Терини эркин кўчириб ўтқазиш.
Тери пластикаси. Терини эркин кўчириш тери пластикасида кенг қўлланиладиган усул ҳисобланади. Кимёвий, иссиқликдан (термик) ёки механик куйиш натижасида терининг чандиқли ўзгариши ҳамда хирургик аралашувдан кейинги чандиқлар туфайли йўқотилган тери қопламини тиклаш бу борадаги муҳим кўрсатмалардан ҳисобланади
Терини эркин кўчириб ўтқазиш пластик хирургиянинг истиқболли усулларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги вақтда лахтакнинг қалинлиги бўйича терини кўчириб ўтқазишнинг 3 хил тури маълум.
Биринчи тури – қалинлиги 0,5 мм. гача бўлган юпқа тери лахтаги (К. Тирш) – эпидермал қават ва хусусий терининг юқориги – ўсувчи қаватидан иборат. Бунда эластик толалар кам бўлиб, улар лахтаклар остидаги тўқималарнинг чандиқланиши туфайли бужмайиб қолади.
Иккинчи тури – қалинлиги 0,5 дан 0,7 мм. гача бўлган ажратилган тери лахтаги (Расм 118). Ажратилган лахтакка терининг тўрсимон қаватидаги эластик толаларнинг катта қисми ҳам киради. Бу лахтак турли конструкциядаги махсус дерматомлар пайдо бўлганидан сўнг кенг қўллана бошлади (Расм 119).
Учинчи тури – қалинлиги 0,8 мм. дан ортиқ бўлган қалин лахтак(тўлиқ қаватли), у терининг ҳамма қаватини ўз ичига олади. Юпқа ва ажратилган тери лахтаги олинганида донор майдонининг битиши (эпителизацияси) тери дериватлари эпителийси (ёғ ва тер безлари, соч фолликулалари) нинг ўсиши ҳисобига бўлади. Тўла қатламли тери лахтаги олинган донор майдонида ҳосил бўлган нуқсон пластик аралашув йўли орқали бартараф этилади.
Лахтакнинг ҳар хил турини қўллаш ўз кўрсатмаларига эга. Терининг яшовчанлиги унинг қалинлик даражасига боғлиқ. Шундай қилиб, юпқа лахтаклар – яхши, қалинлари эса – ёмон битади. Ҳар бир ҳолатда хирург қандай усулни қўллаш афзаллигини олдиндан ҳисобга олиши керак. Терининг юпқа лахтаклари кўп холларда эстетик талабларга жавоб бермаганлиги туфайли улар, асосан куйиш даврида ҳосил бўладиган жарохат майдонларини беркитиш ва оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватлари нуқсонларини тиклашда кенг қўлланилади. Юз соҳасидаги бошқа тери нуқсонларини тиклашда кўпроқ ажратилган ёки тўлиқ қаватли тери лахтаги ишлатилади.
Тери пластикаси бирламчи, иккиламчи ва грануляция устига тери кўчириб ўтқазиш кўринишида бўлади.
Расм 118. Тери лахтаги олиш учун асбоблар ва тўлиқ тери лахтаги.
Расм 119. Эркин тери лахтаги воситасида ўтказилган юз пластикаси.
Бирламчи тери пластикаси терининг ўткир жароҳат ёки оператив ҳаракатлар туфайли пайдо бўлган юза нуқсонларини беркитиш учун қўлланилади. Бирламчи терининг эркин пластикаси кўп ҳолларда тиклов операцияларининг таркибий қисми бўлиши ёки тери пластикасининг бошқа усуллари билан бирга ишлатилиши мумкин.
Иккиламчи эркин тери пластикаси, иккиламчи йўл билан битаётган тери жароҳатлари юзасидаги грануляцион тўқималарни олиб ташлашдан кейин ҳосил бўлган жароҳат майдонида ўтказилади. Грануляциялар тўлиқ олиб ташланиши керак. Терини эркин кўчириб ўтқазиш кўп ҳолларда куйишларни даволашда қўлланилади ва бунда кўпроқ юпқа тери ишлатилади. Юз ва бўйинга, одатда, нуқсон шакли ва ўлчамига мос келадиган ягона лахтак кўринишидаги тери кўчирилади.
Тоғайни кўчириб ўтқазиш. Тиклов хирургияси амалиётида контур ёки таянч пластика мақсадида тоғай тўқимаси кенг қўлланилади. Тоғай қулай ва яхши пластик материал ҳисобланади, чунки пичоқ билан осон ишлов берилади ва у махсус биологик хусусиятларга эга (қон томирсиз тўқима бўлиб, тўқима суюқликларининг диффузияси орқали озиқланади). Тоғайдаги алмашинув жараёнлари жуда секин кечади ва у инфекцияларга етарли даражада чидамли бўлади.
Тоғай тўқимасини кўчириб ўтқазишнинг асосий манбаи қовурға тоғайи ҳисобланади.
Тоғайни эркин кўчириш асосан юз-жағ хирургиясида, оториноларингологияда ва ортопедияда кенг қўлланилади.
Тоғай тезда шаклга киради ва унга тезлик билан керакли шаклни бериш мумкин бўлади. Нуқсоннинг катталигига қараб, тоғай қисмлаб ёки бутун кўринишда ишлатилади.
Юз тиклов хирургиясида тоғайни ишлатишга бўлган кўрсатмалар сифатида: қулоқ супраси ва бурун қанотларининг нуқсони, бурун тўсиғининг йўқлиги, ёноқ суяги шаклининг бузилиши,орбита деворининг нуқсони, пастки жағнинг ривожланмай қолишида юзага келадиган асимметрия ҳолати (контур материал) ни кўрсатиб ўтиш мумкин.
Катта нуқсонларни бартараф этиш учун тоғайни майда кўринишда ишлатиш лозим. Бунинг учун тортилган ҳамма юмшоқ тўқима кичик кесмалар билан ажратилади ва уларнинг ораси майдаланган тоғай тўқимаси билан тўлдириб чиқилади. Кесилган юмшоқ тўқима тикилади ва тоғай ташқи томондан босилиб, юзнинг талаб қилинган рельефи шакллантирилади.
С. А. Проскуряков ва А. А. Лимберг револьвер тузилишидаги шприцни таклиф қилишди, бу шприц билан бўтқасимон тоғай игна орқали босим остида тўқимага киргизилади ва керакли шакл пайдо қилинади. Шу усул ёрдамида қулоқ чиғаноғининг скелети пайдо қилинади ва бурун бел соҳасидаги ботиқлик йўқотилади.
Тоғайни эркин кўчириш пастки жағнинг унчалик катта бўлмаган нуқсонларини бартараф этишда ҳам ишлатилади. Суяк охирлари билан бирлашган тоғай тўқимаси янги муҳитга ўтади ва сифат жиҳатидан ўзгаради – у қаттиклашади, ҳажм жиҳатдан катталашиб, пастки жағ функциясини тўлиқ тиклайди.
Мурдадан олинган тоғай тўқимаси ҳозирги кунда хирургик стационарларда кенг қўлланилмоқда. Мурдадан олинган янги тоғай тўқимаси стерил Рингер - Лок эритмасига солинади ва музлатгичда +40С да сақланади. Ҳар 2-3 кунда суюқлик алмаштириб турилади. Шундай қилиб, 3 ҳафталардан кейин тоғай трансплантация учун тайёр бўлади.
Достарыңызбен бөлісу: |