Ўзбекистон республикаси


Жанубий ҳудудларнинг ижтимоий аҳволи ва маъмурий бошқарув тизими



бет17/50
Дата06.01.2022
өлшемі0,89 Mb.
#16837
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   50
Байланысты:
2 5429347667308185636

1.1. Жанубий ҳудудларнинг ижтимоий аҳволи ва маъмурий бошқарув тизими


Бухоро амирлиги жанубий ҳудудларидаги демографик жараёнларни ўрганишда иқтисодий ривожланишни таъминловчи ишлаб чиқариш тармоқлари, деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқнинг ўсиб бориши ва ҳуқуқий бирлашмаларнинг жамиятдаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор берилди. Жанубий ҳудудлар аҳолисининг сони ва жойлашуви, ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг айрим жиҳатлари билан бир-биридан фарқланувчи кўплаб катта-кичик аҳоли манзилгоҳлар мавжуд эди. Жанубий ҳудудларни тавсифлашда эътиборга лойиқ умумий ҳолатлар ҳам мавжуд. Булар жанубий ҳудудлар тараққиётининг айрим умумий ва хусусий жиҳатларини аниқлашда ёрдам беради. Жанубий ҳудудларнинг тараққиёт пиллапоялари ва инқирозли даврларни ўз бошидан кечирган демографик жараёнга таъсир кўрсатган аҳоли манзилгоҳлари деворлар билан ўраб олинган эди.

Шуни эътиборга олиш лозимки, бу ҳолат жанубий ҳудудлардаги демографик жараёнларини ўрганиш билан боғлиқ бўлган муаммоларга аниқлик киритишни янада қийинлаштиради. Бундан ташқари, жанубий ҳудудларида бўлиб ўтган тарихий-маданий жараёнлар бир хил хусусиятга эга эмас, улар ривожланиш нуқтаи назаридан цивилизациянинг турли босқичларида бўлганлиги билан фарқланади. Демографик ҳолатни илмий таҳлил этиш жараёнида ўзбек миллатнинг ташкил топишида шаҳар аҳолиси ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилди. Бу даврда халқнинг ўзлигини англашида, миллий маданиятни ривожлантириш, миллий озодлик ҳаракатларнинг кучайишга таъсир этувчи омиллар анча юксакликка кўтарилганлиги сезилади35.

Демографик жараёнларининг асосини аҳолининг пайдо бўлиши, ўсиши ҳамда яшаш шароитини яхшиловчи иқтисодий омиллар ташкил этади. ХIХ асрнинг ўрталарида Бухоро амирлиги аҳолиси асосан ўтроқ ва кўчманчи ҳаёт кечириб, улар сони ҳақида аниқ рўйхат олинмаган ҳамда аҳоли ижтимоий ҳимоя қилинмаган, шунингдек, иқтисодий-маданий тадбирлар деярли амалга оширилмаган. XIX аср бошларига келиб, азалий чарводор аҳолининг кўпроқ ўтроқлик шароитига ўтиши, маҳаллий турғун аҳоли билан ҳар жиҳатдан қўшилиб кетиш жараённи янада жадаллаштирди. Эндиликда нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам яхлит бир ҳудудга айланган жанубий бекликлар аҳолиси ҳаётида деҳқончилик етакчи ўрин тутиб, деҳқончилик ва ҳунармандчиликнинг бир-бирига боғлиқлиги ортиб бориши муҳим аҳамиятга эга бўлди36.

XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб йирик шаҳарлар сони 10 тани ташкил этиб, Ғузор, Шеробод, Ҳисор, Денов, Бойсун каби шаҳарларида аҳоли кам яшаган. Бухоро амирлиги жами аҳолисининг 57 фоизини ўзбеклар ташкил қилган37. Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудларида ўзбек қабилаларининг катта қисми ўтроқ ҳаёт тарзига эга бўлиб, кўчманчилик билан кун кечирувчи уруғлари кўпроқ дашт ва чўл ҳудудларида жойлашган эди.

Амирлик аҳолисининг катта қисмини ташкил этган ўзбекларнинг маълум қисми қабилавий уюшмалардан иборат эди. XIX асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амирлиги аҳолисининг 1,5 миллионни ўзбеклар ташкил этиб, Бухоро амирлиги аҳолиси таркибида сон жиҳатидан иккинчи ўринда тожиклар бўлиб, уларнинг умумий сони 500 минг кишини, шунингдек, туркманлар сони 200 минг кишидан иборат бўлган38. Бухоро амирлиги ҳудудида амирлик аҳолисининг кичик қисмини араблар ташкил этиб, улар, асосан, Қарши ва Шеробод ҳудудларида истиқомат қилишган39. Шунингдек, Бухоро амирлиги ҳудудида форслар, яҳудийлар, ҳиндлар, лўлилар, афғонлар, қорақалпоқлар, қозоқлар ва қалмиқлар ҳам яшашган. Қалмиқлар Бухоро шаҳрида, қорақалпоқлар Зарафшон, Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимларида, қозоқлар эса Бухоро амирлигининг шимоли-шарқий қисмида истиқомат қилишган.

Амирлик аҳолиси яшайдиган марказий манзиллар-шаҳарлар ҳақида фикрлар билдирилган бўлса-да, совет ҳукумати томонидан аҳолининг демографик жойлашуви илмий таҳлил этилмаган. Демографик жараёнларига оид аҳолининг жойлашувини ўрганган француз олими Энкаузеннинг 1966 йилда Парижда нашр этилган «Ислом ва Рус империяси. Ўрта Осиёдаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар» номли асарида Бухоро хонлиги аҳолиси, уларнинг сони ҳақида аниқ маълумот йўқ. Фақат саёҳатчиларнинг ҳисоботлари, уларнинг сони ҳақида озроқ тасаввурга эга бўлишга имкон беради. XIX асрда В.Хаников маҳаллий маълумотлар асосида аҳолининг сони 2 ёки 2,5 миллион атрофида эди, деб изоҳлайди. А Масальский ҳам аҳоли сонига нисбатан 2,5 миллион рақамини келтиради. Аммо, унинг кўрсатишича, бу рақам ҳам тахминий эди. Д. Логофет эса 3 млн. деб ёзади. Амирликка саёҳат қилган, рус бўлмаган шарқшунослар баъзи юқори рақамларни келтиради. Ҳ. Вамбери амирлик фуқароси 2,5 миллион, Олуфсен эса уларнинг сони 3 ёки 3,5 миллион эди, деб ҳисоблайди40.

Бухоро амирлигидаги демографик жараёнлар хусусида 1868 йилда нашр этилган адабиётларда, архив ҳужжатларида баъзи муаллифлар амирликдаги аҳоли сонини 3 млн. 600 минг киши деса, бошқалари – 3 дан 3,5 млн., учинчилари 3 миллионга яқин дейди, Н.А.Киссляков фикри бўйича эса у “... 2 миллионга яқин ёки сал кўпроқ деб изоҳ беради. Ушбу даврида бундай маълумотларани аниқ бўлмаслигига асосий сабаб амирлик томонидан мунтазам аҳоли рўйхатини ўтказмаслигидир..”41.

Шунингдек, архив ҳужжатларида эса асосан 2,5 млн. киши дейилган рақам келтирилади, бу рақамни амирлик аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини амирликда узоқ вақт яшаб ўрганган шарқшунос Ермалаев ҳам қайд этиб ўтади. Шубҳасиз, архив маълумотлари нашр этилган адабиётларга нисбатан кўпроқ ишончлидир. Шарқшунос А.Гелкин ёзишича, Х1Х аср 80-йилларининг охирида Бухоро амирлигидаги ўтроқ халқ бутун аҳоли сонининг 65 фоизни, яримкўчманчи – 15 фоизни, кўчманчилар эса 20 фоизни ташкил этган42.

Демографик жараёнлар тараққиётининг ўзига хос қонуниятларига аниқлик киритиш зарурати илк демографик жараёнлар тарихини ҳозирги кунда ҳар томонлама ўрганишни тақозо этмоқда. Бу ўринда турли йўналишдаги тадқиқотларни умумлаштириш (табиий-географик, иқтисодий, социологик, демографик ва бошқалар), айниқса, муҳимдир. Шу билан биргаликда, жанубий ҳудудлар тараққиёти ва уларнинг бошқаруви тартибидаги қонуниятларини англаб етиш ҳам масаланинг ижобий ҳал этилиши учун катта аҳамиятга эга. Олиб борилган тадқиқотлардан маълумки, демографик жараёнлар кўп қиррали ижтимоий алоқаларнинг мураккаб тартибидир. Жанубий ҳудудлар ривожланиши жараёнида уларга тегишли вазифаларнинг айрим томонлари ўзгариб турган. Шунга қарамай, кўпгина жиҳатлари (аҳоли зич жойлашган ҳудуд, ҳунармандчилик ва савдо маркази) ўзгармасдан қолади.

Шуни эътиборга олиш лозимки, жанубий ҳудудий жойлашувини, уларнинг даврий доирасини аниқлаш, «шаҳар» тушунчасини илмий-услубий изоҳлаш анча мураккаб ҳисобланади. Чунки тадқиқотчилар орасида баъзи тарихий-маданий жамоалар тарқалган ҳудуд, уларнинг ривожланиши ва ижтимоий тузуми масалаларига ҳамда айнан шу масалалардан келиб чиқиб, «шаҳар» тушунчасини ҳар томонлама изоҳлаш ва таъриф бериш борасида ягона фикр йўқ, ёки ягона концепция ишлаб чиқилмаган. Бу ҳолат Ўрта Осиё ҳудудларидаги демографик жараёнларининг кечиш қонунлари билан боғлиқ бўлган муаммоларга аниқлик киритишни янада қийинлаштиради. Бундан ташқари, Ўрта Осиё ҳудудларида бўлиб ўтган тарихий-маданий жараёнлар бир хил хусусиятга эга эмас, улар ривожланиш нуқтаи назаридан цивилизациянинг турли босқичларида бўлганлиги билан фарқланади.

Тадқиқ этилаётган даврда жанубий ҳудудларнинг маъмурий-ҳудудий бошқарув тизимида маъмурий бошқарув билан бекликлар бошқаруви тўлиқ, аниқ тизимга солинмаган эди. Жанубий ҳудудлар билан марказий бошқарув ўртасидаги масофада йўл ҳаракати, алоқа воситаси, унга хизмат қилувчи ходимлар давлат томонидан қонун нуқтаи назаридан ҳимоя қилиниши, хизмат бурчларини тайинлаш ҳамда иш ҳақи қонуний тизимга туширилган эмас эди. Маъмурий ҳудудий бошқарувда бекликларнинг аниқ картогеографияси, бекликларнинг иқтисодий тараққиётини белгиловчи режалар, аниқ тизимга солинган ободонлаштириш, иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳамда маъмурий бошқарувнинг соҳаларини назорат қилувчи тизимлар қатъий тарзда бир-бирига боғланмаган эди. Шунингдек, бекликларнинг келажаги, унинг иқтисодий тараққиётини белгиловчи омиллар, аниқ белгиланган иқтисодий хўжалик тизимини ривожлантиришга оид маблағлар сарфлаш юзасидан режаси тадбирлар олиб борилмаган. Чунки Бухоро амирлиги маъмурий ҳудудий бошқарувнинг назорат бошқармаси, таҳлил қилувчи ҳамда тафтиш қилувчи тизимлар бўйича билим даражаси юқори бўлган савияли мутахассислар йўқ эди43.

Юқорида қайд этилган махсус жанубий бекликлар бошқарув тизимида беклик маъмурий тизимини назорат қилувчи ҳокимлик, инструктор лавозимлари бу вазифанинг масъулиятини аниқловчи низомлар Бухоро амирлигида ишлаб чиқилмаган эди. Энг асосийси, майда маъмурий бирликлардаги кент ва аҳоли марказлари ҳақида аниқ ишлаб чиқилган хариталар йўқ эди. Уларни бир-бири билан боғлайдиган йўл, сув, мудофаа тармоқлари шакллантирилмаган эди. Жанубий ҳудудлар беклик маъмурияти лавозимида бўлган инструкторларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш ёки улар ёрдамида текширувлар ҳақида зарур бўлган маблағлар тўлиқ ажратилмаган эди. Айниқса, жанубий ҳудудлар саноат тармоқларини ривожлантириш, қайта ишланган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш, уларни моддий маблағ билан таъминлаш бўйича амалий иш ва натижалар йўқ эди. Маъмурий-ҳудудий бошқарув тўғридан тўғри Бухоро амирининг кўрсатмаси ҳамда асоссиз топшириғи билан амалга оширилар эди. Жанубий ҳудудларнинг аҳоли марказлари, улардаги турли миллат вакиллари, уларнинг миллати, жинсини ҳимоя қилиш масаласида ҳеч қандай қонуний, маъмурий низомлар ишлаб чиқилмаган эди44.

Сурхон воҳасининг қадимий иқтисодий-маданий маркази бўлган Шеробод беклиги воҳанинг жануби-ғарбий тоғ тизмалари билан ўралган ҳудудда жойлашган. Шеробод беклиги ёнидан Шеробод дарёси оқиб ўтади. Ушбу дарё фақат баҳор ойларида серсув бўлиб, Амударёга бориб қуйилган. Шеробод шаҳри Шеробод беклигининг йирик марказий шаҳри бўлиб, Кўҳитанг тоғ тизмаларининг жанубий қисмида, Шеробод дарёси қирғоғида жойлашган йирик маъмурий-ҳудудий марказ ҳисобланган. Шеробод беклиги 16 та қишлоқ бўйсуниб, 2000 оиладан иборат бўлган. 7000 десятина ер Шеробод беклигининг асосий фойда келтирувчи хўжалик тизимига кирган. Шеробод беклигида 7 та амлакдорлик бўлиб, 2000 кв. версдан иборат майдонни ўз ичига олган45.

Шеробод беклигида 779 та оила, Сариосиёда 627 та оила, Юрчида 931 та оила истиқомат қилган46. Шеробод беклик маркази бўлиб бутун Шеробод воҳасининг маъмурий ва савдо маркази ҳисобланган. Шаҳарни мустаҳкам қалъа ҳимоя қилган, уч қатор ички девордан иборат бўлган. Шеробод бегининг маъмурий бошқарув маркази дарё бўйидаги йирик қояда жойлашган ва у шаҳар ҳамда воҳани бошқарувчи бекнинг уй-қалъаси ҳисобланган. Шеробод шаҳрининг қадимги номи «Шаҳриҳайбар» деб аталган. Кейинчалик XVIII асрда ҳозирги Шеробод беклик маркази Шералихон номи билан ҳарбий-сиёсий ва маъмурий-ҳудудий марказ сифатида вужудга келган. Шеробод беклиги 5 та амлакдорликдан иборат бўлиб, ҳар бир амлакдорликда 3-5 тадан қишлоқ мавжуд бўлган47.

Шаҳрисабз беклиги Бухоро амирлигининг шимолий қисмида, Самарқанд вилоятининг жанубида, Қашқадарё сув ҳавзасининг дастлабки бошланғич қисмида жойлашган бўлиб, ўзининг табиий, тарихий шароитларига кўра, унинг турли қисмлари текислик, нотекислик ҳамда тоғликлар билан ўралган. Бекликнинг шарқий тоғ қисмлари Қашқадарё ирмоқлари билан боғланган, беклик ҳудудини тоғ тизмаси билан қуршалган. Шимолий қисми Самарқанд тоғининг жанубий қисми билан боғланган ҳамда Самарқанд йўналишида тоғ тизмалари билан ўтадиган йўллари билан туташган. Шаҳрисабз беклиги Ғузор-Бухоро, Ғузор-Шеробод-Термиз алоқа йўллари билан мунтазам тарзда савдо карвон ҳаракати билан боғланган. Беклик аҳолиси Оқсув, Танхос, Яккабоғ дарё ирмоқлари билан боғлиқ ҳудудларда истиқомат қилган48.

Шаҳрисабзда кенагаслар, маҳаллий аҳоли сифатида манғит амирларига қарши жиддий курашлар олиб борди. Амир Насруллахон кенагасларга қарши жиддий курашлар олиб бориб, 30 йил давомида кенагаслар билан 32 марта ҳарбий тўқнашди. 1856 йили Кенагаслар билан бўлган ҳал қилувчи жангда амир Насруллахон ғалабани қўлга киритиб, манғитлар ҳукмронлигини Шаҳрисабз ва Китобда тиклади ҳамда аҳолини шафқатсизларча талаб, бутун аҳолининг қаршилик кўрсатган қисмини қириб ташлади. Шаҳрисабз бегининг қизи Кенагасхонимни зўрлик билан ўзига никоҳлаб олиб, Бухорога олиб кетди. Бу билан у Бухоро амирлиги қонуний кенагаслар устидан ўзининг ҳукмронлигини ўрнатганлигини тасдиқлаб олди49. Бироқ Шаҳрисабз аҳолиси тинимсиз тарзда амир салтанатига қарши жиддий кураш олиб борди. Кенагаслар билан манғитлар сулоласи ўртасида кураш амир Насрулло даврида деярли тўхтамади50.

Бухоро амирлигига қарши мунтазам тарзда Яккабоғ, Шаҳрсиабз, Китоб ҳудудларида халқ ҳаракатлари бўлиб, амир Насруллохон, унинг ўғли Саид Музаффархон даврида ушбу қўзғолонларни бостириш учун 32 марта ҳарбий юришлар уюштирилди. Бироқ амир Насруллохон узоқ вақтгача Китоб, Шаҳрисабз қалъаларини эгаллаб ололмасдан, Шаҳрисабз атрофидаги ғаллазорларни от қўйиб едириб, ғалласиз қолган аҳоли марказларни босиб олишга ҳаракат қилди. Ана шу олиб борилган мудҳиш босқинчилик, талончилик натижасида, халқнинг тинчлиги бузилиб, жиддий тарзда амирнинг босқинчилик сиёсатига қарши халқ ҳаракатлари бўлиб ўтди. Натижада 1860 йили шафқатсизликда танилган 35 йил амирлик қилган Насруллахон ўз хотини Кенагасхоним томонидан ўлдирилди.

1868 йил майида Россия ҳукуматининг Ўрта Осиёга истилочилик ҳаракати натижасида, тарқоқ, маъмурий-сиёсий жиҳатдан заиф Бухоро амирлиги Шаҳрисабз беклиги ҳудудини руслар томонидан истило қилиниши тезлашди. Натижада генерал Кауфман Зирабулоқ қишлоғидаги жангда амир Музаффар қўшинларини мағлубиятга учратиб, шармандали битимни имзолади. Ушбу битимдан кейин Бухоро амири катта товон тўлаб, русларни Бухоро амирлиги бекликлари ҳудудларида эркин савдо-сотиқ қилиши учун розилик билдирди51.

1870 йили рус генерали Абрамов бошчилигидаги рус армияси Бухоро амирлиги жанубий ҳудудларини босиб олиш ҳатти-ҳаркати билан шуғулланиб, махсус жазолаш экспедицияси қўшинлари билан Китоб ва Шаҳрисабз ҳудудларини талон-тарож қилди. Амир Музаффархон икки тараф ўртасидаги шартномаларни имзолаш ва ўзаро келишув асосдаги битимга имзо қўйишга мувофиқ бўлди. 1870 йил 11 августда генерал Абрамов раҳбарлигидаги қўшинлар Китоб ва Шаҳрисабзни эгаллаб, беклик ҳудудига жуда катта жиддий талафот етказдилар. Бироқ маҳаллий аҳоли рус истилочиларига қарши қаттиқ қаршилик кўрсатиб, русларнинг истилочилик ҳаракатларини мунтазам тарзда қайтариб турди. 1870 йил 14 августда Китоб қўрғони, 15 августда эса Шаҳрисабз руслар томонидан эгалланди. Амир Музаффархон ихтиёридаги Ғузор, Кармана, Ҳисор, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Қарши, Шеробод, Денов, Бойсун бекликларида рус савдо карвонлари эркин мулоқот қилиш ҳуқуқини қўлга киритди52.

Бухоро амири ҳар йили 2 марта-кузда ва баҳорда Китоб ва Шаҳрисабз бекликларига саёҳат қилган. Шаҳрисабздан Китобгача масофа 8 верстни ташкил этган. 1870 йил 14 сентябрь куни амир Бухородан чиқиб, 14 сентябрь куни Қарши беклигида бўлиб, 30 сентябрь куни эса Шаҳрисабз беклига келди. Самарқанд шаҳридан Китоб ҳудудига икки йўл орқали бориш мумкин эди: биринчиси, Жом йўли бўлиб, бу йўл орқали 1870 йили рус қўшинлари Китобга келиб, уни эгаллаган эдилар. Китоб йирик маданий, иқтисодий марказ бўлиб, бир неча кичик бозорларига ҳам эга эди. Китоб ҳаддан ташқари кичик тор кўчалардан иборат бўлиб, у маъмурий, идоравий усулда бек одамлари томонидан бошқарилар эди. Китоб ўрдасига дарвозалар орқали кириб келинган, бозорларда мева-чева, ҳар хил кийим-кечаклар ва бошқа сотилган. Қисқаси, бозор савдо-сотиқнинг асосий манбаи бўлиб ҳисобланган. Китоб беги Абдужалил даврида Китоб анча ривожланиб, тараққий этиб борди.53 1889 йили сиёсий фаолиятини бошлаган амир Олимхон Қарши вилоятига ҳоким этиб тайинланиб, унга Абулхайр (1885-1910) маслаҳатчи, ёрдамчи сифатида ҳамда бошқарув ишларига ёрдам бериш учун Усмонбек унга оқсоқол этиб тайинланди. Чунки Олимхон давлат ишларини бошқаришда ёш, тажрибасиз ҳамда маъмурий-сиёсий ишларни тушунмас эди54.

Этнограф В. Безобразов Китоб, Шаҳрисабз бекликларининг маъмурий-ҳудудий тузилишини ўрганиб, бу бекликлар қадимий аҳоли марказларида жойлашганлиги, қулай, иқтисодий, сиёсий ва маъмурий марказ сифатида шаклланганлигини ва уларни шаҳар ҳокими, яъни беклар бошқарганлигини қайд этади55. Шаҳрисабз бекликлигини маъмурий, ҳудудий бошқариш усулида ва бекликнинг умумий бошқарув назорати ташкил этилган, яъни бекликни бошқаришда оқсоқоллар, саркардалар, қозилар, раислар, мироблар ва миршаблар ҳал қилувчи роль ўйнаб, бекликнинг бошқарув йўналиши бўйича ўз вазифаларига эга бўлган. Шаҳрисабз беклиги оқсоқоллари, беклик вакиллари, ҳар бир маҳалла кўча бўйича солиқни ўз вақтида йиғиб олиш, уни ташкил қилишга жавобгар бўлган. Масалан, бекликда маъмурий бошқарувида 6 та саркарда бўлиб, улар Ахчабуғ, Пистахона, Жовуз, Башир, Ғаров, Қоронғи каби маҳалла ҳудудларига бўлинган. Шаҳрисабз беклигида эса 9 та саркор бўлиб, уларнинг ҳар бирига белгиланган маҳаллалар топширилган56. Масалан, Шаҳрисабзда тошкўприк дараси Танкос, шаҳарнинг ғарбий қисми бўйича Ўртақўрғон, Дах, Занги, Шанба, Янгиқўрғон ҳудудларининг ҳар бири саркорлар қўлида бўлган, 10 та мироб, шаҳарни сув билан таъминлаш ишлари билан шуғулланган. Шаҳрисабз беклигини ободонлаштириш, сув билан таъминлашда, маъмурий солиқ тизимини ташкил этишда миробларнинг хизмати ниҳоят даражада катта бўлган, улар солиқ учун ҳар бир хонадондан бир тангадан пул йиғиб олганлар57.

Шунингдек, бекликларни маъмурий, ҳудудий назорат қилиш учун, аҳоли ва маъмурият ўртасида мавжуд муаммоларни ҳал қилишда бекликдаги асосий ҳокимият қози ихтиёрида бўлган. Бутун ҳуқуқий назорат ва судлов ишлари қози томонидан олиб борилган. Китоб ва Шаҳрисабз бекликларида 5 та қози бўлиб, уларнинг муфтилари ҳуқуқий масалаларни ҳужжатлаштиришда бевосита иш олиб борганлар. Қозилар, асосан, саркорлар яшайдиган қишлоқларда истиқомат қилган, Китоб ва Шаҳрисабздаги асосий бошқарув органи бўлган қозикалонга бўйсунилган, улар билан биргаликда раис ва миршаблар иш олиб борган. Маъмурий, ҳуқуқий бошқарув даврида раис ва миршаблар айбдорларни топиб, жазолаб, бек маъмурияти топшириғини муваффақиятли бажаргач, ҳар бир амалга оширган ҳисоботдаги йирик ишлари учун 5-6 тангадан рағбатлантириш олганлар. Шунингдек, қозиларнинг маъмурий бошқарилишида қонун ишларини бажариш ва тасдиқлатиш мақсадида махсус мулла, меросхўрликни аниқловчи хизматчи, мулкларнинг баҳосини аниқловчи ходимлар иш олиб борганлар. Келин-куёвни никоҳлаш учун қози томонидан тайинланган муллалар 10 танга баъзан эса 5 танга, вақф ҳамда савдо-сотиқ ишларини ҳужжатлаштирганлиги учун 2-3 тангагача хазина учун пул олганлар58.

Бухоро хони Раҳимхон даврида жанубий ҳудудларни маъмурий, ҳудудий бошқариш мақсадида бир қатор ислоҳотлар ўтказилди. Айниқса, Шаҳрисабз, Китоб бекликлари масаласида назорат кучайтирилди. Бухоро амири Раҳимқулихон даврида Шаҳрисабз ва Китоб бекликларини доимий қаттиқ назоратда тутиш ва бўйсунмаган бекларни жазолаш мақсадида, турли хил жазолаш усулларидан фойдаланилган. Масалан, амир Раҳимқулихон Шаҳрисабз бегини жазолаш мақсадида, Бухоро шаҳрига меҳмондорчиликка чақириб, зиёфат вақтида уни қамоққа олиб жазолади ва Шаҳрисабзга амир Раҳимқулихонга содиқ киши тайинланиб, у 5 йил Шаҳрисабзни бошқарди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Шаҳрисабз ва Китоб бекларининг тез-тез ўзгариб туриши натижасида, нотинчлик бўлиб, халқнинг сабр-косаси ниҳоят даражада тўлган эди. Натижада Шаҳрисабз ҳукмрон доиралари маъмурий-ҳудудий бошқаришни ўз қўлларига олиб, амирга қарши бир неча марта халқ исёнлари уюштирилди. Шаҳрисабз мудофаасини мустаҳкамланиб, қаттиқ ҳимоя истеҳкомларини вужудга келтирилди59. Бухоро амирлиги даврида Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ўзининг маъмурий-ҳудудий тузилиши, мустаҳкам ҳарбий қалъага эга бўлиши, маъмурий бошқарувда маҳаллий зодагонларнинг кўпчиликни ташкил этиши билан ажралиб турган.

Ғузор беклиги Қашқадарё ирмоқлари қуйиладиган Ғузордарё сув ҳавзаси билан боғланган. Шимоли-шарқий қисмида жойлашган Шаҳрисабз тоғ тизмалари билан боғланиб, шарқий қисми Шеробод-Бойсун тоғларининг ғарбий тизмаларига бориб тақалади. Беклик аҳолисининг асосий қисми Ғузор дарёсининг шимоли-ғарбий қисмида истиқомат қилади. Шунингдек, Лангардарё суви билан Ғузорнинг Янгикент, Тенге-Харам қишлоқлари суғорилади. Ғузор шаҳрида 850 оила истиқомат қилгани, беклик марказида Афғонбоғ ва Эскибоғ кентлари аҳоли гавжум маҳаллалар сифатида тарихий манбаларда акс этган.

Қарши беклиги Қашқадарё билан бевосита боғлиқ бўлиб, воҳанинг ўрта ва қуйи оқими ҳудудида жойлашган, яъни Қашқадарё воҳасининг Қарши водийсида жойлашган. Юқори қисмида эса воҳанинг ўтроқ ва кўчманчи аҳолиси истиқомат қилган. Қарши шаҳрига яқин аҳоли 3 асосий кентда жойлашган.


  1. Чим тумани-Қашқадарёнинг ўрта оқимида жойлашган ва Шаҳрисабз билан чегараланган.

  2. Бешкент тумани - унга Қарши шаҳри ва унинг атрофи кирган.

  3. Косон тумани - аҳолининг асосий кўпчилик қисми истиқомат қилиб Қашқадарёнинг қуйи оқимидаги аҳолиси истиқомат қилган.

Қарши беклиги маданий-иқтисодий жиҳатдан ривожланган ва уни маркази шаҳарда 11979 нафар аҳоли истиқомат қилган. Беклик маркази Қарши шаҳри бўлиб, шаҳар номи Бухоро амирлиги тугатилгандан кейин, Беҳбудий шаҳри деб аталган.

Бойсун беклиги Бухоро амирлигининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, Бойсун тоғ этагида Бойсун-Шеробод тоғ тизмалари ҳудудида жойлашган. Бойсун беклигида ўша пайтда 2235 нафар аҳоли, Дарбандда 1163 нафар аҳоли истиқомат қилган. Бойсун асосий савдо йўлида жойлашган бўлиб, Дарбанд-Бойсун-Денов-Ҳисор ва Бойсун-Шеробод-Термиз савдо алоқа йўли билан боғланган60.

Бухоро амирлигининг жанубий ҳудудларда ижтимоий-сиёсий вазият анча мураккаблашиб, жанубий ҳудудлар аҳолиси ва маъмурият ўртасида зиддиятлар тез-тез бўлиб турар эди. Масалан, 1912 йил Қаршида, 1916 йил Ғузорида ва Шаҳрисабзида бўлиб ўтган ҳаракатлар бек маъмуриятининг зиёлиларга, халқ оммасига нисбатан юритган сиёсатидаги зўравонлик сабаб бўлган эди. Қарши беги Абдулаҳад Олимтўранинг ҳаракатлари натижасида шийалар билан сунийлар ўртасида жиддий тўқнашув вужудга келди. Чунки Қарши ҳокими Олимтўра маишат, айш-ишрат билан шуғулланиб, халқнинг ижтимоий турмуши, бекликнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёти билан шуғулланмади61.

Бухоро амирлиги жанубий ҳудудлари мудофаасини ташкил этишда бутун Марказий Осиё минтақаси учун хос бўлган анъанавий мудофаа тизими ўрда мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўраб олинганлигидан ташқари, бир қатор муҳим маҳаллий хусусиятларни кузатиш мумкин. Бу каби хусусиятлар, айниқса, Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарлари мудофаасини ташкил этишда яққол кўзга ташланади.

Демографик жараёнларни ўрганиш даврида аҳолини асосий сони, салмоғи, ишлаб чиқаришдаги ўрни, миллий таркиби, миграцион ҳолатини аниқлашда амирликдаги марказий шаҳарлар ҳал қилувчи омил ҳисобланган. Ушбу минтақага хос аҳоли сонини аниқлашда шаҳар қалъаларни ўрни муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бошқарув тизимини мустаҳкамлашда, солиқ назоратини ҳисобга олишда шаҳар қалъалар амирликда таянч вазифани бажарган. Тадқиқотда Қраши, Шаҳрисабз, Денов ва Шеробод қалъалари аҳоли сони ва унинг миллий таркиби аосий манба бўлиб хизмат қилганлигини аниқлаш мумкин. Шу туфайли шаҳар қалъларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳудудий жойлашувига ҳам эътибор қратилди. Бундан Қашқадарё воҳаси бекликлари ҳам мустасно эмас, албатта. Хусусан, демографик жараёнларни аниқлашга оид манбаларни таҳлил этишда Қарши беклиги маркази шаҳарда кўпминг кишилик аҳоли истиқомат қилганлигини, уни 3/2 қисмини ўзбеклар ташкил этганлиги тўғрисидаги маълумотлар Н. Хаников манбаларида берилган.62.

Бухоро амирлигининг ХХ аср бошларидаги аҳоли сони ҳамиша баҳс мунозараларга сазовар бўлиб, тадқиқотчилар қайд этган маълумотлар турли хил бир-бирини инкор этувчи рақамларни тақдим этади. Жумладан. Д.Логофетнинг 1910-1911 йиллардаги маълумотларига кўра амирликнинг ўтроқ ва кўчманчи аҳолиси 500 минг кишидан, яримкўчманчиси эса 1 млн. 700 мингни ташкил этган63. Гулишамбаровнинг маълумотларида эса, 1913 йилга келиб шаҳар аҳолиси 800 минг кишини, қишлоқ ўтроқ аҳолиси 800 минг кишини, яримкўчманчилар 1 млн. 500 минг кишини, кўчманчилар 500 минг кишини ташкил этган64. Ҳам Логофетнинг, ҳам Гулишамбаровнинг бу маълумотлари асоссиздир, унда ўтроқ халқ сони жуда камайтирлиб кўрсатилади ва худди шундай равишда кўчманчилар ва яримкўчманчилар сони ҳам кўпайтириб кўрсатилган. Уларнинг 1910-1913 йилларда кўчманчилар ва яримкўчманчилар мамлакат аҳолиси умумий сонининг 55,5 фоиздан (Гулишамбаров) то 80 фоиз (Логофет)гача ташкил этган деган фикрига қўшилиш мумкинми?

Агар улар тарафига бўлсак ва улар маълумотларини Галкин келтирган рақамлар билан солиштирсак, унда шу нарсани тан олишга тўғри келадики, Х1Х асрнинг 80-йилларидан кейин Бухоро амирлигида кўчманчилар ва яримкўчманчиларни ўтроқлашиши эмас, балки ўтроқ аҳоли кўчманчи ва яримкўчманчи ҳолатига келган. Бунинг асосий сабаби турли ижтимоий-иқтисодий аҳволни ночорлиги,очлик ва қашшоқлик ўтроқ а\олини ўзи яшаб турган жойидан кўчишга мажбур қилган.

Аслида бу ҳолат содир бўлиши мумкин эмас. Гап шундаки, ХХ аср бошида Бухоро амирлигида катта ер майдонлари суғорилиб бошланган эди. Бу ҳолат шу жойларда кўчманчи ва яримкўчманчи аҳолини ўтроқлашувига олиб келганки, ушбуни Бухоро Халқ Совет республикасида аҳолини рўйхатга олиш натижалари ҳам тасдиқлайди. Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра қишлоқ аҳолиси 81,1 фоизни, шаҳар 9 фоизни ва кўчманчилар 5,9 фоизни ташкил этган65.



ХХ аср бошида Бухоро амирлиги ҳудуди 225.000 квадрат километрни ташкил этиб, амирликда аҳоли сони 3.5 миллион кишига етиб, аҳолининг асосини ўзбеклар, тожиклар ва туркманлардан ҳамда бошқа халқлардан иборат бўлган. Амирликнинг ушбу аҳолисидан 51,0 фоизини ўзбеклар, 31,5 фоиздан кўпроғини тожиклар, 10 фоизини туркманлар ва 7,5 фоизни қорақалпоқлар, қозоқлар, яҳудийлар, руслар, татарлар, арманлар, форслар ва бошқалар ташкил этган66. Ўзбеклар асосан Сурхондарё, Қашқадарё ва Зарафшон водийларида яшашган ва деҳқончилик ҳамда чорвачилик билан шуғулланишган. Тожиклар мамлакатнинг шарқий ҳудудларида – Қоратегин, Дарвоз, Болжувон, Кулоб, Қўрғонтепа, Ғарбий Помирда яшашган. Улар асосан деҳқончилик билан, қисман чорвачилик билан шуғулланишган. Чоржўй ва Керки туманларида асосан чорвачилик билан шуғулланган туркманлар яшашган. Қорақалпоқ ва қозоқлар Кармана ва Нурота туманларида истиқомат қилишган. Яҳудий аҳоли шаҳарларда яшаб, асосан ҳунармандчилик ва савдо билан шуғулланишган. Қарши ва Бухоро ҳудудларида араб қишлоқлари бўлган.

ХХ аср бошида Бухоро амирлиги ҳудуди 225.000 квадрат километрни ташкил этиб, амирликда аҳоли сони 3.5 миллион кишига етиб, аҳолининг миллий таркибини ўзбек, туркман, қирғиз, қозоқ, тожик, яҳудий, араб ва бошқа халқ ва элатлар ташкил этди67. Демографик жараёнларини илмий таҳлил этишда аҳолининг сони, хўжалик юритиши бўйича тарихий маълумотлар муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ХХ аср бошларида Шаҳрисабз беклигида 150 минг аҳоли яшаган, аҳоли даромади ўртача 45000 рублни ташкил этиб, олинган даромад асосан деҳқончилик ҳисобида бўлган. Шунингдек, Китоб беклигида 100 минг аҳоли бўлиб, аҳоли даромади 75,500 рублни ташкил этган, асосий хўжалик юритиш шакли деҳқончилик ҳисобидан бўлган. Шеробод беклиги аҳолиси 75 минг киши аҳоли даромади 50,000 рублни ташкил этиб, хўжалик юритиш деҳқончилик ҳисобидан амалга оширилган. Умуман бу даврда Қашқадарё воҳасида 500 минг, Сурхондарёнинг қуйи қисмида 300 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган68. Демографик жараёнларини илмий таҳлил этиш даврида аҳоли сонни ўсиш ҳолатига эътибор берилди. XX аср бошларида Бухоро амирлиги аҳолисининг умумий сони 2 миллион 153 минг 240 киши бўлган, шундан жанубий ҳудудларда жойлашган бекликларда, яъни Шаҳрисабзда 150. 000, Китобда 100.00, Яккабоғда 20.000, Чироқчида 30.000, Шерободда 75. 000, Деновда 23.523, Бойсунда 28. 000 аҳоли истиқомат қилганлиги тарихий асарларда баён этилган69. Бу даврда аҳолининг машғулотлари асосан деҳқончилик ва чорвачиликка йўналтирилган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳамда ундан олинадиган фойда аҳолининг турмуш кечиришига ҳамда кундалик эҳтиёжига етмас эди.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, амирликнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган жанубий ҳудудлар аҳолисининг ижтимоий аҳволи оғир бўлиб, давлат бошқарувида ислоҳотлар жараёнининг амалга оширилмаганлиги, шунингдек, маъмурий бошқарувдаги номутаносибликлар жанубий ҳудудлар аҳолиси ҳаётига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатди. Бу эса жамият тараққиётининг юксалишига тўғаноқ бўлди. Чунки жамиятнинг юксалишини таъминлайдиган ҳурфикрлилик ва янгича бошқарув шаклларининг амир мустабид ҳокимияти томонидан бўғиб қўйилиши жамиятда содир бўлаётган ҳар қандай ўзгаришлар ва янгиликлар жараёнининг илдизига болта уриши табиий ҳол эди. Шу сабабли ҳам жадидлар ва ёш бухороликлар каби илғор фикрли ислоҳотчилар ўз нуқтаи назарини жамиятни янгилаш, бошқарув тизимини замонавийлаштириш, халқни маърифатга яқинлаштириш каби ислоҳотларга эътибор қаратгани бежиз эмас. Шунингдек, демографик жараёнлар билан боғлиқ шаҳарларнинг иқтисодий-маданий тараққиёти, бекликларнинг жойлашуви, маданий-маърифий тизими билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар, шарқона меъморчилик соҳасидаги қурилиш ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда жанубий ҳудудлар аҳолисининг ўсишига олиб келган омиллар илмий таҳлил қилинди. Энг муҳими, демографик жараёнларига оид бекликлар аҳолисининг миллий таркиби, аҳолининг синфий қатлами, маҳаллий амалдорларни амалдан фойдаланиш жараёнидаги ҳолатлар тарихий манбалар асосида талқин этилди. Тадқиқотда жанубий ҳудудлар аҳолисининг савдо муносабатларидаги иштироки, савдо маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда сотиш билан боғлиқ муаммолар манбалар асосида илмий изоҳланди. Жанубий ҳудудлардаги демографик жараёнларини ўзида мужассам этган этник гуруҳлар, уларнинг жанубий ҳудудлар бўйлаб жойлашуви, кўчманчи қабилаларнинг келиб жойлашуви, кичик кам сонли элатларнинг ижтимоий–иқтисодий ва маданий турмуш даражаси илмий манбалар билан таққосланди. Мавзуни таҳлил этиш давомида жанубий ҳудудлар аҳолисини турмуш тарзига оид воқелик алоҳида ўрганилиб, жанубий ҳудудлардаги аҳолининг ҳаётида мавжуд бўлган очлик, қашшоқлик, турли касалликларнинг кенг тарқалишининг оқибатлари, унинг олдини олиш масаласида амирлик ҳокимияти томонидан ҳеч қандай амалий чора- тадбирлар кўрилмаганлиги ҳамда маҳаллий аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларнинг олдин олиш мақсадида ҳомийлар, яъни инглиз ва немислар кўмагида амалга оширилган ёрдамлар илмий манбалар билан таҳлил этилди.





Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   50




©emirsaba.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет