Филатов бандли лахтаги воситасида ўтказиладиган пластика. В. П. Филатов 1917 йилда «Офтальмология ахборотномаси»да чоп этилган «Думалоқ банд ёрдамидаги пластика» мақоласида бандли лахтакдан рак ўсмаси олиб ташлангандан кейинги пастки қовоқ нуқсонини бартараф этишда фойдаланганини эълон қилди.
Ҳозирги вақтда Филатовнинг банд лахтаги бутун дунёда кенг қўлланилмоқда. Амалий жиҳатдан пластик хирурглар бу усул орқали юзнинг ҳар қандай жойидаги ва ҳар қандай катталикдаги нуқсонни беркитиш имконига эга бўлишди.
Бандли лахтак кўпгина ижобий хусусиятларга эга ва бошқа пластик операциялардан афзаллик хусусиятлари билан ажралиб туради. Бу хусусиятлар орасида энг эътиборга молик жиҳати лахтакнинг чандиқли соҳада яхши битишидир. Ундан ташқари, бандли лахтак чандиқли тўқимага яхши таъсир кўрсатади ва ўша соҳани юмшатиб, унинг ташқи кўринишини ўзгартиради. Банд нуқсон соҳасига кўчирилганида ўша жойдаги лимфа ва қон томир тўрини кучайтириб, қон айланишини яхшилайди ва маҳаллий модда алмашинувини кучайтиради (Ф. М. Хитров (1984). Лекин бандли лахтакнинг энг афзаллик томони шундаки, уни тананинг хоҳлаган жойида шакллантириш мумкин ва банд оёқчалари миграциясини тўқималар трофикасининг иложи борича энг кам бузилиши асосида ўтказиш мумкин.
Филатов бандини шакллатиришни 3 хил тури фарқланади:
Иккита озиқлантирувчи оёқчали оддий банд («жомадон дастаси» кўринишида), банднинг бўйининг энига нисбати 3:1. Филатов банди оёқчаларининг кўчирилиши «ғоз қадами» усули билан амалга оширилади.
«Тезлаштирилган» банд, бунда банднинг бир оёқчаси бирданига билакка ўтқазилади, банднинг бўйининг энига нисбати 2:1;
«Ўткир банд». Бунда банднинг бир оёқчаси бирданига нуқсон соҳасига кўчириб ўтқазилади, банднинг бўйининг энига нисбати 1,5:1.
Бандни ҳосил қилиш учун жой танлаш ва шакллантириш. Филатов бандини шакиллантиришнинг бир нечта усуллари мавжуд. Бандни ҳосил қилиш учун жой танлашда қатор омилларга эътибор бериш лозим, шулардан асосийлари: нуқсон катталиги, тери ранги ва сочли қисм борлиги, терининг табиий захираси. Бунда бандни ҳосил қилишда шакллантирилаётган жойнинг нуқсон соҳасига яқин бўлишини ва кўчириш босқичлари сонини камайтиришни ҳам эътиборга олиш керак.
Филатов бандидан фойдаланилганда тиклов операциясининг ҳар бир босқичини тўғри режалаштириш керак бўлади. Анатомик аниқ ташхис қўйиб, анамнезда қуйидагиларни албатта эътиборга олиш керак: беморнинг умумий ахволи (умумий клиник текширишлар ўтказиш), оператив усулнинг аниқ режаси, ҳар хил ёрдамчи муолажалар (тиш протезларини тайёрлаш) ва бошқалар. Оператив даволашдан олдин банднинг керакли ўлчамини, бандни кейинги кўчириш босқичларини, беморнинг мажбурий ҳолатдаги муддатларини, бандни фиксациялаш шароитини, лахтакни кўчириб ўтқазишдан сўнг ишлатилган майдонни тиклашни аниқлаб, донор майдонида ҳосил бўладиган чандиқнинг жойлашиши ва унинг аъзолар фаолиятига таъсир қилмаслиги кўриб чиқилади. Нуқсон соҳасидаги шиллиқ қават ҳажми нуқсон соҳасидаги тери ҳажмига тенглаштирилади.
Шундай қилиб, режалаштиришда асосан пластик материал миқдорини аниқлаш, йўқотилган аъзони тиклаш босқичлари ва нуқсон четларини тайёрлашга жиддий эътибор берилади.
Бандни шакллантиришда елканинг ички юзаси, кўкрак қафаси ва қориннинг олдинги ён юзаси энг оптимал майдон ҳисобланади. Бу жойларда ҳаракатчан тери ва яхши намоён бўлган ёғ клетчаткасининг катта захираси мавжуд. Бундан ташқари, донор майдонининг чандиқли ўзгаришлари функционал ва эстетик бузилишга деярли олиб келмайди.
Юзнинг катта нуқсонларини бартараф этишда асосан қориннинг ён соҳасида банд ҳосил қилинади. Чунки бу соҳада терининг ортиқча қисми ва тери ости клетчаткаси кўп. Банд учун кўп материал керак бўлиб, лекин қорин соҳасида терининг тукли қисми жуда кучли ривожланган бўлса, у ҳолда материални кўкрак қисмида, қовурғага параллель равишда шакллантириш мумкин. Унча катта бўлмаган лахтакни елка ёки билак соҳасида шакллантириш мумкин. Бўйин ва бўғим соҳаларида бандни шакллантириш мақсадга мувофиқ эмас, чунки у эстетик талабга жавоб бермайди ва кейинчалик ҳосил бўлган чандиқ бўғим ҳаракатига тўсқинлик қилади. Елканинг орқа қисмида лахтак шакллантириш унчалик оммалашмади, чунки бу бемор учун ноқулай ҳисобланади.
Банд шакллантириш соҳасида терининг ортиқча қисми бурмани иккита бармоқ билан олиш орқали аниқланади. Ушбу усул билан тери-ёғ тутамининг максимал кенглиги аниқланади. Банд ҳосил қилинганда тери-ёғ қатлами бўйининг энига нисбати 3:1 бўлиши керак. Бундай нисбат банднинг тўлиқ озиқланиши учун етарли бўлади. Тезкор усулда банд тайёрланганда, яъни бандни шакллантириш даврида унинг бир оёқчаси нуқсон соҳасига кўчирилганда, бу нисбат 2:1га тенг бўлиши лозим.
Бандни ҳосил қилишда энг кўп ҳолларда Филатов усулидан фойдаланилади. Бандни ҳосил қилиш тери четларини керакли кенглик ва узунликда ажратиш билан бошланади. Унинг кенглиги 2 см дан 10 см гача, узунлиги эса 5 см. дан 40 см. гача бўлиши мумкин.
Терида керакли ўлчамларни белгилаб (оғриқсизлантиришгача), иккита параллель кесим фақат тери соҳасида кесилади. Тери қисқариши билан тери ости ёғ қавати кесилади. Агар пластика операцияси учун кўп миқдорда ёғ керак бўлса, ёғ қавати умумий қалинлиги бўйича, яъни фасция қаватигача ажратилади. Ажратишда ёғ қавати ҳамма қалинлиги бўйича бир хил бўлиши лозим. Бандда қон айланиш фаолияти бузилишининг олдини олиш учун тутамдан ташқари ёғ қаватини ажратмаслик керак. Агар бандда кўп миқдорда ёғ клетчаткаси бўлса ва тери ҳаддан ташқари тортилган бўлса, катталашувчи травматик шиш натижасида тўқималарнинг трофик бузилишлари келиб чиқиши мумкин (банднинг «бўғилиши» натижасида) ва шунда у некроз билан асоратланади. Агар бандга керакли микдорда тери ости ёғ клетчаткаси киритилмаса, қон томирларида, айниқса, веналарда «бужмайиш» ҳолати юзага келади. Ундан ташқари, банд ўрталарида ҳосил бўлган эркин бўшлиқларда гематома ва унинг йиринглаш эҳтимоли кузатилиши мумкин.
Иккита озиқланувчи оёқчали тери-ёғ тутами ҳосил қилинганидан кейин, жароҳат четлари мобилизация қилинади ва яхшилаб гемостаз ўтказилади. Донор соҳасига (оёқча асоси ва марказ соҳасига) учта ипак чок қўйилади ва ундан кейин тери-ёғ тутами бандга ўралади ҳамда жароҳат соҳаси тикилади. Агар жароҳат соҳаси тикилганда тери тортилиш ҳолати юзага келса, у ҳолда бўшаштирувчи кесмалар ўтказилади. Бандни ҳосил қилиш операцияси боғлам қўйиш билан тугатилади (Расм 116).
Банд мацерациясининг олдини олиш учун унинг остига 3-4 қаватли дока салфетка қўйилади. Банд 2-3 қаватли енгил докали боғлам билан ўралади ва клеол ёки пластир билан маҳкамланади. Банд босилиб қолмаслиги учун бинтланмайди.
Филатов банди шакллантирилганда донорлик майдонининг ҳаддан ташқари тортилишини кўриш мумкин. Айрим ҳолларда бандни «жомадон дастаси» кўринишида шакллантирилаётганда, ундаги чоклар чизиғи «она майдони» даги чокларга тўғри келади. Бу камчиликлар банднинг ва донор майдонининг трофик бузилишларига сабаб бўлади ва қуйидаги турли хил асоратларга, яъни: чокларнинг ечилиб кетиши ва йиринглашига, шунингдек, қисман ёки тўлиқ некрозларга олиб келади. Бундай асоратларнинг келиб чиқишида, асосан, операция режасида йўл қўйилган хатолар, тўқималарнинг нотўғри танланган нисбати, техник хатолар, қўпол ва тўқимани сиқиб қўювчи чоклар, шунингдек, интоксикация, нур ва кимё терапиясидан кейинги ҳолатлар сабабчи бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда банд жароҳати соҳасида сарамас (юқумли тери касаллиги) кузатилади ва бу ҳолат стрептококк флорасининг кириши ва тери бактерицид фаоллигининг пасайиши билан боғлиқ бўлади.
Филатов бандини шакллантиришни мукаммаллаштириш учун унинг ҳар хил усуллари таклиф этилган. Улардан айримлари донор майдонини ва бандни озиқлантирувчи оёқчаларнинг асослари ҳаддан ташқари тортилишини чекласа, бошқалари банд ва «она майдони» соҳасида жойлашган чок чизиқлари бир-бирига тўғри келмаслигини таъминлайди (Расм 117а).