрияни пухта билиш муҳим роль ўйнайди (Расм 111). Операцияларни режалаштиришда юз суратлари, ниқоб (маска) лар, моделлар, эскизли чизмалар тайёрланади.
Тиклов операцияларини ўтказишда юз ва тананинг бошқа қисмларида ўтказиладиган кесмаларнинг асосий қоидаларига қатъий риоя қилиш, лахтакларни математик моделлаштиришдан фойдаланиш, тўқималардаги турли қатламларнинг хусусиятларини ҳисобга олиш лозим. Юзнинг бир неча анатомик қисмларидаги мураккаб ёки қўшма юз нуқсонларини бартараф этиш вариантларини аниқлашда компьютер хизматидан фойдаланиш зарур.
Расм 111. Юзнинг асосий антропометрик мўлжал чизиқлари (чизма)
1-пешонада – соч илдизи чегарасида; 2-лямбдасимон чок ўртасида; 3-глабеллада; 4-бурун илдизи асосида; 5-бурун суяклари ўртасида; 6-бурун суяклари асосида; 7-буруннинг олдинги асоси остида; 8-юқори лаб чегарасида; 9-пастки лаб қирғоғида; 10-даҳан ости эгатчаси чуқурлигида; 11-даҳаннинг максимал бўртиб чиққан нуқтасида.
Тўқималар билан ишлашда хирургнинг асосий эътибори ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишга қаратилган бўлиши лозим. Чунки кўпгина пластик операциялар тўқимада қон айланишининг бузилиши билан, шунингдек, уларни янги жойга кўчириш вақтидаги деваскуляризация билан кечади. Қон айланиши бузилган тўқима микроорганизмлар таъсирига тез сезувчан бўлиб қолади ва бу девитализация жараёнини кучайтиради. Тўқима турли тузилишга эга бўлганлиги учун хирургик амалиёт вақтида иложи борича максимал даражада эҳтиёт қилиниши лозим. Атравматик операция термини бу ерда шартли қўлланилган, чунки ҳар қандай хирургик амалиёт ҳужайранинг зарарланиши билан кечади. Кўп йиллик хирургик ва ҳозирги замон тажрибалари шуни кўрсатадики, ўткир асбоб билан юзага келган жароҳатда тўқималар тез фурсатда битади. Дағал жароҳатларда эса аксарият ҳолатларда тўқималар некрозга учрайди. Микрохирургик техника асбобларининг ишлаб чиқилиши операцияларнинг анча енгил ўтишига ёрдам берди. Пластик материални шакллантиришда хирургнинг асосий иш қуроли скалпель ва қайчи ҳисобланади. Алмаштириладиган тиғдам (лезвия) лардан фойдаланиш анча қулай ҳисобланади.
Пластик материал ҳосил қилинаётган маҳалда бандни кўчиришга халақит бераётган барча қон томирлари ва нерв томирлари бир хил узунликда кесилади, лекин бу ишни эҳтиёткорлик билан қилган маъқул. Жароҳат четларини кенгайтириш операция майдонининг тафтиш қилинишини осонлаштиради.
Гемостаз сифатига аҳамият бериш ҳамда чок қўйиш техникасига риоя қилиш бу борада муҳим ўрин тутади. Айни пайтда, тўқималар тортилиши кузатилмаслиги, операцияда жароҳатни қаватма-қават тикиш ва беморнинг операциядан кейинги парваришини адекват олиб боришга ҳам жиддий эътибор бериш зарур. Пластика усулининг самарадорлигини ошириш учун атравматик игналар, асептик чок материаллари, фермент, антибиотик, биовоситалар тутувчи боғламлардан ва гемостаз учун электрокоагуляция усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Операциядан кейинги даврда патогенетик асосланган терапиядан (антибактериал ва биологик фаол воситалар, десенсибилизацияловчи моддалар, антикоагулянтлар ва б.) ҳамда физиотерапевтик даволаш усулларидан фойдаланилади.
Шундай қилиб, тиклов операцияларини тўғри режалаштириш ва рационал операция усулини танлаш даволаш пластикасининг ижобий ўтказилишини белгилайди. Унинг самарадорлиги қайта тикланган тўқима ва аъзоларнинг анатомик шакли, функцияси ва эстетик бутунлик даражасига қараб баҳоланади.
Маҳаллий тўқималар ёрдамида амалга ошириладиган пластика.
Маҳаллий тўқималар билан пластика амалиётини ўтказиш нуқсон атрофидаги тўқималар ҳисобига амалга оширилиб, тиклов хирургиясининг энг қадимги ва самарали усули ҳисобланади. Юз соҳасида маҳаллий тўқималар ҳисобига ўтказиладиган пластика қатор афзалликларга эга. Улардан энг асосийси – пластика ўтказишда муҳим бўлган тўқималарнинг эластиклиги ва ранги бўйича бир-бирига мос келиши ҳамда эстетик жиҳатдан яхши натижа бериши ҳисобланади. Бундан ташқари, операция усулини оптимал режалаштириш ва атравматик техника усулларининг қўлланилиши операциянинг силлиқ ўтуви ва ундан кейинги даврнинг асоратсиз кечишини таъминлайди, шунингдек, операция ўрнидаги жароҳатнинг бирламчи битиши ва чокнинг унчалик сезилмаслиги билан характерланади
Маҳаллий тўқималар билан қилинадиган пластика амалиётининг афзалликлари:
ишлатиладиган тўқималар атроф тўқималар билан ранги ва фактураси жиҳатидан бир жинслидир;
иннервация ҳамда тонус сақланади;
йўқотилган тўқималар ҳажми жароҳатланиш чуқурлигига қараб, мураккаб трансплантатлар ҳисобига тикланиши мумкин;
даволаш тезлиги (операцияни бир босқичда бажариш мумкин).
Шуни таъкидлаш лозимки, турли оператив усуллар мавжудлигига қарамасдан, узоқ тарихий давр мобайнида пластик хирургиянинг умумий қоидалари йўқ эди ва бу усуллардан ҳар бирининг қўлланиши аниқ бир муайян шароитларга боғлиқ эди.
Ю. К. Шимановский биринчи бўлиб ўзидан олдинги хирурглар тажрибасини умумлаштириб, пластик хирургиядаги асосий ёндашувларини белгилаб берди ва уларни содда геометрик шаклдаги чизмалар кўринишида ифодалади (Расм 112). Ю. К. Шимановский чизмалари хирургларга ҳар бир муайян ҳолатдаги хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, қийин масалаларни ечишга ёрдам беради. Бу чизмаларни ўрганиш юз-жаг хирургида ўз касбининг назарий ва амалий асоси ҳисобланган фикрлаш салоҳиятини шакллантиради ва ўткирлаштиради.
Расм 112. Нуқсонларни содда геометрик шакл кўринишида беркитиш (чизма).
Маҳаллий пластик операцияларни режалаштириш таълимотининг ривожланишига А. А. Лимберг ўз меҳнатлари билан катта ҳисса қўшди. У маҳаллий пластикада тўқималарда кечадиган жараёнларни ўрганиш борасида математик таҳлил усулини қўллаб, операцияларни режалаштиришда объектив илмий ҳисобларни ўтказди.
Юқори эстетик самарага эришиш мақсадида юз соҳасидаги унча катта бўлмаган нуқсонларни бартараф қилиш маҳаллий пластик операциялар борасидаги асосий кўрсатмалар сирасига киради.
Маҳаллий операцияларни қуйидаги 3 турга ажратиш мумкин:
тўқималарни кесиш ва яқинлаштириш (чандиқни кесиб олиб ташлаш);
тўқималарни кесиб олиб ташлаш ва ажратиш (бандни тикиш ёки терини эркин кўчириш);
тўқималарнинг икки тарафлама алмашинуви (турли шаклдаги лахтаклар ва озиқланувчи оёқча ёки оёқлар) билан ўтказиладиган пластика.
Маҳаллий пластикада тўқималарда қуйидаги жараёнлар кузатилади: чўзилиш, қисқариш ва кўчиш ёки силжиш. Улар пластиканинг турли хилда бир вақтда кузатилиши, лекин биринчи жараёнда кўпроқ чўзилиш, иккинчида – қисқариш, учинчида – тўқималарнинг силжиши сифатида намоён бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда тўқималарнинг кесишувчи алмашинувидан фойдаланилади, чунки бу усулда маҳаллий-пластик операциянинг ҳамма элементлари мавжуд бўлади.
Тенг томонли учбурчак шаклидаги лахтаклар алмашинуви тўқималарнинг кесишувчи алмашинувининг асосий тури ҳисобланади. Уларнинг кўчишида жароҳат четлари узунлигининг тўғри келиши рўй беради. Тўқималарнинг кесишувчи алмашинуви бошқа шакллар орқали қилинганда, ҳосил бўлган жароҳат юзаларини атроф терини қаттиқ тортиб тикиш йўли билан ёпиш керак бўлади. Баъзан бундай жароҳатни «ўзига» тикишнинг имконияти бўлмайди.
Тўқималарнинг кесишган алмашинувида кўчириш – асосий бошқарувчи жараёндир ва фақат у эътиборга олиниши, қисқариш ва чўзилиш эса тўғрилаш сифатида ишлатилиши керак. Тўқималарнинг қисқариш ва чўзилиш чегараси унчалик катта эмас ва бу ҳолат, терида эластик толаларнинг мавжудлигига боғлиқ. Шу боис, операциядан олдин нуқсон атрофидаги тўқималарни ва уларнинг эластиклигини, яъни тўқималарнинг ён ҳаракатчанлиги захирасини аниқлаш ва ҳисобга олиш лозим. А. А. Лимберг пластик операцияларни режалаштиришни қисқариш ва чўзилишга бўйсунмайдиган қаттиқ юзаларни кўчириш асосида бажариш лозим, деган фикрни илгари сурди ва уни математик жиҳатдан асослаб берди.
Кесишувчи учбурчакли лахтак билан пластика ўтказиш учун учта кесма ўтказиш зарур: битта – ўртадан ва иккита – ён томондан тегишли пластика шакли кўринишида. Бунда, тўқималарнинг тўғри физиологик чўзилиши учун ҳамма кесмалар бир хил узунликда бўлиши керак. Агар бу шаклнинг ҳамма четлари чизиқлар билан бирлаштирилса, иккита диагоналли ромб шакли ҳосил бўлади: калта диагональ – ўрта кесма ва узун диагональ – шаклнинг алоҳида нукталарини ўрта чизиққа нисбатан перпендикуляр ҳолатда бирлаштирувчи кесма (Расм 113).
Учбурчакли лахтакларнинг кесишувчи алмашинувида қуйидаги ҳолатлар рўй беради: 1) диагоналлар алмашиши; 2) бурчаклар ёпилиши ва очилиши; 3) жароҳат четларининг алмашиниши.
Операция ўтказилган тўқималарда қуйидаги ўзгаришлар кузатилади:
Диагоналлар ҳолатининг ўзгариши туфайли (яъни қисқа диагональ ўрнига узун диагоналнинг кўчиши), ўрта кесманинг эса ҳар доим қисқа диагоналга мос келиши туфайли, ўрта кесма йўналишида диагоналлар узунлиги орасидаги фарқни ташкил қилувчи катталикларда узунликнинг ўсиб кириши рўй беради. Шу сабабдан, англашиладики, узайтиришга эришиш учун ўрта кесма доим тўқималарнинг энг катта қисқариш йўналишида ўтказилиши керак, чунки аввалги узун диагональ йўналишида ўтказилган кесмада шакл энининг қисқариши кузатилади.
Бурчакларнинг ёпилиши ва очилишида «тик турувчи» ва «ётувчи» конуслар ҳосил бўлади. Бунда қуйидаги қонуниятлар мавжуд: бурчакнинг катталиги конуссимон ҳосила («тик турувчи» ва «ётган» конуслар) нинг яққолроқ намоён бўлишини белгилайди; диагоналлар орасидаги фарқ қанча катта бўлса, тўқималарнинг ўсиб кириш имконияти шунчалик кўпроқдир.
Расм 113. Кесишувчи учбурчакли лахтаклар шакли (фигуралари) нинг ҳосил бўлиши: а) кесмаларни ўтказиш;
б) симметрик шаклларнинг ҳосил қилиниши;
в) носимметрик шаклларнинг ҳосил қилиниши.
Симметрик ва носимметрик шакллар мавжуд. Шаклнинг тенг бурчаклигида (симметрик шакллар) ўрта кесма четларининг икки тарафига бир хил ўсиб кириши рўй беради. Шаклнинг нотенг бурчакларида (носимметрик шакллар) катта бурчак чўққисида катта ўсиб кириш, кенгликнинг энг кўп йўқолиши эса кичик бурчак асосида кузатилади.
А. А. Лимберг шаклни бўйламасига узайтириш коэффициентларининг жадвалини ишлаб чиқди, яъни бунда шакл бурчакларининг муайян катталигида узун диагоналнинг қисқа диагоналга нисбати; носимметрик шакллар четида бўйлама узунлашишнинг ўсиб кириш жадвалини ҳамда ўрта кесма катталигига нисбатан ўсиб кириш фоизини аниқ белгилаб берди.
Бурчаклар: 30°хЗ0° узунликнинг кўпайиши 25% 45°х45° – 50%; 60°х60° – 75%; 75°х75° – 100%; 30°х90° – 50% (бунда бурчак чўққисида 30° – 9%, 90° ли бурчак чўққисида – 41%); 45°х90° – 73% (45° бурчак чўққисида – 18%, 90° – 55%).
Кесишувчи учбурчакли лахтаклар билан пластика қилишда қуйидагиларни эътиборга олиш керак:
Учта гуруҳ шаклларининг мавжудлиги:
бўйлама узайтириш нуқтаи назаридан кам самарали (30° ли бурчаклар);
самарали (45-90° ли бурчаклар);
кам самарали, лекин конуссимон ўзгаришлар берувчи (90° дан катта бурчаклар).
Кичик «тик турувчи» ва «ётган» конуслар айлана қисқариш ва айлана чўзилишга учрайди, 75°-90° дан катта конуслар эса учрамайди.
Тўқималар ён ҳаракатчанлигининг захираси ва, шу билан бирга, шаклларнинг турлича жойлашиши зарур. Тўқималар ён ҳаракатчанлигининг етарли захираси бўлмаса, маҳаллий тўқималар билан пластикага имконият бўлмайди.
Тўқималар ён қисмларининг қисқариши ва чўзилиши ўрта кесма узунлиги билан ўзаро боғлиқ ва улар 3:1 нисбатдадир.
Агар симметрик шаклларда бўйлама чўзилувчанлик бир хил бўлса, носимметрик шаклларда асосий чўзилувчанлик катта бурчакнинг чўққи қисмида, энининг қисқариши эса – кичик бурчак асосида бўлади. Шунинг учун шаклларни, албатта, тўғри жойлаштириш зарур.
Бўйлама чўзилиш шаклнинг мутлақ (абсолют) катталигига (ўрта кесма узунлигига) ва бурчаклар катталигига боғлиқ.
Пластика учун биргаликдаги шакллар ҳам қўлланилиши мумкин. Бунда асосан кесишувчи учбурчакли лахтакларнинг якка шаклларини кучайтириш услубидан фойдаланилади. Бунинг учун бир-бирини ўзаро кучайтирувчи симметрик ва носимметрик шакллар ишлатилади.
Биргаликда ишланган шаклларни қўллашга кўрсатмалар:
Катта кесмани ўстириш керак бўлган, лекин тўқималар ён ҳаракатчанлигининг камлиги туфайли узун ўрта кесма ўтказишга имконият бўлмаган ҳолатлар. Шунинг учун, етарлича узайтириш мақсадида ўрта кесма узунлигига тенг бўлган иккита шакл ҳосил қилинади. Бунда бўйлама узунлашишлар йиғиб ҳисобланади ва энининг йўқолганлиги қўшилмайди (улар махражланади).
Агар ўрта кесманинг катта узунлигини олиш имкони бўлмаса, яъни аъзо узунлиги кичик бўлса, бунда шаклларда умумий ўрта кесма ҳосил бўлади. Шундай қилиб, кичик кесма бўлишига қарамасдан, ўрта кесма четлари бўйича узунликнинг узайиши ҳосил бўлади.
Шакллар умумий ва ён кесмаларга эга бўлиши мумкин. Маҳаллий пластикали операциялар натижасида қуйидагиларга эришиш мумкин:
тери юзасини аниқ йўналишда узайтириш;
аниқ йўналишда қисқартириш;
керакли жойда конуссимон бўрттириш ёки чуқурлаштириш;
конуссимон бўртишларни бартараф этиш;
бир тўқимани бошқа тўқималар билан ўрин алмаштириш.
Маҳаллий тўқималар воситасида ўтказиладиган пластика лаб юганчасининг калталигини бартараф этишда қўлланилади. Бу ҳолда А. А. Лимберг усули бўйича кесишувчи учбурчак лаҳтаклар орасида ўзаро алмашинув ўтказилади. Юқори лаб юганчаси тўқималарнинг бутун узунлиги бўйича кесилиб, жароҳатнинг икки четидан 45-60° ли бурчак остида шиллиқ қават соҳасида альвеоляр ўсиқ суяк ости пардасигача шиллиқ ости қават билан биргаликда иккита кесишувчи учбурчаксимон симметрик лахтаклар бичилади. Лахтаклар ажратилиб, мобилизация қилингандан кейин, улар бир-бири билан алмашинади ва чоклар билан фиксацияланади. Бу услуб тилнинг калта юганчасини бартараф этишда ҳам ишлатилади. Тил юганчасининг сезиларли калталашувида унинг кўндаланг кесими самаралидир. Шиллиқ қават ҳаракатчанлигини ҳисобга олган ҳолда, жароҳат ўрни узунлик проекциясида тикилади. Чандиқларни ҳамда оғиз даҳлизи шиллиқ қават бурмаларини бартараф этиш мақсадига А. А. Лимберг бўйича вертикал кесиш йўли билан кесишган учбурчаксимон лахтаклар пластикаси ёрдамида эришилади. Микростомани бартараф қилиш учун Евдокимов, Васильев усуллари бўйича маҳаллий пластика элементларидан фойдаланилади. Маҳаллий тўқималар воситасида пластика ўтказиш амалиёти турли бошқа операцияларда, масалан: гингивопластика, лаб ва оғиз атрофи соҳалари нуқсонлари (иккиланган лаб, қалинлашган лаб, осилган пастки лаб) ни бартараф этишда ҳам қўлланилади.
Иккиланган лабда юқори лаб шиллиқ қаватининг ортиқчаси кесиб олиб ташланади. Кўпрок шиллиқ қават бурмасини кесиб олиб ташлаш усули қўлланилади. Бундай ҳолларда ўтказувчан оғриқсизлантириш остида шиллиқ қаватнинг белгиланган ортиқ жойидан иккита яримойсимон кесишувчи кесма қилинади ва уни шиллиқ безлар ҳамда шиллиқ ости клетчатка билан бирга кесиб олиб ташланади. Шиллиқ қават мобилизациясидан сўнг, мушак қаватини тиккан ҳолда, жароҳат четларини яқинлаштириш ва чоклар қўйиш (кетгут ёки синтетик иплардан) амалга оширилади. Худди шундай операция (мушак қаватини қисман кесиб олиб ташлаш билан) қалинлашган лабда ҳам қўлланилади.
Осилган пастки лабни жарроҳлик йўли билан мутаносиб ҳолатга келтириш мақсадида унинг марказий қисмидаги тўқималарнинг ҳамма қаватлари орқали: шиллиқ, шиллиқ ости, мушак ва тери қаватларини (аввалги математик ҳисоб билан) кўндаланг понасимон кесиб олиб ташлаш йўли билан эришилади. Бунда лаб артериясини икки томондан боғлаш, ҳосил бўлган нуқсон четларини мос келтириш ва жароҳатни қаватма-қават тикиш (мушак, шиллиқ ости тўқима ва тери ости клетчаткани чуқур чоклар билан, шиллиқ қават ва терисини эса синтетик материаллар билан тикиш) зарур. Дағал (баъзан тортилган) чандиқни пастки лаб марказининг шиллиқ ва шиллиқ ости қаватида иккита кесишган учбурчакли лахтаклар ҳосил қилиш ва уларни ўзаро алмаштириб, чоклар билан фиксациялаш орқали бартараф қилиш мумкин.
Оёқчали лахтаклар билан пластика. Озиқлантирувчи оёқчали лахтак – бу атроф тўқималардан тери ости ёғ клетчаткаси билан ажратилган ва озиқланиш мақсадида улар билан оёқча ёки оёқчалар воситасида боғланиб турадиган терининг чегараланган қисмидир.
Маҳаллий пластика операциясини ўтказишда нуқсон атрофидаги тўқималарнинг етишмаслиги, нуқсон устига ўтқазилган тўқималарнинг сезиларли даражада чандиқланиши, жароҳатланган қисмлар контурини ва баъзи бир ҳолларда нуқсонларнинг ички юзасини ҳосил қилиш мазкур усулни қўллаш борасидаги асосий кўрсатма ҳисобланади (лаб-лунж бурмасининг дубликатланган лахтаги воситасида ўтказиладиган бурун қаноти нуқсони пластикаси).
Озиқлантирувчи оёқчали лахтакларни тўғридан-тўғри нуқсонга ёпишган ёки нуқсон якунидаги (Седилло, Брунс, Аббе, Лукомский, Евдокимов, Васильев, Рауэр Михельсон ва Франкенберг бўйича) ва тана устки қисмининг бошқа соҳаларидаги тўқималардан бичиш мумкин (Тальякоци, Рауэр, Клапп, Лексер, Алмазов ва бошқалар бўйича).
Хирургик амалиётда биринчи иккита усул кўп қўлланилади. Бунга атроф тўқима ранги ва тузилишининг бир хиллиги, тери қалинлигининг ўхшашлиги, етарли даражада васкуляризация ва иннервациянинг сақланиши, тер ва ёғ безлари функцияларининг бузилмаслиги асос бўлади. Бундай операциялар узоқ давом этмайди, функционал ва эстетик жиҳатдан яхши натижа беради.
Лахтакнинг яшовчанлик даражаси унинг узунлиги ва энининг нисбатига боғлиқ (бу кўрсаткич 3:1 нисбатда бўлиши керак).
Лахтакнинг яшовчанлик даражаси операциянинг бажарилиш сифатига, тўқимани ост тўқималардан ажратиш қоидаларига қанчалик қатъий риоя қилинишига боғлиқ. Лахтакнинг учидан асосигача бир текисликда борувчи қон томирларини кесмаслик учун тери ости ёғ клетчаткасини бир қатламда бичиш керак.
Лахтак нуқсон катталигига тўғри келиши зарурий шарт бўлиб, бу ҳол унинг адаптациясини яхшилайди ва тўқималарнинг меъёрда физиологик тортилишини таъминлайди. Тўқималарнинг тортилиши керагидан ортиқ бўлмаслиги ёки бурма ҳосил қилмаслиги керак. Кўрсатилган салбий ҳолатлар лахтак трофикасининг бузилишига ёки унинг некрозига олиб келиши мумкин.
Лахтак асоратсиз битганда озиқлантирувчи оёқчалар 16-21–куни кесилади.
Оёқчали лахтакларнинг бир неча тури фарқланади: транспозицион, ротацион, интерполяцион, дубликатланган, ағдарилувчи ва артерияланган.
Достарыңызбен бөлісу: |