Байланысты: Imom G\'azzoliy. Ihyou ulumid-din. Tafakkur kitobi (1)
www.ziyouz.com кутубхонаси
5
кўпайиб бориш йўли ўлим ёки бошқа монеълик туфайли тўсилади. Бу нарса илмлардан
фойдаланиш имкони бўлган ва фикр йўлини топган кишига тегишли. Аммо кўп одамлар
«сармояси» йўқлиги учун илмларини кўпайтира олмайдилар. «Сармоя» дегани илмлар адади
бўлиб, илмдан бошқа илм ҳосил қилинади. Қўлида мол-мулк бўлмаган киши фойда
ололмаслиги оддий ҳақиқат. Баъзан қўлида сармоя бўлса-да, лекин у киши тижоратни эплай
олмайди ва натижада фойда кўрмайди. Шунингдек, баъзан кишида илм сармояси мавжуд
бўлгани билан ундан қандай фойдаланиш усулини яхши билмайди. Фойда олиш ва унинг
йўлини билиш худди анбиёларда (уларнинг барчасига Аллоҳнинг саловоти ва саломи бўлсин)
бўлганидек, баъзан қалбдаги нури илоҳий туфайли туғма бўлади. Бу жуда ноёб ҳодиса. Баъзан
ўрганиш ва тажриба йўли билан ҳам ҳосил бўлади. Шуниси ҳаётда кўпроқ учрайди. Сўнг бу
илмлар сармояси мутафаккирни юзага чиқариб, унга бир самарани ҳосил этади. Бироқ
мутафаккир бу илмларнинг ҳосил бўлиш кайфиятини сезмайди ва тажриба камлиги боис бу
илмларни изоҳлашга қодир эмас.
Шундай инсонлар борки, улар бу дунёдан охиратнинг афзал эканини аниқ биладилар. Аммо
билиш сабаби ҳақида сўралса, уни тушунтириб, изоҳлаб бера олмайди. Шунга қарамасдан,
ундаги бу илм фақат олдинги икки илм туфайли ҳосил бўлганини кўриш мумкин. У икки илм
боқий қолувчи нарсани афзал кўриш ва охиратни бу дунёдан боқийроқ, деб англашдир.
Шундан сўнг учинчи илм — охиратни афзал кўриш авло деган фикр пайдо бўлади.
Энди фикр самарасига келсак, у илм, ҳол ва амаллардан иборат. Лекин фикрнинг хос
самараси илм бўлиб, ундан бошқа нарса эмас. Ҳа, агар қалбда илм ҳосил бўлса, қалб ҳолати
ўзгаради. Қалб ҳолати ўзгарса, аъзолар фаолияти ҳам ўзгаради. Амал ҳолга тобеъ, ҳол илмга
тобеъ, илм фикрга тобеъдир. Демак, фикр барча яхшиликлар учун асос ва калитдир. Шу нарса
сенга тафаккур фазилати не эканини кашф этади. Шу боис тафаккур зикр ва тазаккурдан
афзал саналади. Чунки фикр зикр ва кўпайиб бориш деганидир. Қалб зикри аъзолар амалидан
яхшироқ ҳисобланади. Чунки амал қалбдаги зикр туфайли пайдо бўлган. Демак, тафаккур
ҳамма амаллардан афзал туради. Шунинг учун ривоятда бир соатлик тафаккур бир йил ибодат
қилишдан яхшироқ, дейилган. Бошқа бир ривоятда тафаккур ёмон амалларни яхши амалларга,
хоҳиш ва ҳирсни зуҳд ва қаноатга кўчиради, дейилади. Яна бир ривоятда у мушоҳада ва
тақвони вужудга келтиради, дейилган.
Шунинг учун Аллоҳ таоло: