Ўзбекистон республикаси


II. боб. ХХ аср бошларида



бет20/50
Дата06.01.2022
өлшемі0,89 Mb.
#16837
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   ...   50
Байланысты:
2 5429347667308185636

II. боб. ХХ аср бошларида жанубий ҳудудларнинг иқтисодий ҳолати ва миграциЯ жараёнларИ
2.1 Жанубий шаҳарларнинг иқтисодий аҳволи ва муаммолари

XX аср бошларида ҳам Бухоро амирлигининг шаҳарлари майда ишлаб чиқариш характерига эга бўлиб, амирлар йирик саноат ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш имкониятларидан фойдалана олмаган. Бухоро шаҳарлари моддий имкониятларга эга бўлиб, йирик ер ости, ер усти бойликлари бўлишига қарамасдан, амирлик ушбу имкониятларни мамлакат манфаатлари йўлига йўналтирмади. Шунга қарамасдан, шаҳарларда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ маҳаллий ҳунармандлар ва деҳқонлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ҳисобига кўпайиб борди. Йирик бозорларга эга бўлган Қарши, Денов, Шеробод, Шаҳрисабз, Ғузор, Китоб шаҳарлари ҳунармандчилик ривожланган шаҳарлар сифатида танилди. Ушбу шаҳарлар асосан амлакдорликлардан келган маҳсулотлар ҳисобида ривожланиб, аграр савдо-сотиқни ривожлантиришга мослашган эди.

XIX аср охири-XX аср бошларида Бухоро амирлигининг жанубий ҳудудларида иқтисодий тараққиёт ўзининг турғунлик ҳолатидан ривожланиш даврига қадам қўйши натижасида, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва чорвачилик анча тараққий этиб, шаҳарларнинг моддий турмуш даражаси анча ривожланди. Чор Россияси истилосидан кейин пахтага бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида, Бухоро амирлиги ҳудуларини эгаллаш ҳамда пахтани қайта ишловчи саноат корхонларини вужудга келтириш масаласида амалий ишларга жиддий киришилди. Амирликнинг жануби-шарқий шаҳарларида пахтани қайта ишловчи корхоналарни қуриш мақсадида, «Шарқий Бухоро ўртоқлик жамияти» ташкил этилди ҳамда унга З.А.Белиский раҳбар этиб сайланди. Жамият Шеробод, Бойсун, Денов, Шаҳрисабз, Ғузор ҳудудларида пахтани қайта ишловчи корхонлар қуришни мақсад қилиб қўйди. Ушбу ҳудудларда 90000дан 100000 ботмонгача бўлган пахтани тайёрлаш ва қайта ишлаш масаласи кун тартибига қўйилган эди. Жанубий Бухоро шаҳарларида пахта экиш ва сотиш масаласини ўз қўлига олиш мақсадида деҳқонлар пахта экиш ва сотишдаги ҳуқуқларидан маҳрум этилиши масаласи кун тартибига қўйилди. Шунингдек, деҳқонларга нисбатан асосий тўсиқлардан бири-бунак тизими бўлиб, судхўрлар деҳқонларга бўнак берган ва бўнакни олишда эса нақ пул ўрнига маҳсулот оладиган ҳолатлар вужудга келган эди. Бўнак олиш Шеробод, Бойсун шаҳарларида 9-24 пудлик ботмон учун 150-180 танга ҳисобланган118. Шаҳарларда пахтани қайта ишловчи ҳамда пахта сотиш ва сотиб олиш билан шуғулланувчи судхўрлик компаниялари вужудга келди. Бироқ жануби-шарқий Бухорода пахтачиликни ривожлантиришга яна бир тўсиқ-пахта тозалаш заводларининг йўқлиги сабабли пахта тозалаш учун пахтани янги Бухорога олиб кетилгани эди. Натижада йўл харажати 8 пудлик ботмон учун 9 сўм 60 тийинни ташкил этган. Тозаланган пахтанинг ҳар бир пуди 4 сўм 25 тийинга тўғри келган119.

Қарши шаҳри йирик савдо шаҳри бўлиб, қўрғоннинг барча кўчаларида савдо дўконлари бўлган, лекин уларнинг аксарияти шаҳарнинг шимолий қисмида жойлашган. XIX аср охирларида Қарши ҳокими Ҳайдар Тўра қўрғондан ташқарида савдо дўконларини қуришни тақиқловчи фармон чиқарди. Унга асосан, барча савдо дўконлари қўрғондаги бозорда қурилиш керак эди, лекин XIX аср охирида Қарши шаҳар аҳолиси кўпайиб, шаҳар кенгайиб кетганлиги учун, бу фармон ўз кучини йўқотди. Аста-секин қўрғон атрофида ўз бозорларига, савдо дўконларига эга бўлган янги шаҳар қад ростлади, қўрғон эса «Эски шаҳар» номини олди. Инглиз сайёҳи Ост-Индия компанияси вакили Александр Бёрнс 1832 йилда Қарши шаҳрида тўхталиб: “Қарши майдони жиҳатдан Балх ва Самарқанддан каттароқ бўлиб, катта бозорларга ва кенг савдо қаторларига эга бўлган”, деб ёзади120.

Айниқса, Ғузор ва Қарши шаҳарларининг ўзида боғдорчиликка алоҳида эътибор берилиб, янги узум навлари яратилиб, Москва узум нави кўчатлари Ғузор шаҳридан Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига ҳам етказиб берилган. Ғузор шаҳрида йирик савдо карвонсаройи жойлашган бўлиб, ушбу карвонсарой савдо-сотиқ маркази сифатида ҳам танилган. Шунингдек, Ғузор шаҳри ўзидан 8 верст узоқликда жойлашган ер ости бой конларидаги рудалар кварц, қўрғошин, мармарлар билан таъминланиб туриб, ҳунармандлар ушбу рудалардан турли хилда материаллар ясаш ва тайёрлашда фойдаланишган. Қарши ва Ғузор шаҳри бозорларида асосан қурилиш материаллари сифатида арча ёғочлари ишлатилган. Йирик иқтисодий марказлардан бири бўлган Шеробод ва Шаҳрисабз шаҳарлари Ғузор ва Қарши шаҳарлари билан мунтазам тарзда савдо-сотиқ муносабатларини олиб борган. Шеробод айниқса, ўзининг савдо мавқеи билан алоҳида ажралиб турган, бу ерда алоҳида савдо билан шуғулланувчи машҳур савдо расталари ташкил этилган121.

Шаҳрисабз шаҳри XVI асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амири Абдуллахон (1557-1598) давридан бошлаб Бухоро амирлигига бўйсунувчи иқтисодий марказ сифатида танилди. Шаҳрисабз Самарқанд-Термиз-Балх савдо йўлида жойлашган бўлиб, ўз шаҳар табиати, турли-туман маҳсулотлари билан ажралиб турган. Шаҳрисабзда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, қуруқ мевалар Бухорога, Россия империясига, Кавказорти ўлкаларига жўнатилган. Баъзи манбаларда Самарқанд бозорида Шаҳрисабздан келтирилган эртапишар мевалар сотилиши ҳақида маълумот берилади. Шаҳрисабздан Бухорога сифатли гуруч ва боғдорчилик маҳсулотлари етказиб берилган. Шаҳрисабз шаҳрида пахта, газламаларни бўяшда ишлатиладиган ўсимлик илдизлари ва бошқа маҳсулотлар Россияга ва Бухоро хонлигининг бошқа ҳудудларига етказиб берилган. Шаҳрисабз шаҳри Ғузор, Оқработ, Тошқўрғон, Дарбанд ва Термиз орқали Европа мамлакатлари билан савдо-сотиқ олиб борган122.

Китоб шаҳрида, асосан, тожик аҳолиси истиқомат қилган, улар, асосан, савдо-сотиқ билан шуғулланишган, бу шаҳарга ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари алоҳида бозорлар бўлган. Китоб бозори ўзининг катталиги жиҳатидан Шаҳрисабз бозоридан кейинги ўринда турган. Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларида ўндан ортиқроқ буғдой, арпа, шоли ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилган. Шаҳар аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида савдо-сотиқ ишлари Китоб ва Шаҳрисабзда махсус марказлаштирилган. Бундан ташқари кичик шаҳар аҳоли марказларида Китоб ва Шаҳрисабз шаҳарларининг бевосита таъсирида савдо-сотиқ ишлари олиб борилган. Масалан, Жума кичик шаҳрида (Жума куни), Бобоарслон шаҳрида (Чоршанба куни), Қалқама шаҳрида (якшанба) кунлари бозорлар гавжум бўлиб, аҳоли учун зарур бўлган маҳсулотлар сотилган. Энг муҳими, Шаҳрисабз шаҳрида йирик савдо марказлари жойлашган бўлиб, ушбу шаҳарга Самарқанддан маҳсулотлар олиб келиб сотилган. Шаҳар ҳокими Бекназарнинг бевосита назоратида Чорсу биноси қурилиб, бу ерда бозор ҳафтанинг душанба, пайшанба кунларига белгиланган123.

Китоб ва Шаҳрисабз шаҳарларида солиқлар ва мажбуриятлар тизими, яъни иқтисодий ҳаётнинг муҳим бир қисми мисолида назоратга олинган эди. Шаҳарларда сув солиғи, экин солиғи ниҳоят даражада кўп бўлиб, баъзан халқнинг норозилигига дучор бўлар эди. 1870 йилда Шаҳрисабзда бўлган А.Л.Кун ҳар бир таноб экинзор ердан 6 танга, узумзорлардан 0,5 тилла миқдорда таноб солиғи олинганлигини ёзиб қолдирган. Шаҳар аҳолиси хирож, кафсан солиқлари ҳам тўлаган. Шунингдек, солиқлардан яна бири аминона солиғи бўлиб, Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларининг ҳар бирида ҳафтасига икки марта бўладиган бозор кунларида ҳар бир растадан бир танга миқдорида аминона солиғи ундирилган. Шунингдек, шаҳарларда мусулмон бўлмаган аҳоли яҳудийлар, ҳиндулар ва бошқалардан жон солиғи-жузъя ундирилган. Жон солиғи ҳар уч ойда бир марта бойлардан 50 танга, камбағаллардан 12 танга миқдорида ундирилган. Мажбурият бажарувчи ишчилар сони қишлоқ аҳолиси сонидан келиб чиқиб, 5 тангадан 20 тангагача солиқ тўлаган. Шунингдек, уруш пайтларида савдогарлардан «қарзга» пул олишган. Пул эгалари ўз қарзларини ҳар доим ҳам қайтариб олмаган. Шаҳар солиқ даромади бек ихтиёрида бўлиб, масалан Китоб беклигидан келадиган даромад 10000 ботмон ғалла ва 60000 Бухоро тангасига тенг бўлган124.

Бухоро амирлигининг жануби-шарқий шаҳарларида бошқарув бек томонидан олиб борилиб, беклар, асосан, Бухоро амири томонидан тайинланган ва ворис деб эълон қилинган. Беклар ўзларининг мансаб доирасида маъмурий-ҳудудий ҳамда сиёсий-иқтисодий жиҳатдан амирга ҳисоб бериб, шаҳар ҳудудига доир жами бошқарув йўналишида бекка ва Бухоро амирига ҳисоб бериб турган. Шаҳар аҳолиси шаҳар бошқарув маъмурий ҳудуди ходимларини сайлаб, бек томонидан тайинланган ходимлар шаҳарнинг бошқарувига, назоратига тўлиқ жавобгар ҳисобланганлар. Бухоро амирлиги даврида жануби-шарқий шаҳарлар Шаҳрисабз, Яккабоғ, Ғузор, Чироқчи, Қарши, Бойсун, Шеробод, Денов ҳудудлари ўзларининг маъмурий-ҳудудий чегараси ҳамда иқтисодий аҳволи билан ҳисоб бериб турган. Маъмурий-ҳудудий бошқарув даврида Бухоро амирининг ва бекнинг рухсатисиз шаҳар ва кентлар чегараси ва номи ўзгартилимаган. Шаҳар аҳолисининг сони, солиқ тўлови, аҳолининг кўчиши, хўжалик тизими бек томонидан назорат қилиб турилган.

Шаҳрисабз маҳаллаларида ўртача 400 дан ортиқроқ хонадон бўлган, ҳар бир хонадонда ўртача 5 киши истиқомат қилганлигини ҳисобга олсак, Шаҳрисабзда 20 минг киши истиқомат қилган. Шаҳарда йирик 14 та гузар бўлган, ҳар бир гузарларда майда мачитлар фаолият кўрсатган, уларнинг сони 64 тани ташкил этган. Шунингдек, Шаҳрисабзда 6 та мадраса фаолият кўрсатган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Шаҳрисабз беги Бобобекнинг 2 та хусусий ҳаммоми, 7 та карвонсаройи, бир нечта мактаблари ҳамда меҳмонхоналари бўлган. Бундан ташқари, шаҳарда Кунчиқар, Чармгар, Қўшхона, Қалмоқ, Арк дарвозалари орқали савдо-сотиқ ишлари олиб борилган125. Шаҳрисабзни Бухоро-Самарқанд шаҳарларининг карвонлари мунтазам тарзда гуруч, қуруқ мева, ғалла, пилла, арпа, жун, ошланган тери, тўқилган чарм маҳсулотлари, темир ва темир буюмлари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаб турган. Шаҳрисабз аҳолиси, асосан, солиқлардан хирож, закот, ер солиғи каби солиқларни тўлаб турган. Масалан, Шаҳрисабзда йирик савдо эгалари, йирик бойлар етишиб чиққан. Ана шундайлардан Жўрабек савдогар бўлиб, унинг «Тагижой» хусусий савдо расталаридан амирлик хазинасига 2-6 танга олтин миқдорида солиқ олинган. Бундан ташқари, шаҳарда маҳаллий аҳолининг миллий жойлашуви ҳам ўзгариб, уларнинг миллий таркиби кўпайиб борган. Масалан, яҳудий, араб, шунингдек, эроний уруғларга хос миллат вакиллари ҳам келиб жойлашган. Аҳоли ҳар 3 ойда бойлар 50 танга, камбағаллар 12 танга турли хил солиқларни шаҳар хазинасига тўлаган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жон солиғи аёллардан ва 9 ёшгача бўлган болалардан олинмаган эди126.

Ғузор жойлашиш жиҳатдан бошқа шаҳарларга нисбатан бир мунча қулай, иқтисодий географик имкониятларга эга бўлган. XIX асрнинг охирларида Бухоро амирлигига қарашли шаҳарларда боғдорчилик кенг ривожланиб, қуруқ меваларни қайта ишлаш ташкил қилинди. Ўша даврда шаҳарларда узумнинг 13 хили, ўрикнинг 3 хили, олманинг 8 хил навлари экилган. Бу ҳақди машҳур шарқшунос Н.В.Ханыков маълумот ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, бутун Бухоро бозорларига бодом Шаҳрисабз орқали етиб келган127.

XIX асрнинг учинчи чорагида Бухоро амирлигидаги шаҳарларда савдо-сотиқ ривожланиб, ички ва ташқи савдо бўйича маҳсулотлар айрибошлаш анча ривожланди. Шунингдек, шаҳарларда хирож, жузъя, закот каби асосий солиқлар кенгроқ жорий этилиб, хирож солиғининг ўлчами ҳосилнинг 40-50 фоизигача етди. Шаҳарларда солиқ ўлчами анча ўсиб, маҳаллий ҳукумат ва амалдорлар белгиланган солиқ тартибини кўпинча бузиб, белгиланган тартибдаги солиқларга қониқмасдан, ўз вазифасини суистимол қилиб, кўпроқ солиқ олишга ҳаракат қилишган. Масалан, Денов шаҳрида белгиланган тартибдаги солиқдан 15 баробар кўп доруға (хирмон янчиш учун солиқ) йиғиб олинган эди128.

1886 йил Шеробод шаҳри ва унинг атрофида ҳам нотўғри солиқ сиёсатига қарши 3 марта халқ норозилиги ва ғалаёнлари бўлди. Халқ ҳаракатидан қўрққан амалдорлар маҳаллий беклар шаҳарликларнинг ва деҳқонларнинг талабларини бажаришга мажбур бўлди. Шундай халқ ҳаракатлари 1886 йил Денов шаҳрида бўлиб, халқ солиқ тўлашдан бош тортди ва солиқчиларни йиғиб, уларни қаттиқ калтаклаб жазолади. Ушбу халқ ҳаракатлари Бухоро шаҳарларида халқ оммасининг онги ошиб, адолатсизликка қарши курашнинг кучайиб бораётганлигидан далолат бераётган эди129.

XIX асрнинг 80-йилларида амирнинг оғир иқтисодий талончилик сиёсатига қарши Денов шаҳри ва унинг атрофида жиддий халқ норозилик ҳаракатлари бошланди. Амир Денов аҳолисининг талабига биноан, амирликнинг етук раҳбарларидан бири Саид Назарбек қоровулбегини ҳамда маҳаллий қозимулла Мир Имомиддинни ва назоратчи Ҳузуршоҳ ҳамкорлигида Шеробод ва Денов ҳудудларидаги аҳволни ўрганиш ва тафтиш ўтказиш бўйича кўрсатма бериб жўнатди. Уларнинг ушбу амир номига ёзган баённомасида:- «Ҳар бир жойда мингга яқин арбоблар, оқсоқоллар ва деҳқонлар тўланиши кўрсатилган солиқ ўрнига, бир неча бор юқори миқдорда солиқ тўлаётганлиги, амлокдор ва бошқа маҳаллий раҳбарлар солиқни назорат қилишни ўз зиммасига олмаганлиги натижасида, халқ қашшоқ ва хонавайрон бўлиб қолганлиги” изоҳлаб ўтилиб, умуман солиқлар ундириш масаласида Бухоро амирлиги ўта қаттиқ сиёсат олиб борган эди130.XIX аср охири -ХХ аср бошларида жанубий Бухоро шаҳарларида ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривожи деҳқончилик билан боғлиқ ҳолда олиб борилган. Шаҳарга туташ қишлоқларда доимий яшовчилар ичида қишлоқ хўжалиги (деҳқончилик) ёки ҳунармандчилик билан биргаликда олиб борилган. Шу сабабли шаҳар атрофидаги қишлоқлар шаҳарнинг асосий таркибий қисми сифатида ёки унинг гузари сифатида боғланиб, оддий фикр билан айтганда, шаҳар ихтиёридаги қишлоқлар деб аталган. Шунингдек, Шеробод, Денов, Ғузор, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарлари атрофидаги қишлоқлар текисликларда жойлашган бўлиб, улар, асосан, шаҳарни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаб турган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу шаҳарлар аҳолисининг асосий қисми аграр хўжалик билан шуғулланган.

ХХ аср бошларида Бухоро амирлигида ҳунармандчилик ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги Россиядан олиб келинган техника ҳисобида анча ўзгарди. Бухоронинг жануби-шарқий ҳудудларида жойлашган шаҳарларда Россиядан олиб келинган ҳунармандчилик маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган дастгоҳларни қўллаш натижасида, ёлланма ишчилар, кунбай ишчилар сони ошиб борди. Рус чоризмининг Ўрта Осиёга кириб келиши Бухоронинг иқтисодий жиҳатдан назорат қилиниши, рус тадбиркорлари томонидан Россия технологияларининг Бухоро амирлиги ҳудудидаги шаҳарларга ўрнатилиши натижасида, янги ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилди. Бухорода пахтачилик ёки табиий маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича капитал маблағлар сарфланиб, маҳаллий бойлар рус капиталистлари билан ҳамкорликда саноат корхоналарини қуришга, хусусий банклар ташкил этишга киришдилар131.

Бухоро амирлигининг жануби-шарқий ҳудудлари ҳисобланган Қашқадарё,Сурхондарё воҳаларидаги Яккабоғ,Китоб,Чироқчи,қарши, Шаҳрисабз, Ғузор, Шеробод, Денов, Термиз ва бошқа шаҳарларда пахтага ишлов берувчи янги саноат ускуналарнинг ўрнатилиши ҳамда маҳсулот ишлаб чиқаришнинг сифати яхшиланди132. Олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш жараёни айниқса ХХ аср бошларида маълум даражада ижобий силжишга эга бўлди. Бу даврда Шаҳрисабз, Ғузор, Чироқчи, Қарши шаҳарлари иқтисодий жиҳатдан анча ривожланди. Айниқса, шаҳарларда қуруқ меваларни қайта ишлаш, терини қайта ишлаш, чарм ва пахта материалларидан кийим тайёрлаш анча ривожланди. Шу билан бир қаторда шаҳарда ишлаб чиқилган маҳсулотлар Россия ва Европа бозорларига олиб чиқарилди ва товар айрибошлаш йўлга қўйилди133.



Бухоро амирлигидаги ички тартибсизликлар, ҳукмдорлар ўртасидаги ҳокимият учун кураш, уруғ-қабилачилик низолари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётига жиддий салбий таъсир ўтказди.Натижада мамлакатнинг келажагини ўйлаб саноат ва ҳунармандчилик ривожланишига эътибор берилмади.Бой ички ва ташқи имкониятлар ҳисобга олинмади. Халқнинг талаб-эҳтиёжларини қондириш, маданий саводхонликни ошириш масаласига жиддий ёндашилмади. Бухорода мамлакат тараққиётини ўйловчи маъмурий ҳокимиятнинг йўқлиги туфайли, йўллар хароб бўлиб, кўприклар эскирган, бузилган, сув тармоқларини қуриш, қайта таъмирлаш, мавжуд имкониятлардан фойдаланишга эътибор берилмаган, уларга учун мавжуд давлат маблағлари сарфланмади.Мамлакат хазинасига келиб тушаётган бойлик, солиқ тўловларининг асосий қисми амирнинг шахсий хазинасига тушса-да, ушбу маблағлар аҳолининг ижтимоий- иқтисодий турмушига хизмат қилувчи йўналишларда фойдаланилмади134.Бир вақтлар гўзал юрт бўлган, бетакрор қурилиш обидалари, меъморий қурилишлар ватани бўлган Бухорда манғитлар ҳукмуронлиги даврида шарқона услубда янги маъмурий, уй-жой биноларни қуриш деярли тўхтаб қолди. Ижтимоий- иқтисодий соҳада амалга оширилган ишлар асосан ҳомийлик ҳамда шахсий маблағлар ҳисобида амалга оширилди. Бу ҳолат Шарқий Бухоро шаҳарларида ҳам ўз аксини топиб, моддий ва маънавий маданият турғунлик ҳолатини ўз бошидан кечирди.Тадқиқотда шарқий Бухоро ҳудудига кирган Шеробод, Денов, Бойсун шаҳарларда ижтимоий-иқтисодий, маданий аҳволни ўрганиш жараёнида халқнинг турмуш даражаси ҳақидаги маълумотлар, манбалар батафсил ўрганилди. Денов, Шеробод шаҳарларидаги деҳқонлар аҳволи, солиқ турлари, маҳаллий амалдорларнинг ўз бошимчалиги тўғрисидаги тарихий манбалар илмий таҳлил қилинди. Халқнинг оғир турмуши, иқтисодий ночорликка қарши кураш, 1885-1886 йиллардаги Шеробод ва Деновдаги халқ қўзғалонлари, уларнинг натижалари ҳақида фикрлар тарихий манбалар асосида баён этилди. Шарқий Бухоро шаҳарлари ҳақида тарихшунослик фанида қайд этилган асарларни ўрганиш, таржима қилиш натижасида, аҳолининг ижтимоий- иқтисодий турмуш тарзига оид манбалар ўрганилиб, илмий таҳлил қилинди. Шарқий Бухоро бекликларида иқтисодий ночорлик, табиий иқлимнинг иссиқлиги, об-ҳавонинг тез-тез ифлосланиб туриши, чанг-тўзонларнинг ҳаддан ташқари кўп бўлиши, қум ва барханларнинг кўчиши одатий ҳолга айланиб қолган эди. Оғир турмуш тарзи туфайли, минглаб кишилар, асосан, ёзда аянчли аҳволда ўлиб кетиши ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолиши оддий бир ҳодисага айланиб қолган эди. Тарихий манбаларда XIX асрнинг охирида Бойсун, Шеробод, Музработ, Ангор, Шўрчи, Жарқўрғон ҳудудларида юқумли касалликлар кенг тарқалганлиги, Бандихон, Қизириқ, Каттақум атрофидаги қишлоқларда эпидемиядан аҳолининг кўпчилик қисми оммавий қирилиб кетганлиги қайд этилади. Сурхондарё ёнидаги қишлоқларда безгак ва иситма касаллигининг авжига чиқиб кетиши натижасида, Жалойир, Кокайди қишлоқларининг аҳолиси, айниқса, кўп азият чекди. Бўқоқ касаллиги, сурункали камқонлик, бел ва қўл оёқларнинг қийшайиши каби хасталиклар маҳаллий аҳолини бутунлай ҳолдан тойдирган эди135.

XX аср бошларида Жанубий Бухоро бекликларида табиий ер ости бойликлари, шунингдек табиий минерал ўғитлар заҳираси Кўҳитанг, Ҳисор, Боботоғ, Бойсунтоғда ниҳоятда кўп бўлса-да, маҳаллий саноат корхоналарининг йўқлиги туфайли, улардан фойдаланилмас эди. Маҳаллий ҳунармандлар ХХ аср бошларида Шеробод, Бойсун тоғ тизмаси ва Ҳисор довони жанубий тизмасидаги ер ости бойликларидан: темир, қўрғошин, тошкўмир ва нефть маҳсулотларидан қисман фойдаланиб, қишлоқ хўжалик ҳамда ҳунармандчилик учун зарур меҳнат қуролларни оддий усулда тайёрлашган. Какайди, Жарқўрғондаги нефтдан маҳаллий аҳоли (мойли сув) ёқилғи ва кўз касалликларини даволаш мақсадида фойдаланишган. Ҳовдак, Какайди нефть сувларида маҳаллий аҳоли чўмилиб, табиий шифо топган, шу туфайли халқ бу нефт-кўмир аралаш сувларни муқаддас ҳисоблаган. Шеробод, Термиз оралиғидаги қумлардан, қўй терисида оддий усул билан дарё қумларини ювиш орқали олтин ажратиб олинган. Ҳар бир олтин тозаловчи 4 тангадан 6 тангагача (1 танга кумуш билан 20 тийин бўлади) олтинни шу усулда ажратиб олган136.

Шарқий Бухоро аҳолиси ўртасида кенг тарқалган касалликларнинг олдини олиш, халқнинг соғлигини сақлаш, Бухоро амирининг ишончига сазовор бўлиш мақсадида, инглизлар ўзларининг жамиятлари орқали Шеробод, Денов, Бойсун шаҳарларида амалий ёрдам кўрсатишга киришди. Ўша пайтда маҳаллий аҳоли орасида чечак касаллиги кенг тарқалиб, кўнгилли инглиз тиббиёт ходимларидан 3 киши аҳолини чечакка қарши эмлаш ишларини амалга оширди. 1880-1895 йилларда аҳоли орасида ўтказилган эмлаш натижасида, чечак касаллиги анча камайиб, маҳаллий аҳоли орасида чечакка қарши эмлашни ўрганиб олган вакиллар ҳам етишиб чиқди. Англиядан келтирилган чечакка қарши дорилар Афғонистон савдогарлари орқали олиб келиниб, унинг сифати 1900 йилда Россиядан келтирилган дорига нисбатан анча юқори эди. Россия ташқи ишлар вазирлиги Бухоро амирлиги ҳукумати билан шартнома имзолаб, Бухоро, Термиз, Керки, Келиф шаҳарларида маҳаллийлашган рус фуқароларига хизмат кўрсатувчи рус-маҳаллий касалхоналарини, амбулаторияларини, махсус дори-дармон сотувчи даволаш марказларини очди137. Очилган касалхоналар, чегара божхона хизмати постларидаги даволаш муассасалари маҳаллий аҳолига пуллик хизмат кўрсатишни ҳам ташкил этди. 1898-1899 йилларда ташкил этилган ушбу даволаш муассасаларига зарурий маблағни Бухоро амири ўз ҳисобидан тўлади. Ушбу ҳаражатлар атиги 2 минг сўм пулни ташкил этиб, бу оддий харажатларни ҳам қопламас эди138.

Денов беклигида XIX асрнинг 80-йилларида бўлган деҳқонлар қўзғолонига Эрназар полвон раҳбарлик қилиб, қўзғолоннинг асосий сабаби Денов беги Абдураҳмоннинг халқдан бек белгиланган солиқдан ортиқ қўшимча солиқни йиғиб олиши ҳамда халқни қўшимча мажбуриятларга мунтазам сафарбар этиши бўлди. Ушбу қўзғолонни бостириш учун, Бухоро амири 1885 йилда катта миқдорда ҳарбий кучларни жўнатди. Натижада деҳқонлар билан амир қўшинлари ўртасида қуролли тўқнашув бўлди, бек қўшинлари мағлубиятга учради. Эрназар полвон раҳбарлигидаги қўзғолончи деҳқонлар Денов қалъасини беш кун қўлда ушлаб турдилар. Натижада Бухоро амири Музаффархон Денов қўзғолонини бостириш учун қўшимча миқдорда йирик ҳарбий кучларни юбориб, шаҳарни қуршаб олди. Амир армияси сотқинлар туфайли, қалъага киришга муваффақ бўлди ва қўзғолончиларни шафқатсизларча жазолади139.

Туркистон ҳарбий округи Бухоро амирлиги билан келишган ҳолда, XIX асрнинг 90-йилларидан бошлаб ҳарбий-стратегик аҳамиятга эга бўлган топографик ишларни бошлаб юборди. Денов беклигида олиб борилган топографик ишлар (яъни жой номлари чегараларини аниқловчи бекликнинг ҳудудий жойлашув картаси) ни Денов беклигидаги деҳқонлар Россия, гўёки Деновни истило қилади, деб тушундилар. Деҳқонлар ўтказилаётган топографик ишлар туфайли, Россия чоризми ерларни тортиб олади, хўжаликларни вайрон қилади ва деҳқонларнинг хонавайрон бўлишига олиб келади, деб ўйладилар. Натижада деҳқонлар қўлига қурол олиб, 1898 йил 18 майида Чут Чоғлиқ қишлоғидан қўзғолон бошлаб, таёқтош билан қуролланган деҳқонлар топограф ходим ва 2 та казакни қишлоқдан қувиб юбордилар. Бу қўзғолон ҳаракати бошқа қишлоқларга ҳам тарқалиб, оммавий тус олди. Денов беклигида 20 майда Шойдон қишлоғида, 21 майда Толли қишлоғида 30 нафар деҳқонлар топограф ва казакларга қарши қуролли уруш бошлади. Натижада Чор Россияси вакиллари Денов беклигини ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар140.

1901 йил Деновда бўлган қўзғолоннинг овозаси, ҳатто, Тошкент ва Петербурггача етиб борди. Бу хил деҳқонлар ҳаракати Шеробод, Мўминобод, Ҳисор, Кулобда ҳам бўлиб ўтди. Қўзғолон шафқатсизларча бостирилиб, қўзғолончилардан 82 киши Дарбанд дарасида осиб ўлдирилди141.

Батош, кенегас ва дўрмон ҳунармандларининг кундалик турмуш тарзи ниҳоятда оғир бўлиб, аянчли турмуш кечирган. Шунингдек, Денов, Шеробод бекликларидаги бозорларда бу ҳунармандларнинг маҳсулотлари кам нархда баҳоланган. Шу туфайли 1907 йилги Деновда бўлиб ўтган қўзғалонда дўрмон ва кенегас ҳунармандлари ўз маҳсулотларини сотиш учун бозордан дўкон очишга рухсат беришни, маҳсулотлар нархининг баҳосини туширмасликни талаб қилганлар. Бироқ ушбу талаблар бажарилмасдан, қўзғалончилар ва унинг раҳбарлари қаттиқ жазоланди. Бошқа уруғларда бўлгани каби, кам сонли этносларда ҳам бошқарув услуби умуман бўлмаган, шунинг учун қишлоқ ҳунармандлари шаҳардаги ҳунармандларни назорат қилувчи устоз бобо ва ҳунарманд оқсоқолга бўйсунганлар. Чунки қишлоқларда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун имкониятлар бўлмаган, етарли хом-ашё билан таъминлаш қийин ҳолатда эди142.

XX аср бошларида Бухоро амирлигида феодал муносабатлар ҳукм суриб, жумладан, Шарқий Бухоро шаҳарлари Шеробод, Денов, Бойсунда ҳам ўзаро ички низолар ва қонли урушлар тез-тез учрайдиган ҳодисаларга айланиб қолган эди. Аҳмад Донишнинг ёзишича, Амир Ҳайдар ҳукмдорлиги даврида ҳар 3-6 ойда узлуксиз ўзаро урушлар бўлиб турарди143. XX аср бошларида Шеробод, Денов шаҳарлари вайрон қилиниб, чорва моллар ва одамлар ҳайдаб олиб кетилар, сув тизими тармоқлари бузилиб ва қишлоқ хўжалигидаги экинлар пайхон қилиниб, издан чиқарилар эди. Бу низо-жанжаллар беклар ўртасидаги келишмовчиликка бориб, катта тўқнашувларга айланиб кетарди. Шеробод, Денов шаҳарларининг асосий бойлиги ер бўлиб, у амир ёки сарой амалдорлари, бек, амлакдор, оқсоқол вақф ерларидан иборат бўлган. Бекликдаги амир ерлари мулки султоний бўлиб, Шеробод беклигининг Сариқ, Хўжақия, Тўғиз, Тўп, Денов беклигининг Хайробод, Тўп, Юрчи қишлоқларида бу мулклар мавжуд эди Сурхондарё вилояти давлат архиви144. Хусусий ерлар масжид, мадраса ёки мозорларга назр-ниёз қилинган ерлар «вақф» деб аталган. Амир ерлари шарқшунос П.П.Ивановнинг ёзишича, «... амлоки подшоҳи ёки амлоки султоний» деб аталган145.

XX аср бошларида Жанубий Бухоро шаҳарларида халқнинг турмуш даражасини яхшилаш, маданий савиясини кўтариш, халқнинг саводхонлигини юксалтириш, маорифни ривожлантириб, мактаблар очиш, даволаш муассасаларини қуриш, миллий маънавиятни акс эттирувчи кутубхоналарни ташкил этиш, талантли ёшларни ўқитиш каби савобли ишларга амир ҳамда беклар, умуман, эътибор бермаслиги туфайли, ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёт анча турғунлик ҳолатида эди. Инсонпарварлик, хайр-саҳоват, эҳсонлар ўтказиш фақат халқнинг ташаббуси, зиёлиларнинг шиор ва саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган146. Шу туфайли Шеробод, Денов, Бойсун шаҳарлари кўчаларда, бозор, мадраса, масжидлар ёнида ўнлаб қашшоқ, оч-яланғоч кишилар кўпчиликни ташкил этган. Шарқнинг энг даҳшатли касалликларидан бири «мохов» Бухоро амири ва бекларни ҳеч қандай безовта қилмас, касалликларнинг, очликнинг олдини олиш борасида деярли амалий ишлар қилинмас эди. Касалликларга кўникиб қолишган беклар ва унинг атрофидаги амалдорлар Бухоро амири топшириғи билан «мохов» касалларни махсус қишлоқларга йиғишган, ўша ерда касаллар ҳеч қандай ёрдам берилмаслиги туфайли, соғлиқлари ёмонлашиб жон таслим қилишган.

Россия ҳукумати Бухоро амирлигининг жануби-шарқий ҳудудларини иқтисодий жиҳатдан мукаммал ўрганиб, йўллар қурилишига алоҳида эътибор берди. Айниқса, Бухоро шаҳарларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан Россия ички бозорини ривожлантириш мақсадида темир йўллар қурилишига алоҳида маблағ сарфлади. ХХ аср бошларида жанубий Бухоро шаҳарларида солиқ сиёсатига қарши ноҳақлик, ортиқча солиқ олиш, ишлаб чиққан маҳсулотларни мажбурий тортиб олишга қарши халқ ҳаракатлари кучайиб борди. Ҳунармандлар, шаҳарнинг қуйи табақа аҳолиси маҳаллий амалдорларнинг талончилик, зўравонлик сиёсатига қарши бир неча марта жиддий норозилик ҳаракатларини олиб борди. 1912 йил Шаҳрисабз аҳолиси, 1914 йил ўрталарида Шаҳрисабз ва қарши вилоят деҳқонлари ноқонуний ва талончиликдан иборат солиқ сиёсатига қарши бош кўтариб чиқдилар.

1915 йилда Шеробод шаҳрида А. Н. Ананьевнинг «Шеробод» акциядорлик жамиятига қарши Шеробод шаҳрида ғалаён кўтарилди. Қўзғалончилар маҳаллий ҳукмдорларни ҳамда Шеробод акциядорлик жамиятига қарши жиддий норозилик билдириб, қуролли қўзғолон билан чиқиш қилдилар. Айниқса, 1916 йил Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи шаҳарларидаги халқ ҳаракатлари Бухоро амирлигининг маъмурий-сиёсий бошқарувига қарши, талончиликдан иборат солиқ сиёсатига қарши йирик халқ ҳаракатлари сифатида алоҳида аҳамият касб этди147.

1914 йилда Когон-Қарши-Керки-Келиф-Термиз йўналиши бўйича Шеробод воҳаси орқали темир йўл қурилиши бошлаб юборилди148. Шеробод воҳасида суғориш ишларини амалга ошириш мақсадида Шеробод шаҳрини тўлиқ Россия тасарруфига ўтказиш, рус саноати маҳсулотларини Шеробод бозорига киритиш ва рус иқтисодий монополиясини ўрнатиш масаласида жиддий ишлар амалга оширилди. Чунки Шеробод шаҳри қулай иқтисодий, географик ҳудудда жойлашган бўлиб, савдо-сотиқни ривожлантиришда ҳам қадимдан таниқли шаҳар эди.

Шеробод воҳасининг иқтисодий тараққиёти, Шерободни сунъий сув билан таъминлаш масаласи рус амалдорларининг асосий вазифаси ҳисобланган. Рус маъмурияти Шеробод шаҳрининг стратегик аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда шаҳарни иқтисодий жиҳатдан келажакда катта фойда беришига эътибор бериб, Шеробод беклиги билан иқтисодий масалаларда бир қатор шартномалар имзолади. Айниқса, А.Н. Ананьев рус муҳандиси сифатида 1908-1910 йилларда Шеробод ҳудуди ва шаҳрини ўрганиш бўйича катта тадқиқотларни амалга оширди. 1917 йил март ойидан бошлаб геодезия, тупроқшунослик, геологик, гидрометрик, метрологик, статистик, энтомологик йўналишларда текширишлар олиб борди. Натижада Шеробод шаҳрининг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олиб, пахта тозалаш заводини қуриш ҳамда озиқ-овқат маъсулотларини қайта ишловчи корхонларни вужудга келтириш масаласида жиддий ишларни амалга оширишга киришди149.

Бухоро амирлиги Шерободнинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, шаҳарни ўз таъсирида ушлаш мақсадида, маъмурий-сиёсий бошқарувни ўз қўлига олиб, Шерободда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар устидан Бухоро амирлигининг қатъий назоратини ўрнатди. Шерободдаги маҳаллий ҳукмдорлар солиқ йиғиш бўйича амалга оширилган ишларни қаттиқ назорат қилди, солиқ йиғиш масаласини амир ўз назоратига олди, янги солиқлар жорий этди. Шерободда боғлардан 13 танга, ҳар бир таноб сабзавотдан 12 танга солиқ йиғиб олинди. Бироқ амлакдорлар жорий қилинган солиққа қаноат қилмай, 26 тангагача солиқ олдилар. Натижада Шеробод шаҳар аҳолисининг кўпчилиги солиқ тўлашдан бош тортиб, Афғонистон ва бошқа ҳудудларга кўчиб кетди. Рус шарқшуноси О.Д.Чеховичнинг фикрича, Бухоро амирлари хирожни тўлашни ҳаддан ташқари кўпайтириб, деҳқон ишлаб чиқарган маҳсулотнинг 40 фоизигача солиққа олиб қўяр эди150.

Умуман Бухоро амирлиги ва унинг қушбеги маҳкамаси томонидан шаҳар аҳолисига нисбатан солиқ сиёсатининг ниҳоят даражада шафқатсизларча жорий этганлигини қуйидагиларда кўриш мумкин. Масалан, Денов шаҳрида ва унинг атрофида йиғилган ҳосилнинг 15 фоизи хирож учун олинган. Китоб шаҳри аҳолиси олган фойдасининг 3/1 фоиҳи Чироқчи шаҳри аҳолиси ишлаб топган маҳсулотининг 5/1 қисми солиқ учун сарфланди151. 1917 йилга келиб Бухоро амирлигида ҳаммаси бўлиб, 19 та пахта тозалаш, 3 та ёғ ишлаб чиқарадиган ва 1 та совун ишлаб чиқарадиган заводлар мавжуд бўлиб, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати оддий, ҳунармандчилик дастгоҳлари манфуактура босқичига тааллуқли эди. Бухоро шаҳрида ва унга яқин бўлган туманларда пахтани қайта ишлаш бўйича қурилган саноат корхоналарида 666 ишчи хизмат қилган эди152. Ўрта Осиёдаги барча хонликларда бўлгани каби Шарқий Бухорода жойлашган пахтани қайта ишлаш саноат корхоналари ҳам фақатгина пахтани чигитдан ажратиш билан шуғулланар эди. 1917 йилга келиб Бухоро амирлигида вино ишлаб чиқарувчи 5 та завод рус тадбиркорлари ихтиёрида бўлиб, улар маҳаллий аҳоли талабини қондириш билан шуғулланар эди.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, шаҳарлардаги ижтимоий-демографик жараёнларни илмий таҳлил этиш чоғида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзини ўрганишга оид манбалар ўрганилиб, Бухоро амирлиги шаҳарлари аҳолисининг турмуш тарзи, моддий ва маънавий ҳаёти жуда ачинарли ҳолатда эканлиги, турли-туман хўжалик тизимига асосланган воҳа аҳолиси ўзининг кундалик турмушига мослашган ҳолда яшаганлиги ҳамда мамалакат миқёсида ушбу соҳа ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги аниқланди ва илмий таҳлил этилди. Тадқиқотда шаҳарларнинг ижтимоий турмуш даражасини юқори савияга олиб чиқадиган маориф, маданиятга, ушбу соҳага тааллуқли муассасаларни қуришга, умуман, эътибор берилмаганлиги, маҳаллий аҳолининг саводини чиқариш, касб-ҳунарга йўллаш ҳамда мутахассислар тайёрлашга давлат томонидан деярли маблағ ажратилмаганлиги тарихий нуқтаи назаридан баён қилинди. Мавзуни ёритиш жараёнида Бухоро амирлигининг шаҳарларида мактаблар, мадрасалар, ҳаммомлар, кўчалар, кўприклар ва бошқа маиший турмуш тарзига оид ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, маърифатпарварлар томонидан бунга эътибор берилганлиги ва уларнинг бу соҳада амалга оширган ишлари ҳақидаги маълумотлар илмий изоҳланди. Шунингдек, шаҳарларда ижтимоий турмуш тарзининг оғирлиги туфайли, маҳаллий аҳолининг аянчли турмуш тарзи, турли хил касалликлар, қашшоқликка қарамай, амалдорларнинг аҳолига ўтказган жабр-зулми, солиқларнинг ҳаддан ташқари оғирлиги тўғрисида манбаларда келтирилган маълумотлар қиёсий таҳлил қилинди. Мавзуни ёритиш жараёнида шаҳарлар аҳолисининг оғир ижтимоий турмушдан норозиликлари, жабр-зулмга қарши олиб борган кураши, халқ қўзғолонлари, унинг натижалари, қўзғолонни бостириш давридаги мудҳиш воқеалар, демографик таҳлилга кўра маҳаллий аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинмаганлиги натижасида келиб чиққан турли касаликлар ва ушбу касаллик туфайли минглаб аҳолининг ҳалок бўлиш сабаблари тарихий манбалардаги маълумотлар таҳлили орқали асослаб берилди. Тадқиқотда Бухоро амирлиги давридги шаҳарлар аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий мафаатларини ҳимоя қилиш.

Россия чоризмнинг босқинчилиги, миллий камситиш ҳамда талончилик сиёсатига қарши курашувчи маърифатпарвар зиёлилар, халқнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётини тубдан яхшилаш зарурлигини тушунган ғоялар ҳақида фикр-мулоҳазалар тақдим қилинди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   ...   50




©emirsaba.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет